Супер-контракт нархлари: таълим учун қўшимча тўлов қанча туради?
Олий таълим муассасаларида контракт ва супер-контракт нархлари йўналишларга қараб 22 млн сўмдан 300 млн сўмгача бўлган суммани ташкил қилмоқда. Vaqt.uz университетларда ўқиш пули қандай миқдорларда шаклланганини ўрганди.

2026/2027-ўқув йили учун Ўзбекистон олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган 677,9 минг абитуриентдан 209,1 минг нафари талабаликка тавсия этилди. Демак, рўйхатдан ўтганларнинг қарийб 30,8 фоизи талаба бўлган. Бу эса 468,8 минг ёки қарийб 70 фоиз абитуриент талаба бўла олмаганини англатади.
Талабаликка тавсия этилмаган абитуриентларнинг аксариятида табақалаштирилган тўлов-контракт, яъни супер-контракт асосида ўқиш имконияти мавжуд.
Кимлар супер-контракт асосида ўқиши мумкин?
Супер-контракт асосида ўқиш учун минимал балл 56,7 ни ташкил қилади, бундан паст тўплаганлар супер-контрактда ўқиш учун ариза беролмайди. Шундай қилиб, кириш имтиҳонида камида 56,7 балл тўплаган, аммо ўзи танлаган йўналиш бўйича тўлов-контракт асосидаги қабул чегарасига 4,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун супер-контрактнинг базавий миқдорлари белгиланган.
Етмаётган балл ошгани сари тўлов миқдори ҳам кўпаяди:
● ўтиш балига 1,05 баллгача етмаганлар базавий контрактнинг 1,5 бараварини;
● 1,06–2,05 баллгача етмаганлар 2 бараварини;
● 2,06–3,05 баллгача етмаганлар 2,5 бараварини;
● 3,06–4,05 баллгача етмаганлар эса 3 бараварини тўлайди.
Ўтиш балидан анча паст балл тўплаганлар учун эса университет ўзи нарх таклиф қилиши ёки қабул қилмаслиги мумкин.
Бироқ юқоридаги тўлов қийматлари барча абитуриентлар учун амал қилмайди. Молиявий мустақилликкa эга ОТМлар табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорини ўзлари белгилайди. Шу боис супер-контракт нархлари университет ва таълим йўналишига қараб фарқ қилади.
Масалан, Ўзбекистон Миллий университетида 2026/2027-ўқув йили учун табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорлари тасдиқланган. Университетда энг юқори супер-контракт Юриспруденция йўналиши учун 99 млн сўм бўлиб, бу сумма ушбу йўналиш бўйича 12 млн 375 минг сўмлик базавий контрактнинг 8 бараварига тенг. Яъни, супер-контракт асосида ўқишни танлаган абитуриент оддий контракт тўловидан 87 млн 625 минг сўм кўпроқ тўлайди.
Қуйидаги жадвалда топ университетлар кесимида энг юқори супер-контракт миқдорларини кўришингиз мумкин:

Кўриб чиқилган 10 та олий таълим муассасаси орасида энг қиммати Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Юриспруденция йўналишда ўқиш учун супер-контракт нархи 303 миллион 750 минг сўм туради. Ундан кейин Тошкент давлат юридик университетининг Юриспруденция йўналиши (269 миллион 960 минг 400 сўм) турибди.
Энг арзон йўналиш эса Тошкент архитектура ва қурилиш университетидаги Менежмент бўлиб, унинг нархи 60 миллион 400 минг сўм. Энг қиммат йўналиш энг арзонидан қарийб 5 баравар қиммат.
Бир хил йўналишнинг ўзида ҳам нарх университетга қараб ўзгаради. Масалан, Юриспруденция йўналиши Ўзбекистон Миллий университетида 99 миллион сўм бўлса, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида 303 миллион 750 минг сўм, яъни уч баравардан кўп. Даволаш иши йўналиши Тошкент давлат тиббиёт университетида 105 миллион сўм, Самарқанд давлат тиббиёт университетида эса 157 миллион сўм. Менежмент йўналиши Тошкент ахборот технологиялари университетида 99 миллион сўм, Тошкент архитектура ва қурилиш университетида 60 миллион 400 минг сўм.
Супер-контракт учун таълим кредити бериладими?
Таъкидлаб ўтиш жоиз, супер-контракт тўловини қоплаш учун таълим кредити ажратилмайди. Шу сабабли супер-контракт асосида ўқишга киришни режалаштираётган абитуриентлар биринчи йилги тўловни ўз ҳисобидан амалга оширади.
Кейинги курсларда талаба оддий тўлов-контракт асосида кундузги таълимни давом эттирса, таълим кредити олиш учун мурожаат қилиши мумкин. Бунда кредит ажратилиши амалдаги талаблар, жумладан, талабанинг ўзлаштириш кўрсаткичи ва бошқа белгиланган шартларга боғлиқ. Демак, университет танлашда фақат супер-контракт миқдорини эмас, балки кейинги йиллардаги контракт тўловини ва уни қоплаш имкониятларини ҳам ҳисобга олиш лозим.
Теглар






