
Туркий дунё «Qanun» ва «Qamus» орқали тил бирлигини мустаҳкамламоқда
TÜRKPA ишга туширган янги рақамли лойиҳалар — «Qanun» ва «Qamus» («Қонун» ва «Қомус») туркий мамлакатлар ўртасида ҳуқуқий ва тил бирлигини ривожлантиришга хизмат қилади.

Туркий давлатлар парламентлари ассамблеяси (TÜRKPA) туркий мамлакатлар ўртасида парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тил бирлигини ривожлантириш мақсадида «Qanun» ва «Qamus» деб номланган икки муҳим рақамли лойиҳани ишга туширди, деб хабар бермоқда TRT Haber.
TÜRKPA Бош котиби Буюк элчи Меҳмет Сурайё Эрнинг маълум қилишича, мазкур лойиҳалар туркий дунё учун умумий рақамли платформани яратиш ва умумий хотира шакллантиришга қаратилган.
«Qanun» лойиҳаси орқали Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг ҳуқуқий базалари ягона электрон тизимда жамланади. Тизим туркча, озарбойжонча, қозоқча, қирғизча ва инглиз тилида ишлайди. Унда ҳужжатларда излаш, саралаш, белгилаш ва шахсий иш файлларини яратиш имкониятлари мавжуд.
Бу тизим ҳуқуқий матнларни таҳлил қилиш, қиёсий таҳлил ўтказиш ва умумий ҳуқуқий ёндашувларни шакллантиришда туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиради.
«Qamus» лойиҳаси эса туркий тилларнинг луғат бойлигини қиёсий таҳлил қилиш имконини беради. Унда ўзбекча, туркча, озарбойжонча, қозоқча, қирғизча, туркманча, бошқирдча, татарча ва уйғурча тиллар қамраб олинган. Бу лойиҳа мустаҳкам академик манбалар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, «Мисолли катта туркча луғат» билан интеграция ишлари бошланган.
«Qamus» орқали сўз маъноларини излаш, манбаларни филтрлаш, кўп тилли таҳлил ва луғатлар ўртасидаги мувофиқликни таъминлаш мумкин бўлади.
2023 йилда бошланган ушбу рақамли ислоҳотлар TÜRKPAнинг «Тилда, фикрда ва ишда бирлик» шиори асосида амалга оширилмоқда. Меҳмет Сурайё Эрга кўра, платформаларнинг ишлаши учун ҳеч қандай ўрнатиш ёки рўйхатдан ўтиш талаб этилмайди — turkpa.org, qanun.turkpa.org ва qamus.turkpa.org сайтлари орқали тўғридан тўғри фойдаланиш мумкин.





