Ўқитувчиларнинг аттестация иши судда кўриб чиқилди
Тошкентда беш нафар она тили ва адабиёт ўқитувчиси Мактбача ва мактаб таълими вазирлигини аттестация имтиҳонларидаги камчиликлар учун судга берди. Улар имтиҳон жараёнида техник носозликлар, адолатсиз саволлар, вақтнинг нотўғри тақсимланиши ва ҳатто тўғри жавоби йўқ саволлар учраганини билдирди. Шунингдек, «Х варианти» саволлари олдиндан тарқатилгани ҳақида шубҳалар айтилди.
Судда ўқитувчилар имтиҳонлар қайта ўтказилиши, маънавий зарар ҳамда харажатлар қопланишини талаб қилди. Адвокат имтиҳон жараёнини текшириш учун вазирликдан «лог файл»ларни талаб қилди, бу ҳужжатлар асосий далил бўлиши мумкинлиги таъкидланди. Вазирлик эса айбловларни рад этиб, саволлар белгиланган талабларга жавоб берганини билдирди. Суд ишни мустақил экспертлар кўмагида ўрганишга қарор қилди ва кейинги мажлис 4 сентябрга белгиланди.
ЖЧ-2026 олдидан: Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлигига номзодлар кимлар?
Ўзбекистон миллий жамоаси илк бор Жаҳон чемпионатига чиққани муносабати билан ЎФА тажрибали мураббий излашга киришди. Асосий номзодлардан бири сифатида Португалия ва Жанубий Корея термаларини бошқарган Паулу Бенту тилга олинмоқда. Шу билан бирга, Германияни 2014 йилда жаҳон чемпиони қилган Йоахим Лёв ҳам таклиф этилган, аммо у рад жавобини берди.
Лёвнинг рад этишига шахсий сабаблар, жумладан рафиқасининг позицияси ва Германияда тинч ҳаёт кечириш истаги сабаб бўлгани хабар қилинди. Шунингдек, Туркия термаси собиқ устози Фатиҳ Терим билан ҳам музокаралар ўтказилган, бироқ ҳозирча келишувга эришилмаган. Хозирги пайтда Паулу Бенту Ўзбекистон миллий жамоасини бошқариши мумкин бўлган асосий номзод сифатида кўрилмоқда.
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Осиё чемпионатидан четлатилди
Тошкентда ўтаётган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон гандбол терма жамоаси мусобақадан четлатилди. Осиё гандбол федерацияси қарорга жамоа таркибидаги айрим ўйинчилар ҳужжатларида ноаниқликлар аниқланганини сабаб қилиб кўрсатди. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг гуруҳдаги барча натижалари бекор қилинди.
Ўзбекистон гандбол федерацияси эса қарорга рози эмаслигини билдириб, Халқаро гандбол федерациясига апелляция хатини йўллади. Федерациянинг таъкидлашича, терма жамоа ўз ҳақ-ҳуқуқини қонуний тарзда ҳимоя қилиш ниятида.
Тошкент вилоятида бир нечта ҳибсхона ёпилди
Омбудсман ташаббуси билан ўтказилган мониторинглар натижасида Тошкент вилоятидаги бир нечта вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида қонунбузилиш ва санитария талабларига зид ҳолатлар аниқланди. Шу сабабли Чиноз, Қибрай ва Юқоричирчиқ туманларидаги ҳибсхоналар фаолияти Ички ишлар вазири буйруғи билан тўхтатилди.
Маълумотларга кўра, Қуйичирчиқ тумани ҳибсхонасида шарт-шароитлар яхшиланиб, вентиляция тизими ва санитария нуқталари таъмирланган. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, кўрилган чоралар шахсларни сақлаш шароитларини қонунчилик ва инсон ҳуқуқлари талабларига мослаштиришга қаратилган.
Уч ҳафталик хитой компанияси икки олтин кони аукционида ғолиб чиқди
Август ойида рўйхатдан ўтган «Zhongcheng Mining» компанияси ортидан бор-йўғи уч ҳафта ўтиб, Навоий ва Бухоро вилоятларидаги икки йирик олтин кони бўйича аукционларда ғолиб чиқди. 26 август куни Навоий вилоятининг «Ойдинбулоқ» участкаси учун савдода компания 13,1 млрд сўм таклиф қилиб, бошланғич нархдан уч баробар кўп сумма таклиф этди. Бу ерда 1,3 тонна олтин ва 7,1 тонна кумуш захираси борлиги қайд этилган.
«Zhongcheng Mining» шунингдек 14 август куни Бухоро вилоятидаги «Четтик» участкаси учун ҳам 35,6 млрд сўмлик таклиф билан ғолиб чиққан. Бошланғич нархдан қарийб 9 баробар юқори бўлган бу лотдаги эҳтимолий олтин захиралари 4,57 тонна деб баҳоланган. Шу тариқа, атиги уч ҳафта аввал ташкил этилган компания қисқа вақт ичида икки йирик кондан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритди.