Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистон Футбол ассоциацияси Португалия ва Жанубий Корея терма жамоалари собиқ устози Паулу Бентуни терма жамоа бош мураббийлигига асосий номзодлардан бири сифатида кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда биринчи бўлиб Championat.asia нашри хабар берди. Худди шундай хабарни Football-Asian сайти ҳам эълон қилди.
Кимларнинг номзоди кўриб чиқилмоқда?
Ўзбекистон тарихда илк бор 2026 йилда АҚШ, Кaнада ва Мексикада бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати финал босқичига йўл олди. ЎФА жамоанинг жаҳон миқёсида рақобатбардош ўйинини таъминлай оладиган халқаро тажрибага эга мутахассис изламоқда.
2014 йилда Германия терма жамоасини жаҳон чемпиони қилган собиқ бош мураббийи Йоахим Лёвни таклиф қилишга уринишлар муваффақиятсиз якунланди — германиялик мураббий таклифни рад этди.
Bild нашри маълумотига кўра, Лёв Берлиндаги Ўзбекистон элчихонаси кўмагида мамлакат Футбол ассоциацияси вакиллари билан очиқ музокаралар ўтказган. У таклифни бир неча кун ўйлаб кўрган, аммо охир-оқибат рад этиш қарорини қабул қилган.
Рад этиш сабабларидан бири сифатида унинг турмуш ўртоғи Даниэлла Шмиднинг позицияси келтирилмоқда, рафиқаси турмуш ўртоғининг иш юзасидан бошқа мамлакатга кўчиб ўтишини эмас, балки тинч ҳаётда нафақада қолишини маъқул кўрган.
Tashkent Times манбасининг ёзишича, Лёв асосан Фрейбург яқинида, Жанубий Баден минтақасида яшашни истагани сабабли ҳам таклифни рад этган. У бутунлай воқеликдан узоқлашиб, тинч ҳаёт кечириш истагида эди.
65 ёшли Йоахим Лёв 2021 йил март ойида Германия терма жамоаси бош мураббийлигидан кетганидан бери ҳеч бир клуб ёки миллий жамоани бошқармаган. 2014 йилда у ФИФА томонидан «Йилнинг энг яхши мураббийи» деб тан олинган.
Шунингдек, Туркия терма жамоасининг собиқ устози Фатиҳ Терим билан ҳам музокаралар олиб борилган, аммо ҳозирча келишувга эришилмаган.
Фотиҳ Терим ким?
Фотиҳ Терим 1953 йил 4 сентябр куни Туркиянинг Адана шаҳрида туғилган. Футболчилик фаолиятини ҳимоячи сифатида бошлаган. У дастлаб «Adanaspor» сафида ўйнаган, кейинчалик эса ўзининг асосий фаолиятини «Galatasaray» клубида давом эттирган ва 11 йил мобайнида бу жамоанинг етакчи футболчиларидан бири бўлган. Шунингдек, Туркия терма жамоасида ҳам 50 дан ортиқ ўйинда майдонга тушган.
Терим футболчилик фаолиятида катта совринларга эриша олмаган бўлса-да, мураббийлик фаолияти уни Туркия футболининг энг буюк шахсларидан бирига айлантирди. Терим мураббийликни «Аnkaragücü» ва «Göztepe» клубларида бошлаган, 1993 йилдан эса Туркия U-21 терма жамоасига бош мураббий сифатида тайинланган.
Орадан кўп ўтмай у миллий терма жамоани бошқара бошлади ва 1996 йилда Туркия ўз тарихида илк марта Европа чемпионатига чиқди. 2005 йилдан яна терма жамоани қўлга олиб, 2008 йилги Европа чемпионатида Туркияни ярим финалга олиб чиқди ва шу орқали халқаро майдонда катта эътирофга сазовор бўлди.
Мураббий энг буюк муваффақиятларини «Galatasaray» билан қўлга киритган. У жамоани бир неча давр бошқарган ва жами 8 марта Туркия Суперлигаси чемпиони, бир неча марта мамлакат Кубоги соҳиби бўлган.
1999-2000 йилги мавсумда «Galatasaray»ни UEFA Кубоги ғолибига айлантириб, Туркия футболи тарихида илк ва ҳозирча ягона халқаро клуб совринини олиб келган. Шунингдек, ўша йили UEFA Суперкубогини ҳам қўлга киритди.
Терим 2000 йилда Италияга йўл олиб, «Фиорентина» ва кейинроқ «Милан»ни бошқарган, бироқ бу жамоаларда узоқ вақт фаолият юрита олмади. У кўпроқ ўзининг қаттиққўл ва жанговар руҳ сингдирувчи услуби билан танилган, футболчилардан интизом ва фидойилик талаб қилган, шу боис унга «Император» лақаби берилган.
2017 йилдан 2022 йилгача яна «Galatasaray»ни бошқарган Терим 2023 йилда қисқа муддат Юнонистоннинг «Panathinaikos» жамоасини ҳам бошқарди, аммо 2024 йил бошида истеъфога чиқди. У ҳозирги кунда янги клуб ёки терма жамоа билан шартнома имзоламаган бўлса-да, Туркия футболи тарихида ўчмас из қолдирган мураббий сифатида тан олинади.
Бентунинг карйераси
Паулу Бенту (Paolo Jorge Gomes Bento) — португалиялик футбол мураббийи ва собиқ футболчи. Профессионал футболда тўп сурган пайтларда Паулу таянч ярим ҳимоячи сифатида фаолият юритган, тўпни тортиб олиш ва ўйинни бошқариш унинг асосий фазилатлари бўлган. Футболчилик фаолиятида Португалиянинг «Estrela da Amadora», «Vitoria de Gimaraes», «Benfica» ва «Sporting SP» жамоаларида, шунингдек Испаниянинг «Real Oviedo» клубида ўйнаган. U Португалия терма жамоасида 35 та ўйинда иштирок этиб, 2000 йилги Европа чемпионати ва 2002 йилги Жаҳон чемпионатида қатнашган.
Мураббийлик фаолиятини 2005 йилда бошлаган. «Sporting SP», «Olympiakos», «Cruzeiro», «Chonqing Lifab» каби клублар ҳамда Португалия, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоаларини бошқарган. Энг йирик ютуқларидан бири — 2012 йилда Португалия терма жамоасини Евро-2012 ярим финалига олиб чиқиши ва 2022 йилги Жаҳон чемпионатида Жанубий Корея терма жамоасини плей-офф босқичига олиб чиқиши бўлган. 2023 йилда БАА миллий терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланган.
ОАВ маълумотларига кўра, Бенту билан музокаралар давом этмоқда ва у мураббийлик учун фаворитлар қаторига киради. Унинг турли футбол маданиятларидаги тажрибаси ва интизомни ўрнатиш қобилияти терма жамоага биринчи Жаҳон чемпионатида ёрдам бериши мумкин бўлган кучли томонлар сифатида кўрилмоқда, деб ёзмоқда нашрлар.
Бугунги кунда Ўзбекистон терма жамоасини Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA) томонидан ташкил этилаётган CAFA Nations Cup 2025 турнирига тайёргарлик кўраётган Темур Кападзе бошқармоқда. Тадбир 29 августдан 8 сентябргача бўлиб ўтади. Гуруҳ босқичи ўйинлари Ўзбекистон ва Тожикистон стадионларида, финал учрашуви эса Ўзбекистонда бўлиб ўтади. Дарвоқе, Тошкентдаги ўйинлар «Жар» стадиони ва янги қурилган Олимпия шаҳарчаси стадионларида ўтади. Маълумот учун ўйинлар тақвими:
Ўзбекистон жойлашган «А» гуруҳидаги учрашувлар:
30.08. Қирғизистон – Туркманистон, Ўзбекистон – Ўмон.
02.09. Ўмон – Қирғизистон, Туркманистон – Ўзбекистон.
05.09. Туркманистон – Ўмон, Ўзбекистон – Қирғизистон.
Тожикистонда ўтадиган «B» гуруҳидаги учрашувлар:
29.08. Эрон – Афғонистон, Тожикистон – Ҳиндистон
01.09. Ҳиндистон – Эрон, Афғонистон – Тожикистон.
04.09. Афғонистон – Ҳиндистон, Тожикистон – Эрон.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.