Тошкент вилоятида бир нечта ҳибсхона ёпилди

10:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Омбудсман ташаббуси билан ўтказилган мониторинглар натижасида Тошкент вилоятидаги бир қатор вақтинча сақлаш ҳибсхоналари фаолияти тўхтатилди.

Qamoqxona

2025 йил июн ойида Омбудсманнинг минтақавий вакили ва жамоатчилик гуруҳлари томонидан Қуйичирчиқ ва Чиноз туманлари ИИБ ҳибсхоналарига ташриф уюштирилиб, қатор камчиликлар аниқланган эди. Улар юзасидан Ички ишлар вазирлигига расмий тақдимнома киритилган.

Маълумотларга кўра, Қуйичирчиқ тумани ҳибсхонасида вентиляция тизими, радиоэшиттириш қурилмалари ўрнатилиб, камералар зарур жиҳозлар билан таъминланди. Шунингдек, сайр ҳовлиси ва санитария нуқталари таъмирланиб, гигиена талабларига мослаштирилди.

Бироқ санитария ва гигиена қоидаларига зид ҳолатлар туфайли Чиноз, Қибрай ва Юқоричирчиқ туманларидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари фаолияти Ички ишлар вазирининг 2025 йил 21 июлдаги буйруғи билан тўхтатилди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ушбу чоралар шахсларни сақлаш шароитларини қонунчилик ва инсон ҳуқуқлари талабларига мослаштиришга қаратилган.

Аввалроқ Ўзбекистон қамоқхоналарида «Омбудсман қути»лари ўрнатилиб, маҳкумларга ўз шикоят ва мурожаатларини хавфсиз, махфий ва тўсиқсиз етказиш имкони яратилгани ҳақида хабар берган эдик.