
Доллар жамғаришдан воз кечаётган ўзбеклар, банкларнинг инсофсиз амалиётларига огоҳлантириш ва тик оёқда гаплашган Путин ҳамда Мирзиёев — 12 декабр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистонликлар пулларини долларда жамғаришдан воз кечмоқда — Марказий банк
Ўзбекистонда аҳоли ва бизнес долларда омонат сақлашдан тобора воз кечаётгани кузатилмоқда. Марказий банк тадқиқотига кўра, миллий валютага ишонч ошиши ва инфляция барқарорлашуви туфайли долларлашувнинг табиий даражаси 2020 йилдаги 24,5 фоиздан 2025 йил октябрида 17,8 фоизга тушган. Унинг узоқ муддатли табиий кўрсаткичи ҳам 19,3 фоиз этиб баҳоланмоқда. Бу аҳоли тажрибасидаги қадрсизланиш хавфининг сусайиши ва сўмда омонат сақлашга қайтиш жараёнини акс эттиради.
Тадқиқотда айтилишича, алмашув курсининг тебранувчанлиги ошган бўлса-да, 2025 йилда нархлар кескин ўсмагани миллий валютадаги омонатларга ишончни мустаҳкамлаган. Муддатли депозитларда доллар улуши юридик шахсларда 2019 йилги 48,2 фоиздан 20,5 фоизга, жисмоний шахсларда эса 32,6 фоиздан 22,5 фоизгача камайган. Марказий банк фикрига кўра, долларлашувнинг пасайиши макроиқтисодий барқарорлик ва монетар сиёсат самарадорлигини кучайтирувчи омил бўлади.
Жаҳон банки таълим кредити учун Ўзбекистонга 250 млн доллар ажратди
Маблағлар олий, техник ва касб-ҳунар таълимида талабаларни молиялаштириш тизимини тубдан янгилашга қаратилган «EduImkon» дастурига йўналтирилади. Дастур 2026–2028 йилларда амалга оширилиб, мамлакат бўйлаб 600 мингга яқин ёш учун таълим кредитларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириши белгиланган.
Жаҳон банки маълумотига кўра, ажратиладиган маблағларнинг 80 фоизи кам таъминланган оилалар фарзандлари ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. «EduImkon» доирасида кредит аризаларини кўриб чиқиш тизими соддалаштирилади, тўлиқ онлайн платформа жорий этилади ҳамда вазирлик ва идоралар ўртасидаги мувофиқлашув кучайтирилади. Бу орқали кредит ажратиш жараёнида тезлик, шаффофлик ва таҳлил имкониятлари оширилиши кўзда тутилган.
Марказий банкдан барча тижорат банкларига огоҳлантириш
Марказий банк айрим тижорат банклари мобил иловалар орқали истеъмолчиларни мажбурий оферталарга рози бўлишга мажбурлаётгани, бир нечта хизматнинг шартларини бирлаштириб, фойдаланувчига асоссиз розилик олмоқдаги амалиётларини аниқлади. Регуляторга кўра, кўп саҳифали «бош оферта»лар мижозни ўз хоҳишидан ташқари хизматларга рози бўлишга олиб келмоқда, бу эса кейинчалик банк–мижоз муносабатларида низоларга сабаб бўлиши мумкин.
Шунингдек, айрим банкларда кредит карталаридаги муддати ўтган қарздорлик бўйича автоматик блокировка ва маблағ киритилгандан кейин ҳам асоссиз комиссия ундириш ҳолатлари кузатилган. Марказий банк бу амалиётларни адолат ва инсоф тамойилларига зид деб баҳолаб, банклардан оферталарни фақат танланган хизматга доир равшан шартлар билан тақдим этишни, мижозни бошқа хизматларга мажбур қилмасликни ва комиссияларни белгилашда шаффофликка қатъий риоя этишни талаб қилди.
Мирзиёев ва Путин Ашхободда тик оёқда суҳбат қурди
Ашхободда ўтаётган Халқаро тинчлик ва ишонч йили, Халқаро бетарафлик куни ҳамда Туркманистоннинг доимий бетарафлигининг 30 йиллигига бағишланган форум бошланиши олдидан Россия президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев қисқа мулоқот ўтказди. РИА Новости хабар қилишича, президентлар умумий суратга тушиш маросимидан сўнг бир неча дакиқа гаплашиб олишган.
Маълумотларга кўра, Путин ва Мирзиёев маросимдан кейин биргаликда мажлис залига йўл олган ва шу пайтда ўзаро фикр алмашишга муваффақ бўлган. Президентлар бир-бирини қучоқлаб қўйишган.
Ўзбекистонликлар асосан қайси хорижий мамлакатларда таълим олмоқда?
Миллий статистика қўмитасига кўра, 2025 йил январ–октябр ойларида 26,4 минг нафар Ўзбекистон фуқароси ўқиш мақсадида хорижга сафар қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,1 минг нафарга камайган бўлиб, пасайиш 18,9 фоизни ташкил этди.
Қайд этилишича, энг кўп — 5 863 нафар ўзбекистонлик талаба Россияда ўқимоқда. Тожикистонга борганлар сони ҳам деярли шунга яқин, у ерда 5 761 нафар талаба таҳсил олмоқда. Жанубий Корея 3 344 нафар талабани жалб этган бўлса, Қирғизистонни 3 835 нафар фуқаро танлаган.
Шунингдек, Туркия (2 256 нафар) ва Хитой (1 186 нафар) ҳам ўқиш учун машҳур йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Қозоғистонда ўқиётганлар сони эса 1 014 нафарни ташкил этди.





