
Ўзбекистонликлар асосан қайси хорижий мамлакатларда таълим олмоқда?
2025 йилда чет элда таҳсил олаётган ўзбекистонликлар сони ўтган йилга нисбатан 6,1 минг нафарга камайди.

Миллий статистика қўмитасига кўра, 2025 йил январ–октябр ойларида 26,4 минг нафар Ўзбекистон фуқароси ўқиш мақсадида хорижга сафар қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,1 минг нафарга камайган бўлиб, пасайиш 18,9 фоизни ташкил этди.
Қайд этилишича, энг кўп — 5 863 нафар ўзбекистонлик талаба Россияда ўқимоқда. Тожикистонга борганлар сони ҳам деярли шунга яқин, у ерда 5 761 нафар талаба таҳсил олмоқда. Жанубий Корея 3 344 нафар талабани жалб этган бўлса, Қирғизистонни 3 835 нафар фуқаро танлаган.
Шунингдек, Туркия (2 256 нафар) ва Хитой (1 186 нафар) ҳам ўқиш учун машҳур йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Қозоғистонда ўқиётганлар сони эса 1 014 нафарни ташкил этди.
Европа мамлакатлари орасида энг оммабоп йўналиш Буюк Британия бўлиб, бу ерга 839 нафар фуқаро ўқиш мақсадида борган. Германияда эса 366 нафар ўзбекистонлик талабалар таҳсил оляпти.
Маълумот ўрнида, 2025 йилнинг январ–октябр ойларида 33 287 нафар хорижлик фуқаро Ўзбекистонга ўқиш мақсадида келган. Улар орасида АҚШдан 429 киши, Буюк Британиядан эса 153 киши Ўзбекистонга ўқиш учун келган.





