
Жаҳон банки таълим кредити учун Ўзбекистонга 250 млн доллар ажратди
Бу маблағлар кейинги уч йил ичида 600 мингга яқин талабага таълим кредити олиш имкониятларини кенгайтириши кутиляпти.

Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонга 250 млн доллар кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Маблағлар олий, техник ва касб-ҳунар таълимида талабаларни молиялаштириш тизимини тубдан янгилашга қаратилган «EduImkon» дастурига йўналтирилади. Дастур 2026–2028 йилларда амалга оширилиб, мамлакат бўйлаб 600 мингга яқин ёш учун таълим кредитларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириши белгиланган.
Жаҳон банки маълумотига кўра, ажратиладиган маблағларнинг 80 фоизи кам таъминланган оилалар фарзандлари ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. «EduImkon» доирасида кредит аризаларини кўриб чиқиш тизими соддалаштирилади, тўлиқ онлайн платформа жорий этилади ҳамда вазирлик ва идоралар ўртасидаги мувофиқлашув кучайтирилади. Бу орқали кредит ажратиш жараёнида тезлик, шаффофлик ва таҳлил имкониятлари оширилиши кўзда тутилган.
Дастур доирасида таълим кредитлари бошқаруви ва операцион жараёнларига оид янги «йўл харитаси» амалга оширилади. Кам таъминланган оилалар ва хотин-қизлар учун махсус енгиллаштирилган мезонлар ишлаб чиқилади, меҳнат бозори эҳтиёжларига мос таълим йўналишларини, айниқса STEM соҳаларини танлаш рағбатлантирилади. Шунингдек, даромадига боғлиқ тўловлар тизимини жорий этиш орқали ўқишни тугатгандан кейин вақтинча ишсиз қолган талабаларни ҳимоя қилиш механизмлари синовдан ўтказилади.
2028 йил охирига қадар янгиланган тизимдан олий таълим муассасалари талабалари ва касб-ҳунар таълими ўқувчилари кенг фойдаланиши кутилмоқда.
Таълим кредитлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишув асосида ишлайдиган 12 тижорат банки орқали ажратилади. Бундан ташқари, «EduImkon» дастури 30 млн доллар хусусий капитални жалб қилиб, давлат бюджетига тушадиган юкни қисман камайтириши режалаштирилган.





