add

Ўзбекистонликлар пулларини долларда жамғаришдан воз кечмоқда — Марказий банк

Марказий банк эълон қилган тадқиқотда нега ўзбекистонликлар жамғармаларини долларда сақлашдан воз кечаётганлигининг сабаблари маълум қилинган.

Ўзбекистонликлар пулларини долларда жамғаришдан воз кечмоқда — Марказий банк

Ўзбекистонда долларлашувнинг табиий даражаси кейинги беш йилда барқарор равишда тушиб бормоқда. Бу ҳақда Марказий банк эълон қилган тадқиқотда келтирилган.

Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда миллий валютага ишонч ошиши натижасида аҳоли ва бизнеснинг долларда омонат сақлаш эҳтиёжи сезиларли даражада пасайган.

MVP (Minimum variance portfolio) модели асосида ҳисобланганда, 2020 йил бошида 24,5 фоизни ташкил этган табиий долларлашув даражаси 2025 йил октябрига келиб 17,8 фоизгача камайган. Учинчи йиллик силжиш даври бўйича аниқланган узоқ муддатли табиий даража эса 19,3 фоизни ташкил этмоқда. Бу натижалар аҳоли ва тадбиркорларнинг миллий валютадаги омонатларга қайтиб, долларда жамғаришни қисқартирганини кўрсатади.

Тадқиқотда инфляция барқарорлиги долларлашувни пасайтирган асосий омил сифатида қайд этилган. Миллий валюта қадрини сақлаб туриш имконияти ошгани аҳоли ишончини мустаҳкамлаган. Ўтган йиллардаги юқори инфляция ва доимий қадрсизланиш тажрибаси натижасида долларлашув юқори бўлган бўлса, сўнгги даврда валюта курсининг нисбатан барқарорлашуви бу тенденцияни ўзгартирган.

Шу билан бирга, алмашув курси тебранувчанлиги ошган бўлса-да, 2025 йилда нархларнинг кескин ўсиши кузатилмагани аҳолига миллий валютада омонат сақлашда қўшимча ишонч берган. Талаб қилиб олингунича депозитларда долларлашув ҳали ҳам юқори бўлиб турганига қарамай, муддатли депозитларда вазият кескин ўзгарган: 2019 йилда 48,2 фоизни ташкил этган юридик шахслар омонатларидаги доллар улуши 2025 йил ноябрига келиб 20,5 фоизгача тушган. Жисмоний шахсларда эса ушбу кўрсаткич 32,6 фоиздан 22,5 фоизга пасайган.

ХВЖнинг регионал ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон учун 2019 йилда долларлашувнинг табиий даражаси 16,5 фоиз деб баҳоланган. Жорий кўрсаткичлар ана шу мослашув нуқтасига яқинлашиб бораётгани аҳоли пул-кредит сиёсатини барқарор қабул қилаётганидан далолат беради.

Марказий банк хулосасига кўра, долларда омонат сақлаш эҳтиёжи камайиши макроиқтисодий барқарорликка хизмат қилади, чунки депозитлар таркибининг миллий валютага яқинлашиши монетар сиёсат таъсирини кучайтиради.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 11 декабрда Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш ҳақида қарор қабул қилган эди.

Теглар

Мавзуга оид