
Ҳеч ким қарз бермаган Ўзбекистон, бекор қилинган божлар ва ишламай қолган IQAir датчиклари — 3 декабр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Мактаб ва боғчалар қурилиши молияси маҳаллий бюджетлар зиммасига ўтади
Ўзбекистонда 2026 йилдан бошлаб мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим ҳамда ихтисослаштирилган мактаблар, шунингдек академик лицейларни сақлаш ва уларнинг инфратузилмасини модернизация қилиш молиялаштирилиши тубдан ўзгаради. Мазкур харажатлар энди Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бюджетлари ҳисобидан амалга оширилади. Бу орқали ҳудудларга таълим объектларини эҳтиёждан келиб чиқиб режалаштириш, қуриш ва таъмирлаш бўйича кенгроқ ваколат берилиши кўзда тутилмоқда.
Янги тартибга мувофиқ, мактаб ва боғчаларни лойиҳалаштириш, қуриш ёки реконструкция қилиш, шунингдек уларни капитал таъмирлаш учун маблағ ажратишда маҳаллий бюджетларнинг роли асосий даражага чиқади. Бу эса ҳудудлардаги демографик ўсиш, талаб ва мавжуд инфратузилма ҳолатини ҳисобга олган ҳолда аниқроқ қарор қабул қилиш имконини яратади.
Республика бюджети эса ҳудудларни қўллаб-қувватлашни давом эттиради. 2026 йилда Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бюджетларига жами 19,7 трлн сўм тартибга солувчи бюджетлараро трансферт ажратилиши режалаштирилган. Шунинг 3,6 трлн сўми акциз солиғи тушумлари ҳиссасига тўғри келади. Бу механизм маҳаллий бюджетлар барқарорлигини таъминлаш ва таълим инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини узлуксиз молиялаштиришга хизмат қилади.
Жамшид Қўчқоров: «Кўп йиллар бюджетни профицит билан бажарганмиз, бу яхши эмас»
Бош вазир ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 2023 йилда бюджет тақчиллиги кўрсаткичи ЯИМга нисбатан 5 фоизни ташкил этгани, 2026 йилда эса 59 трлн сўмлик тақчиллик 3 фоиз даражада бўлиши режалаштирилаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, номинал ўсиш реал вазиятни акс эттирмайди, муҳим мезон — ЯИМга нисбатдаги улушдир.
Вазирнинг айтишича, аввалги йилларда бюджетнинг профицит билан бажарилиши ислоҳотлар етишмаслиги туфайли мамлакат ташқи қарз олиш имкониятига эга эмаслиги билан боғлиқ бўлган.
«Биз кўп йиллар бюджетни профицит билан бажарганмиз. У зўрмиди? Соҳада узоқ йиллардан бери ишлаб келаётган одам сифатида «йўқ», деб жавоб беришга мажбурман. Чунки ўша пайтлар бюджет профицит билан бажарилганининг сабаби шуки, ўша бюджет тақчиллигини молиялаштиришга бизга ҳеч ким кредит бермаган».
Қўчқоровга кўра, катта тақчиллик юки мамлакат учун хавфли, бу борада Халқаро валюта жамғармаси ҳам 3 фоиз даражани энг мақбул чегара сифатида белгилаган. Бу кўрсаткич давлат қарзи ортишини мўтадиллаштириб, дефолт ёки банкротлик каби хавфларга йўл қўймайди. Шунингдек, мазкур даражадаги тақчиллик иқтисодиётни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон етти давлатдан импорт божларини бекор қилади
Ўзбекистон етти давлатдан қурилиш хомашёси импортига божларни бекор қилади. Президент Мирзиёев тасдиқлаган қарорга кўра, Саудия Арабистони, Қатар, Мўғулистон ва Марокаш, Жазоир, Тунис, Мисрдан олиб келинадиган цемент қўшимчалари, арматура ва минерал хомашё 2027 йилгача босқичма-босқич божсиз киритилади. Минерал хомашё ва асосий компонентлар импорти эса 2028 йил бошигача тўлиқ божсиз бўлади.
Ҳукумат қурилиш материаллари саноатини 62 трлн сўмлик қувватгача ошириш, экспортни 1,5 млрд долларга етказиш ва экологик, энергия тежамкор маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришни режалаштирган. 3,5 млрд долларлик янги лойиҳалар тайёрланмоқда, уларнинг параметрлари бир ойда белгиланади. Шунингдек, «Термиз» чегара пунктида хавфсизлик чоралари кучайтирилади ва қора металл экспорти учун талаблар енгиллаштирилади.
Фарғонада ҳаво сифати кўрсаткичларини онлайн намойиш қилиб турувчи IQAir датчиклари ишламай қолди
Фарғонада IQAir ҳаво сифати датчиклари қисқа вақт ишламай қолди. 2 декабрь куни онлайн кўрсаткичлар вақти-вақти билан янгиланмай, ижтимоий тармоқларда турли тахминлар пайдо бўлди. Айрим фойдаланувчилар бунни ҳаво ифлосланиши кескин ошгани билан боғлади.
Гидрометеорология хизмати раҳбари Шерзод Ҳабибуллаев Vaqt.uz’га ҳолат Ўзбекистон томонга боғлиқ эмаслигини, муаммо IQAir платформасидаги техник ўзгаришлар — сунъий интеллект жорий этилиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини билдирди. «Биз хусусий ўрнатилган датчикларни назорат қилолмаймиз, ўз станцияларимиз эса ишлаб турибди», деди у.
Фарғонада ҳаво ифлосланиши охирги кунларда рекорд даражада юқори бўлиб, 1093 кўрсаткичгача чиққан.
Фермерлар 2026 йилдан ижарага олган ерида қандай экин экишни ўзлари танлайди
Фермерлар экиладиган экин турини мустақил белгилайди, аукционда сотилмаётган ерлар бошланғич нархи 10 фоизга пасайтилади, қишлоқ хўжалигига катта имтиёзлар жорий этилмоқда. Жиззахдаги бўлиб ўтган сессияда Президент Шавкат Мирзиёев пахта-ғалла схемаларидаги чекловлар бекор қилиниб, фермерларга ерда қандай экин экишни мустақил танлаш ҳуқуқи берилишини маълум қилди. Давлат раҳбарининг қайд этишича, 10 минг гектар ер бир йилдан бери аукционда сотилмаётгани амалдаги талаблар фермерларни қизиқтирмаётганини кўрсатди.
2026 йилдан бошлаб бу тизим тубдан ўзгаради. Янги тартибга кўра, аукционга қайта қўйилган ерларнинг бошланғич нархи 10 фоизга пасайтирилади. Ер ижарасида тушган маблағлар эса тўлиқ инфратузилма — сув, электр, йўл ва саноат боғларига коммуникация тортириш учун йўналтирилади. Бу қишлоқ хўжалиги самарадорлигини сезиларли ошириши кутилмоқда.





