
Фермерлар 2026 йилдан ижарага олган ерида қандай экин экишни ўзлари танлайди
Фермерлар экиладиган экин турини мустақил белгилайди, аукционда сотилмаётган ерлар бошланғич нархи 10 фоизга пасайтилади, қишлоқ хўжалигига катта имтиёзлар жорий этилмоқда.

Жиззахдаги бўлиб ўтган сессияда Президент Шавкат Мирзиёев пахта-ғалла схемаларидаги чекловлар бекор қилиниб, фермерларга ерда қандай экин экишни мустақил танлаш ҳуқуқи берилишини маълум қилди. Давлат раҳбарининг қайд этишича, 10 минг гектар ер бир йилдан бери аукционда сотилмаётгани амалдаги талаблар фермерларни қизиқтирмаётганини кўрсатди.
2026 йилдан бошлаб бу тизим тубдан ўзгаради. Янги тартибга кўра, аукционга қайта қўйилган ерларнинг бошланғич нархи 10 фоизга пасайтирилади. Ер ижарасида тушган маблағлар эса тўлиқ инфратузилма — сув, электр, йўл ва саноат боғларига коммуникация тортириш учун йўналтирилади. Бу қишлоқ хўжалиги самарадорлигини сезиларли ошириши кутилмоқда.
Бахмалдаги боғдорчиликка алоҳида эътибор қаратилди. Туманнинг 14 минг гектар боғидан 4 минг гектари самарасиз ҳолатга келиб, гектарига ҳосилдорлик 10 тоннага ҳам етмаяпти. Шунинг учун 2026 йилда 1,5 минг гектар эски боғлар фақат сертификатланган кўчатлар асосида интенсив усулда тикланади. Бахмалда шаклланадиган боғдорчилик тажрибаси кейин бутун республикага татбиқ этилади.
Боғбонлар учун кенг кўламли имтиёзлар жорий этилмоқда: 7 йиллик, 14 фоиз ставкали, 3 йиллик имтиёзли даврга эга кредитлар, совуткичли омборлари учун ҳам базавий ставкадан 8 процентлик пунктгача компенсация берилади. Бу боғдорчилик тармоғини тўлиқ циклли саноатга айлантиришни мақсад қилади.
АҚШлик ҳамкорлар билан Зоминда паррандачилик бўйича йирик наслчилик корхонаси ташкил қилинмоқда. Ушбу кластерда 100 минг бош қувватдаги биринчи наслли она товуқ ва 9 миллион дона инкубaцион тухум ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу уникал лойиҳа республикада паррандачиликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Президент қишлоқ хўжалигига алоҳида эътибор қаратди.
Жиззах вилоятидаги жами 900 минг гектар лалми ва яйлов ерларининг 110 минг гектари захирада тургани, уларда озуқа, мойли экинлар экиш ва саноат боғларини яратиш орқали камида 20 минг одамни ишли қилиш мумкинлиги таъкидланди.
Яйловлардан самарали фойдаланиш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқиш топширилди. Шу билан бирга, кейинги йилдан яйловларда ер эгалари юқори даромадли экинлар экиб, ердан мақсадли фойдаланса, уларга ер солиғи 2 карра камайтириб берилади.
Шунингдек, вилоятдаги кўплаб чорвадор ва фермерлар озуқа ва мева-сабзавот етиштиришда сув насосига сарфланган электр учун субсидияни ҳар ойнинг бошида тўлаб беришни сўраган. Мутасаддиларга бутун республикада ушбу субсидияларни ой бошида берадиган тизим қилиш муҳим экани кўрсатиб ўтилди.





