add

Фарғонада ҳаво сифати кўрсаткичларини онлайн намойиш қилиб турувчи IQAir датчиклари ишламай қолди

03.12.2025 | 10:227532 дақиқа

Гидрометеорология хизмати раҳбари Шерзод Ҳабибуллаев ҳолат юзасидан Vaqt.uz’га изоҳ берди.

Фарғонада ҳаво сифати кўрсаткичларини онлайн намойиш қилиб турувчи IQAir датчиклари ишламай қолди

Кеча, 2 декабр куни Фарғона шаҳрида ҳаво сифати кўрсаткичларини онлайн намойиш қилиб турувчи IQAir датчиклари қисқа муддатга ишламай қолди. Узилиш пайтида платформада ҳаво ифлосланишига оид реал вақт маълумотлари янгиланмади, бу эса ижтимоий тармоқларда турли талқин ва тахминларнинг кўпайишига сабаб бўлди.

Жумладан, ижтимоий тармоқларнинг баъзи фойдаланувчилари ҳолатни шу кунларда Фарғонада ҳаво сифати ўта ёмонлашиб кетгани билан боғлаб, узилиш масъуллар томонидан атай уюштирилган бўлиши мумкин, деган тахминни билдиришди.

Vaqt.uz мухбири шу каби муҳокама ва талқинлардан келиб чиққан ҳолда, Гидрометеорология хизмати раҳбари Шерзод Ҳабибуллаев билан боғланди ва ҳолат юзасидан изоҳ сўради.

Ҳабибуллаев вазиятга изоҳ бераркан, Фарғонада ҳаво сифати кўрсаткичларини кўрсатиб турувчи IQAir датчикларидаги носозлик Ўзбекистон томонига боғлиқ бўлмаган ҳолат эканини билдирди.

«Биз жисмоний ёки юридик шахслар томонидан IQAir орқали турли ҳудудларда ўрнатилган датчикларни назоратга ололмаймиз. Бунга имконимиз йўқ. Уларга маълумотлар реал вақт режимида тўғридан тўғри узатилади.

Биздаги станциялар эса ишлаб турибди ва IQAir’га маълумот узатишда давом этмоқда. Шу маънода, муаммо бизда эмас, IQAir’нинг ўзида. Ташкилот соҳага сунъий интеллектни жорий қилиш устида ишламоқда ва носозлик шу жараён билан боғлиқ бўлиши мумкин», – деди хизмат раҳбари.

Маълумот учун, 30 ноябр куни Фарғона шаҳрида ҳаво ифлосланиш даражаси рекорд даражага етиб, 1093 кўрсаткични ташкил этди. Бу рақам 1-2 декабр кунлари ҳам ҳаёт учун ўта хавфли даражада сақланиб турди.

Кеча, президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳаво сифатини яхшилаш бўйича махсус комиссия йиғилишида қатнашиб, Фарғонадаги ҳаво ифлосланиши масаласига ҳам тўхталган. Жумладан, тадбирни ёритиб бораётган блогер Хушнудбек Худойбердиевнинг ёзишича, йиғилишда Фарғонадаги ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ муаммоли ҳолат ҳам муҳокама қилинган. Масъулларнинг бу борадаги ҳисоботлари тингланган. Саида Мирзиёева шунингдек, Фарғонада ҳам вазиятни яхшилаш бўйича кескин чоралар кўриш юзасидан масъулларга топшириқлар берган.

Теглар

Илёс Сафаров

Илёс СафаровМақолалар сони: 17

Барчаси

Мавзуга оид