
Мактаб ва боғчалар қурилиши молияси маҳаллий бюджетлар зиммасига ўтади
2026 йилдан таълим инфратузилмасини сақлаш ва янгилашга оид асосий харажатлар марказдан эмас, маҳаллий бюджетлар ҳисобидан қопланади.

Ўзбекистонда 2026 йилдан бошлаб мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим ҳамда ихтисослаштирилган мактаблар, шунингдек академик лицейларни сақлаш ва уларнинг инфратузилмасини модернизация қилиш молиялаштирилиши тубдан ўзгаради. Мазкур харажатлар энди Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бюджетлари ҳисобидан амалга оширилади. Бу орқали ҳудудларга таълим объектларини эҳтиёждан келиб чиқиб режалаштириш, қуриш ва таъмирлаш бўйича кенгроқ ваколат берилиши кўзда тутилмоқда.
Янги тартибга мувофиқ, мактаб ва боғчаларни лойиҳалаштириш, қуриш ёки реконструкция қилиш, шунингдек уларни капитал таъмирлаш учун маблағ ажратишда маҳаллий бюджетларнинг роли асосий даражага чиқади. Бу эса ҳудудлардаги демографик ўсиш, талаб ва мавжуд инфратузилма ҳолатини ҳисобга олган ҳолда аниқроқ қарор қабул қилиш имконини яратади.
Республика бюджети эса ҳудудларни қўллаб-қувватлашни давом эттиради. 2026 йилда Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бюджетларига жами 19,7 трлн сўм тартибга солувчи бюджетлараро трансферт ажратилиши режалаштирилган. Шунинг 3,6 трлн сўми акциз солиғи тушумлари ҳиссасига тўғри келади. Бу механизм маҳаллий бюджетлар барқарорлигини таъминлаш ва таълим инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини узлуксиз молиялаштиришга хизмат қилади.
Молиялаштириш ваколатларининг ҳудудларга ўтказилиши таълим соҳасидаги ислоҳотларни жойларда тезроқ амалга ошириш, объектларнинг сифати ва қурилиш суръатини оширишга қаратилгани таъкидланмоқда.





