
Девид Бекхемга рицарлик унвони берилди
Англия терма жамоасининг собиқ сардори футбол ва Британия жамияти олдидаги хизматлари учун рицарлик унвонига сазовор бўлди.

Қирол Карл III Беркширдаги Виндзор қасрида ўтказилган маросимда 50 ёшли футболчи Девид Бекхемни рицарликка кўтарди. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.
Англия терма жамоасининг собиқ сардори футбол ва Британия жамияти олдидаги хизматлари учун рицарлик унвонига сазовор бўлди. Бекхем рицарликка кўтарилганидан жуда фахрланишини айтди:
«Одамлар менинг қанчалик ватанпарвар эканлигимни билишади — мен ўз ватанимни севаман. Мен ҳар доим монархиянинг оилам учун қанчалик муҳимлигини таъкидлаб келганман. Бутун дунё бўйлаб саёҳат қилиш имкониятига эга бўлдим ва барча одамлар мен билан фақат бизнинг монархиямиз ҳақида суҳбатлашишни истайди. Мен бундан фахрланаман».
Виндзор қасрида Бекхемга унинг рафиқаси Виктория ҳамда ота-онаси Сандра ва Девид ҳамроҳлик қилишди.
2017 йилда мода соҳасидаги хизматлари учун Британия империяси ордени офицери унвонига сазовор бўлган Виктория Бекхем турмуш ўртоғи маросимда кийган костюмни ўзи лойиҳалаштириб тиккан. «Қирол Карл менинг костюмимдан жуда таъсирланди», - деди Бекхем.
Девид Бекхем «Манчестер Юнайтед», «Реал Мадрид», «Милан», ПСЖ, «Лос-Анжелес Гелакси» клубларида тўп сурган. «Юнайтед» таркибида у олти марта Англия Премер-лигасида ғолиб чиққан, 1999 йилда эса Чемпионлар лигаси совриндори бўлган. У Англия терма жамоаси сафида 115 та ўйин ўтказиб, 17 та гол урган. Ҳозирда Бекхем Лионел Месси ўйнаётган АҚШнинг «Интер Маями» футбол клубининг ҳамтасисчиларидан бири ҳисобланади.





