
Стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизими жорий этилди
Президентнинг тегишли фармонига мувофиқ, стратегик ҳужжатларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш, мониторинг қилиш бўйича янги тизим жорий қилинди.

30 октябрда «Стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимини жорий этиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–201-сонли Президент Фармони қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Телеграм каналида маълум қилинди.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 ноябрдан стратегик аҳамиятга эга ҳужжатларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш, мониторинг қилиш ва баҳолашни ўз ичига олган стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизими жорий этилди.
Стратегик режалаштириш иерархияси 1-даражали ҳужжатлар концепциялар шаклида, 2-даражали ҳужжатлар стратегиялар шаклида этиб белгиланади. 3-даражали ҳужжатлар дастурлар («йўл хариталари», чора-тадбирлар режалари) шаклида қабул қилинади.
Бунда 1-даражали ҳужжатлар 7 йилдан ортиқ муддатга ишлаб чиқилади ва қоида тариқасида қонунлар билан тасдиқланади. 2-даражали ҳужжатлар 4 йилдан 7 йилгача бўлган муддатга ишлаб чиқилади ва Президент ҳужжатлари билан тасдиқланади. Шунингдек, 3-даражали ҳужжатлар 1 йилдан 3 йилгача бўлган муддатга ишлаб чиқилади ва Президент ҳужжатлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан қабул қилинади.





