
Ўзбекистон чиқиндиларни бошқариш соҳасида Финландия билан ҳамкорлик қилади
Ҳамкорлик чиқиндиларни утилизация қилиш ва уларнинг қийматини ошириш технологияларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш соҳасини ривожлантиришни кўзда тутади.

Тошкентда Финландия Президенти Александр Стуббнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида «Ўзбекистон – Финландия» бизнес форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Финландия Республикасининг «EPSE Oy» компанияси ўртасида «Ўзбекистон Республикасида чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича «Green Zone» саноат марказини барпо этиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида»ги англашув меморандуми имзоланди.
Меморандум доирасида Ўзбекистон ҳудудида чиқиндиларни утилизация қилиш ва уларнинг қийматини ошириш технологияларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш соҳасини ривожлантиришга келишиб олинди.
Шунингдек, чиқиндиларни иқтисодий қийматга эга маҳсулотларга айлантиришга қаратилган саноат объектлари ва инновацион майдончалар яратиш, илғор технологиялар, билим ва компетенцияларга асосланган ўзаро манфаатли ҳамкорлик шаклларини ўрганиш ва амалга ошириш назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 42 та маиший чиқинди полигони фаолияти тугатилиб, 90 гектарга яқин ер майдони табиатга қайтарилгани ҳақида хабар қилгандик.





