add

Президент кибержиноятчиликка қарши курашиш тизимини кучайтириш вазифасини юклади

Сўнгги беш йилда кибержиноятлар сони 68 баробарга ўсган. Фақат жорий йилнинг ўзида 46 мингдан зиёд ҳолат аниқланган, улар орқали етказилган моддий зарар 1,2 трлн сўмдан ошган.

Президент кибержиноятчиликка қарши курашиш тизимини кучайтириш вазифасини юклади

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда мамлакатда кибержиноятчиликка қарши курашиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва рақамли хавфсизликни таъминлаш масалалари муҳокама этилди.

Маълумотларга кўра, ҳозирда Ўзбекистонда 31 миллиондан ортиқ аҳоли интернетдан фойдаланмоқда. Бироқ сўнгги беш йилда кибержиноятлар сони 68 баробарга ўсган. Фақат жорий йилнинг ўзида 46 мингдан зиёд ҳолат аниқланган, улар орқали етказилган моддий зарар 1,2 трлн сўмдан ошган.

Президент фуқароларнинг шахсий маълумотлари, банк карталари ва электрон имзолари бўйича фирибгарликлар тез суръатларда кўпайиб бораётганини таъкидлади. Бугунги кунда шахсий маълумотлар базаларида ҳимоя механизмлари етарли эмас, айрим тадбиркорлар мижоз маълумотларини очиқ шаклда сақлаётгани қайд этилди.

Йиғилишда давлат хизматларида биометрик идентификация ва электрон имзолардан фойдаланишда киберхавфсизлик кафолатларини кучайтириш, банк тизимида онлайн-микроқарзларни ҳимоя қилиш ва шубҳали операцияларни аниқлаш тизимини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди. Президент бу йўналишда шахсий маълумотларни шифрлаб сақлаш, маълумот ишловчилари реестрини юритиш ва ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришни вазифа этди.

Жумладан, энди онлайн-микроқарз ажратишда:

·     фирибгарлар таъсирини чекловчи замонавий ҳимоя тизимлари жорий этилади;

·     фирибгарлик натижасида жабрланувчининг номига олинган микроқарзни ундан ундирмаслик амалиёти йўлга қўйилади;

·     шубҳали банк ҳисобварақларини блоклаш туну кун режимда йўлга қўйилади.

Шунингдек, смарт қурилмаларга ҳужумлар ва криптоактивлар билан боғлиқ жиноятларни олдини олиш учун илмий тадқиқотлар ўтказиш таклиф қилинди. Давлат раҳбари бу ташаббусларни маъқуллаб, Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик марказининг салоҳиятини ошириш ва кибержиноятларни тезкор фош этиш бўйича 7 турдаги янги экспертизани жорий этишни топширди.

Президент соҳа ва тармоқларни рақамлаштиришнинг асосий мақсади бюрократия ва коррупцияни камайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш эканини таъкидлади. Масалан, давлат харидлари тизимини рақамлаштириш натижасида жорий йилда 7,5 трлн сўм тежалган.

Шу билан бирга, йил бошидан давлат органлари томонидан 7 мингдан ортиқ қонунга зид ҳужжат қабул қилингани, 12,5 минг тадбиркорнинг ҳуқуқи бузилгани маълум қилинди. Президент бу ҳолатлардан хулоса чиқариб, қонунлар ижроси устидан масофавий назорат тизимини яратиш ва давлат қарорларининг қонунийлигини рақамли форматда текширишни жорий этиш зарурлигини таъкидлади.

Теглар

Мавзуга оид

undefined | Vaqt.uz