
Путин ҳокимиятда 97 ёшгача қолишни режалаштирмоқда — Daily Star
Россия президенти Владимир Путин ҳокимиятни 2050 йилгача сақлаб қолишни ният қилган. ОАВ манбаларга кўра, у шунда 97 ёшга тўлади ва сўнгра ҳокимиятни ўғлига топшириши мумкин.

Британиянинг Daily Star газетаси суриштирувчи журналисти Иля Давлятчин маълумотларига таяниб ёзишича, Россия президенти Владимир Путин ҳокимиятда 2050 йилгача қолишни режалаштирган. 73 ёшли Путин Иосиф Сталиндан бери Кремлда энг узоқ ҳукмронлик қилган раҳбар бўлиб, у 97 ёшгача ҳокимиятни сақлаб қолишни хоҳлаётгани айтилмоқда. Шу даврда у ҳокимиятни 10 ёшли ўғли Иванга топширишни ҳам кўриб чиқмоқда — 2050 йилга келиб Иван 35 ёшга тўлади.
2020 йилда қабул қилинган Россия конституцияси Путиннинг президентлик муддатини «ноллаштириб», унга 2036 йилгача, яъни 83 ёшга киргунча ҳокимиятда қолиш имконини берган.
Ҳозирги пайтда у ҳукмронлик давомийлиги бўйича кўплаб тарихий раҳбарларни ортда қолдирган: Пиночет ва Ким Чён Ир (17 йил), Муссолини ва Сухарто (20 йил), шунингдек Чаушеску (24 йил). Агар Путин бешинчи муддатни якунласа, Мао Жедонгни ортда қолдириши, олтинчи муддатда эса Испания раҳбари Франко ва Португалия диктатори Салазар билан тенглашиши мумкин.
2050 йилгача ҳокимиятда қолса, у Муаммар Қаззофий (42 йил), Ким Ир Сен (46 йил) ва Фидел Кастро (49 йил)дан ҳам узоқроқ ҳукмронлик қилган раҳбарга айланади. Шу тариқа, у Иван Грознийдан кейин Россия тарихида энг узоқ бошқарган шахс бўлади. Иван Грозний расман 50 йил ҳукмронлик қилган, аммо унинг ёшлигида давлат ишларини боярлар бошқарган эди.
Daily Star ёзишича, Путин атрофидагилар унинг умрини узайтириш бўйича лойиҳалар билан шуғулланмоқда. The Times нашри маълумотларига кўра, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигига қаришни сустлатишга оид барча илмий ишланмаларни йиғиш топширилган. Лойиҳани Путиннинг яқин дўсти, 77 ёшли академик Михаил Ковалчук — Курчатов илмий-ядровий институти раҳбари бошқармоқда. Шунингдек, унда Путиннинг катта қизи, эндокринолог шифокор Мария Воронцова ҳам иштирок этмоқда.





