add

Президент наркожиноятларга қарши курашиш бўйича янги чораларни белгилади

Шавкат Мирзиёев 2025–2026 йилларга мўлжалланган Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг олдини олиш миллий дастурини маъқуллади.

Президент наркожиноятларга қарши курашиш бўйича янги чораларни белгилади

Президент Шавкат Мирзиёев 3 ноябр куни наркожиноятлар, кибержиноятлар ва прокурор назоратини рақамлаштириш бўйича тақдимот билан танишиб, миллат генофондини муҳофаза қилиш ҳамда хавфсизликни кучайтиришга қаратилган янги вазифаларни белгилади.

Жумладан, Президент мамлакатда наркожиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, дунёда гиёҳвандлик бутун инсоният учун глобал таҳдидга айланган — бу иллат 400 миллиондан ортиқ одамни қамраб олган, ҳар йили эса 300 мингга яқин инсон ҳаётини йўқотмоқда.

Ўзбекистонда ҳам йил бошидан бери 11 мингдан зиёд наркожиноят аниқланди, 2,5 тоннага яқин гиёҳванд моддалар мусодара қилинди. Президент таъкидлашича, наркожиноятларнинг янги шакллари, хусусан синтетик моддалар тарқалиши ва интернет орқали яширин савдо тизимининг кенгайиши бу соҳадаги чораларни тубдан кучайтиришни талаб этмоқда.

«Миллий қонунчилигимизга шундай хавф-хатарларнинг олдини олиш, уларга қарши аёвсиз курашиш, иллатни таг-томири билан йўқотишга қаратилган нормалар киритиш вақти келди» — деди давлат раҳбари.

Тақдимотда наркожиноятларга қарши курашиш бўйича янги режалар таклиф этилди. Улар орасида ўқувчи ва талабалар орасида наркотиклар тарқалишига чек қўйиш, ёшларда муросасиз муносабатни шакллантириш, уюшган гуруҳлар ва интернет орқали тарқатиш каналларини аниқлаш ҳамда жиноий жавобгарликни кучайтириш каби чоралар бор.

Бундан ташқари, ёшлар орасида гиёҳвандликни аниқлаш, даволаш ва реабилитация тизимини тубдан такомиллаштириш, шунингдек, профилактик ва тарғибот ишларини янги босқичга олиб чиқиш режалаштирилган.

Йиғилиш якунида Президент 2025–2026 йилларга мўлжалланган Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг олдини олиш миллий дастурини маъқуллади. Дастур 100 дан зиёд амалий, профилактик ва ташкилий чораларни ўз ичига олади ҳамда барча мутасадди идоралар учун узлуксиз иш тизимини жорий этиш вазифасини белгилайди.

Теглар

Мавзуга оид