
АҚШга киритилаётган 100 млрд долларлик сармоя, бекор бўладиган «Жексон-Веник» тузатмаси ва Ўзбекистонда ишга тушаётган Apple Pay ҳамда Google Pay — 7 ноябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Доналд Трамп: Ўзбекистон АҚШга 10 йилда 100 млрд доллар сармоя киритади
АҚШ Президенти Доналд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида Америка ва Ўзбекистон ўртасидаги янги савдо-иқтисодий келишув ҳақида баёнот берди. Ушбу келишув доирасида Ўзбекистон 2028 йилгача АҚШдан тахминан 35 млрдлик маҳсулот сотиб олади ва сармоя киритади, кейинги ўн йилда эса бу кўрсаткич 100 млрд доллардан ошиши кутилмоқда.
«Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги мисли кўрилмаган савдо-иқтисодий келишувни эълон қилишдан мамнунман. Яқин уч йил ичида Ўзбекистон Американинг муҳим минераллар, авиация, автомобил бутловчи қисмлари, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва кимё, ахборот технологиялари ва бошқа муҳим тармоқларига қарийб 35 миллиард доллар, келгуси ўн йилда эса 100 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритади ва харидларни амалга оширади», деб ёзди Трамп.
Шунингдек, АҚШ президенти Ўзбекистон президентига миннатдорлик ҳам билдирди.
Марказий Осиё республикаларига қарши «Жексон-Веник» тузатмаси тез орада бекор қилинади
Вашингтондаги C5+1 саммитида АҚШ президенти Доналд Трамп иштирокида Марказий Осиё республикаларига нисбатан «Жексон–Веник» тузатмасини бекор қилиш масаласи муҳокама қилинди. Сенатор Жим Ришнинг таъкидлашича, бу қарор «жуда яқин орада» қабул қилиниши кутилмоқда.
1974 йилда қабул қилинган «Жексон–Веник» тузатмаси эмиграцияни чеклаган давлатларга АҚШ билан эркин савдо қилишни тақиқлайди. Гарчи СССР парчаланганига 30 йилдан ошган бўлса-да, чеклов ҳали ҳам Марказий Осиёнинг тўрт давлати учун амал қилиб келмоқда. Бу ҳолат савдо жараёнларида техник тўсиқ сифатида сақланиб, бюрократик кечикишларга сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистонда Apple Pay ва Google Pay тизимлари ишга тушади
Ўзбекистон Apple Pay ва Google Pay халқаро тўлов тизимларини жорий этиш бўйича музокараларни якунлашга яқин. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга амалий ташрифи доирасида маълум қилинди. Учрашувларда АҚШнинг етакчи технокомпаниялари ва инвестиция институтлари билан мамлакатда рақамли тўлов инфратузилмасини кенгайтириш, Рақамли академия ва стартап-хаблар ташкил этиш, инновацион лойиҳаларни DFC ва Эксимбанк орқали молиялаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Apple Pay ва Google Pay ни ишга тушириш жараёни 2024 йилдаёқ бошланган бўлиб, асосий тўсиқ – шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун ва булутли серверларга қўйилган чекловлар бўлган. Янги музокаралар орқали бу бюрократик тўсиқлар босқичма-босқич ҳал этилмоқда. Тизимлар амалга киритилса, онлайн-тўловлар янада қулай ва хавфсиз бўлади, хорижий сервислардан фойдаланиш осонлашади ва рақамли иқтисодиётга рағбат берилади.
Халқаро почта жўнатмаларини божхонадан ўтказиш тартиби белгиланди
Ҳукумат қарори билан халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари божхона назоратидан қандай ўтказилиши белгиланди. Низомга кўра, почта операторлари ва экспресс ташувчилар жўнатмаларни божхона органларига тақдим этиши, уларни кўрикдан ўтказиш ҳамда манзил божхона постига етказиш жараёнида барча шартларга риоя этиши шарт. Жўнатмаларда юбориладиган ёки қабул қилинадиган товарлар божхона назоратидан ўтказилади.
Шу билан бирга, ташиш, юклаш, тушириш, сақлаш ва шунга ўхшаш юк операциялари билан боғлиқ харажатлар почта алоқаси оператори ёки экспресс ташувчи томонидан қопланади. Божхонада жўнатмалар хавфни бошқариш тизими асосида «қизил», «сариқ» ва «яшил» йўлаклар орқали рўйхатдан ўтказилиб, декларацияга мувофиқ расмийлаштирилади.
Ўзбекистонда биринчи микромолия банкига лицензия берилди
Ўзбекистонда илк бор микромолия банкига расмий лицензия берилди. Марказий банк «TAYYAB FINANCE» микромолия ташкилотини трансформация қилишга рухсат бериб, унинг негизида ташкил этилган «TAYANCH MIKROMOLIYA BANKI»га лицензия тақдим этди. Бу мамлакатда микромолия банклари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича биринчи амалий қадам ҳисобланади. Янги банк рақамли форматда ишлаб, мижозларга банк хизматларини қулай тарзда тақдим этиши режалаштирилган.
Микромолия банклари 2025 йилда қабул қилинган ЎРҚ-1026 сонли қонун асосида йўлга қўйилмоқда. Қонунга кўра, бундай банкларнинг устав капитали камида 50 млрд сўм бўлиши, кредит портфелининг 70 фоизи тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилган шахсларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши лозим. Улар омонатларни чекланган миқдорда жалб қилиши мумкин, ташқи савдо операциялари ва чет эл фуқароларига кафолат бериш esa тақиқланади.





