add

Ўзбекистонда биринчи микромолия банкига лицензия берилди

Марказий банк «TAYANCH MIKROMOLIYA BANKI» акциядорлик жамиятига 2025 йил 6 ноябр куни микромолия банки фаолияти учун илк лицензияни берди. Бу мамлакатдаги янги молиявий институт ҳисобланади.

Ўзбекистонда биринчи микромолия банкига лицензия берилди

Ўзбекистонда илк бор микромолия банкига расмий лицензия берилди. Марказий банк «TAYYAB FINANCE MIKROMOLIYA TASHKILOTI» акциядорлик жамиятининг фаолиятини микромолия банкига трансформация қилишга рухсат бериб, унинг негизида ташкил этилган «TAYANCH MIKROMOLIYA BANKI»га 96-сонли лицензияни тақдим этди. Бу ҳақда Bankers.uz хабар берди.

Мазкур янгилик Ўзбекистон молия тизимида янги босқични бошлаб беради. Чунки бу мамлакатда микромолия банкларининг фаолият юритишига рухсат берувчи илк амалиёт ҳисобланади. «TAYANCH MIKROMOLIYA BANKI» жамияти июл ойидаёқ Марказий банкдан дастлабки рухсатни олган эди.

Маълумотларга кўра, янги банкни ташкил этган мутахассислар илгари йирик банклар ва рақамли молия институтларида иш тажрибасига эга. Микромолия банки рақамли форматда фаолият юритиши ва мижозларга кенг қамровли банк хизматларини тақдим этиши режалаштирилган.

Ўзбекистонда микромолия банкларини ташкил этиш 2025 йил февралда қабул қилинган ЎРҚ-1026-сонли қонун асосида амалга оширилмоқда. Унга кўра, микромолия банки — бу банклар ва микромолия ташкилотлари ўртасидаги боғловчи бўғин бўлиб, устав капитали камида 50 миллиард сўмни ташкил этиши лозим.

Қонунга мувофиқ, микромолия банкларида жисмоний шахслардан жалб қилинган омонатлар ҳажми кафолатланган миқдордан ошмаслиги, бир қарз олувчи бўйича таваккалчилик 5 миллиард сўмдан кўп бўлмаслиги ва кредит портфелининг камида 70 фоизи тадбиркорлик ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши шарт. Шунингдек, микромолия банкларига ташқи савдо операцияларини амалга ошириш ва чет эл фуқароларига кафолат бериш тақиқланган.

Таъкидланишича, микромолия банкларини лицензиялаш ваколати Марказий банк ихтиёрида бўлиб, мазкур лицензия илк амалий намуна сифатида миллий молия бозорида муҳим аҳамият касб этади.

Эслатиб ўтамизб аввалроқ микромолия ташкилотларига исломий молия хизматлари кўрсатишга рухсат берилгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонда биринчи микромолия банкига лицензия берилди | Vaqt.uz