add

Фойдаси кескин ошган «Навоийуран», хавфли даражага етган Тошкент ва Андижон ҳавоси ҳамда “Made from US Cotton” — 11 ноябр дайжести

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Фойдаси кескин ошган «Навоийуран», хавфли даражага етган Тошкент ва Андижон ҳавоси ҳамда  “Made from US Cotton” — 11 ноябр дайжести

Дунё брендлари билан ишлаш мақсадида Ўзбекистон АҚШдан 100 минг тонна пахта сотиб олади

Ўзбекистон дунё брендлари билан ишлаш ва премиум бозорларга чиқиш мақсадида АҚШдан 100 минг тонна пахта сотиб олади. 6 ноябр куни Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувда Шавкат Мирзиёев ва АҚШ савдо вазири Ҳовард Латник қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришди. «Ўзсаноатэкспорт» ва Cargill корпорацияси ўртасида пахта етказиб бериш тўғрисида шартнома имзоланди.

Америкалик пахта асосан сертификат талаб қиладиган буюртмалар учун фойдаланилади. Samarkand Apparel компанияси АҚШ пахтаси ва маҳаллий хомашё аралашмасидан халқаро брендлар учун маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлади. Бу орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар “Made from US Cotton” белгиси билан халқаро бозорда ишонч ва талабни ошириш имконига эга бўлади.

Тошкентда чиқиндидан қарздор 6 минг фуқаронинг электр тўловига чеклов қўйилди

Тошкент шаҳрида чиқинди хизматларига тўловни амалга оширмаган фуқароларга нисбатан қаттиқ чоралар кўрилмоқда. Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиёт агентлиги маълумотича, 2025 йил 7 мартда қабул қилинган қонун асосида қарздорлар рўйхати ҳар ой «Toza makon» тизими орқали «Ҳудудий электр тармоқлари»га юборилмоқда. 5 ноябр ҳолатига кўра, чиқинди хизматлари бўйича умумий қарз 2,2 миллиард сўмга етган ва 25 мингдан зиёд абонентга SMS орқали огоҳлантириш юборилган. Белгиланган муддатда тўловни амалга оширмаган 6 минг фуқаронинг электр амалиётлари вақтинча чекланган.

Агентлик маълум қилишича, бу чора фуқароларнинг тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, қарздорлик бартараф этилган заҳоти чеклов бекор қилинади. Ҳозирги пайтда Тошкентдаги умумий қарздорлик ҳажми 582 миллион сўмдан зиёдни ташкил этмоқда. Янги тизим 1 июлдан кейинги қарздорликларга татбиқ этилади, 30 июнгача бўлган қарзлар эса бу жараёндан мустасно. Декабр ойидан бошлаб мазкур амалиёт республика бўйлаб жорий этилиши режалаштирилган.

Дунёда ўзбек уранига талаб кўпайгани фонида «Навоийуран» фойдаси кескин ошди

Жаҳонда атом энергетикасига бўлган қизиқиш ошган бир пайтда, Ўзбекистоннинг «Навоийуран» компанияси фойдаси ҳам кескин ўсди. 2025 йилнинг январь–сентябр ойларида корхона 3,7 трлн сўм соф фойда қайд этди, бу ўтган йилга нисбатан 28,6 фоизга кўп. Фақат учинчи чоракдаги фойда 1,9 трлн сўмга етиб, 149 фоизга ошган. Компания июнда Лондон фонд биржасида 300 млн долларлик еврооблигация жойлаштирган ва 2026 йилда IPO ўтказишни режалаштирмоқда. Fitch компаниянинг кредит рейтингини “BB / барқарор” даражасига оширган бўлиб, S&P томонидан ҳам яқинда баҳолаш кутилмоқда.

Уран нархи сўнгги йилда бир фунт учун 83,45 долларгача кўтарилиб, бозордаги талаб ошишини кўрсатди. World Nuclear Association маълумотича, 2030 йилгача жаҳон уран талабининг 28 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу ҳолат АҚШ, Хитой ва Ҳиндистондаги энергия эҳтиёжининг кўпайиши билан боғлиқ. Марказий Осиё уран бозорида етакчи бўлиб, дунёда қазиб олинаётган ураннинг 44 фоизи Қозоғистон, 7 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келмоқда. Мутахассислар фикрича, келгуси йилларда уран танқислиги ортиб, минтақа давлатларининг стратегик аҳамияти янада кучайиши мумкин.
Тошкент ва Андижонда ҳаво ифлосланиши хавфли даражага етди

Ўзгидромет маълумотларига кўра, 10 ноябр кечасидан бошлаб Тошкент ва Андижон шаҳарларида ҳаво ифлосланиши хавфли даражага етди. Пойтахтда РМ2,5 туридаги майда зарралар концентрацияси 143 mkg/m³ ни ташкил этиб, миллий меъёрдан қарийб 2,5 баробар юқори бўлди. Шунингдек, РМ10 зарралар миқдори 189 mkg/m³ атрофида қайд этилди. Мутахассислар ифлосланиш асосан кечқурун ва тонг пайтларида кучаяётганини таъкидлаб, аҳолига уйда бўлиш ва ҳаво тозалаш воситаларидан фойдаланишни тавсия қилди.

Андижонда вазият янада оғир: шаҳарда РМ2,5 зарралар концентрацияси 314 mkg/m³ га етди, бу кўрсаткич меъёрдан 9 баробар юқори. Маҳаллий ҳокимлик аҳолидан ниқоб тақиш ва ташқи фаолиятни чеклашни сўради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти меъёрларига кўра, РМ2,5 зарралар суткалик 15 mkg/m³, РМ10 зарралар эса 45 mkg/m³ дан ошмаслиги керак. Бу ҳолат Тошкент ва Андижонда экотизим ва аҳоли саломатлиги учун жиддий хавф туғдираётганини кўрсатмоқда.

Ўзбекистонда 2025 йилнинг октябри — энг қурғоқчил ва энг иссиқ ойлардан бири бўлди

Ўзгидромет маълумотларига кўра, 2025 йил октябри Ўзбекистон учун иллик ва қуруқ об-ҳавоси билан ажралиб турди. Ҳарорат кўп йиллик меъёрдан ўртача 1,5–2,7°C юқори бўлди, айрим ҳудудларда ёмғир деярли кузатилмади. Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ёғингарчилик нольга яқин бўлган, Фарғона водийси ва Қорақалпоғистонда эса 7–12 мм атрофида ёғин қайд этилган. Бу ҳолат иқлим ўзгаришининг яққол белгиси сифатида баҳоланмоқда.

Тоғли ҳудудларда нисбатан кўпроқ ёғингарчилик кузатилиб, Тошкент вилоятида ёмғир миқдори 50–100 ммга етди. Октябр охирида Ойгаинг метеостанциясида илк бор 10 смгача қор қоплами қайд этилди. Жанубий ва чўл ҳудудларда шамол тезлиги сониясига 18 метргача етган, бу эса чанг-тўзонли ҳолатларни кучайтирган. Умуман олганда, 2025 йил октябри мамлакатдаги энг қурғоқчил ва иссиқ ойлардан бири сифатида тарихга кирди.

Теглар

Мавзуга оид

Фойдаси кескин ошган «Навоийуран», хавфли даражага етган Тошкент ва Андижон ҳавоси ҳамда “Made from US Cotton” — 11 ноябр дайжести | Vaqt.uz