Қозоғистонлик ўқитувчилар ChatGPT'дан бепул фойдаланиши мумкин

08.11.2025 | 21:361 daqiqa

Қозоғистон ҳукумати ва OpenAI компанияси таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида меморандум имзолади. Бу ўқитувчиларга ChatGPT Edu версиясидан текин фойдаланиш имкониятини яратади.

Қозоғистонлик ўқитувчилар ChatGPT'дан бепул фойдаланиши мумкин

Қозоғистон ва OpenAI ўртасида сунъий интеллект технологияларини таълим соҳасида жорий этишни назарда тутувчи шартнома имзоланди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги маълум қилди.

Ушбу келишувга кўра, Қозоғистоннинг барча ўқитувчиларига уч йил давомида 165 минг ChatGPT Edu лицензияси тақдим этилади. Бу таълим муассасаларида фойдаланиш учун мўлжалланган ChatGPT'нинг махсус версиясидир.

OpenAI вакили Кевин Миллснинг сўзларига кўра, сунъий интеллект ўқитувчиларга ўқувчиларни яхшироқ ўқитиш ва ривожлантиришда ёрдам беради. Шу билан бирга, уларнинг маъмурий вазифалари камайиб, ўқитиш жараёнининг самарадорлиги ортади.

Келишувнинг асосий мақсади – ўқитувчиларга сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш имкониятини яратиш ва таълим муассасаларида инновацион ечимларни татбиқ этишдир. Қозоғистон ҳукумати буни мамлакатдаги мактабларга сунъий интеллектнинг афзалликларини жорий этишга ёрдам бериш сифатида баҳоламоқда.

Аввалроқ OpenAI компанияси ChatGPT фойдаланиш қоидаларини янгилаб, унга шифокор ёки адвокат сифатида жавоб беришни тақиқлагани ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid