
Дунёда ўзбек уранига талаб кўпайгани фонида «Навоийуран» фойдаси кескин ошди
Жаҳон ядро уюшмаси маълумотларига кўра, 2030 йилгача атом энергетикаси учун глобал уран талаби 28 фоизга ўсиши кутилмоқда, бу эса нархларнинг янада ошиш эҳтимолини кучайтиради.

2025 йилнинг январь-сентябр ойларида «Навоийуран» давлат корхонасининг соф фойдаси 3,7 трлн сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28,6 фоизга кўп.
Компаниянинг учинчи чоракдаги фойдаси эса ўтган йилга нисбатан 149,2 фоизга ўсиб, 1,9 трлн сўмга етган, деб хабар бермоқда KapDepo таҳлилчилари.
Қимматбаҳо ресурс, қимматлаётган бозор
2025 йил июн ойида «Навоийуран» Лондон фонд биржасида 300 млн долларлик еврооблигацияларни 6,7 фоизлик купон ставкаси билан 5 йил муддатга жойлаштирган.
Компания 2026 йилнинг иккинчи ярмида 10-15 фоизлик акцияларини халқаро ва маҳаллий фонд бозорларида жойлаштириш орқали IPO ўтказишни режалаштирмоқда.
Ушбу режа компаниянинг халқаро бозорлардаги мавқеини мустаҳкамлаб, давлат саноат активларини инвесторларга очишда муҳим босқич бўлиши кутилмоқда.
Ядро бозоридаги қизиқиш
Сўнгги бир йил ичида ураннинг халқаро нархи рекорд даражага — бир фунт учун 83,45 долларгача кўтарилган.
Бунга асосий сабаблар сифатида АҚШнинг стратегик уран захираларини ошириш сиёсати, ядровий энергетикани қайта ривожлантириш режалари, Хитой ва Ҳиндистондаги энергия талабининг ўсиши, инвестиция фондларининг уранга бўлган қизиқишини кўрсатиш мумкин.
Жаҳон ядро уюшмаси (World Nuclear Association) маълумотларига кўра, 2030 йилгача атом энергетикаси учун глобал уран талаби 28 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу эса уран нархларининг янада ошиш эҳтимолини кучайтиради.
Рейтинглар ва халқаро баҳолар
Ҳозирда «Навоийуран» халқаро кредит рейтингини янгилаш босқичида.
• 2025 йил июль ойида Fitch Ratings компаниянинг рейтингини «BB / барқарор» даражасига оширди.
• 2025 йил ноябрда S&P Global Ratings томонидан рейтингнинг қайта кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Бу кўрсаткичлар компаниянинг молиявий барқарорлиги ва ташқи сармоячилар учун ишонч даражасининг ортиб бораётганини англатади.
Ўзбекистон — дунёдаги етакчилардан бири
OECD ҳисоб-китобларига кўра, жаҳондаги уран захиралари 2090 йилларга келиб тугаши мумкин. Ҳозирда уларнинг умумий ҳажми тахминан 8 миллион тоннани ташкил этади. Шунга қарамай, захиралар жуда чекланган давлатларда, хусусан, 5 фоизи Россияда, 3 фоизи Хитойда жойлашган, АҚШ деярли уран қазиб олмайди, тўлиқ импортга таянади.
Шу билан бирга, Марказий Осиё уран соҳасида дунё етакчисига айланган. Жумладан, дунё бўйича қазиб олинаётган ураннинг 44 фоизи Қозоғистон, 7 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади.
Демак, дунёда ишлатилаётган ҳар иккинчи тонна уран айнан минтақамиздан чиқмоқда.
Мутахассислар фикрича, яқин йилларда уран танқислиги хавфи ортиши муқаррар. Бу ҳолат, табиийки, уран захираларига бой Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг стратегик аҳамиятини янада оширади. Натижада минтақадаги уран захиралари учун халқаро рақобат кескинлашиши, инвесторлар учун эса янги имкониятлар эшигини очиши кутилмоқда.





