
Ўзбекистонда 2025 йилнинг октябри — энг қурғоқчил ва энг иссиқ ойлардан бири бўлди
2025 йил октябрида Ўзбекистон бўйлаб ҳаво ҳарорати одатдагидан анча юқори, ёмғир эса анча кам кузатилди. Айрим ҳудудларда қурғоқчилик бўлди.

Ўзгидромет маълумотларига кўра, 2025 йил октябр ойи Ўзбекистонда иллиқ ва қуруқ об-ҳавоси билан ажралиб турди. Республика бўйлаб ҳарорат кўрсаткичлари кўп йиллик ўртача миқдорларга нисбатан 1,5–2,7°C га юқори бўлди. Бу ойдаги минимал ва максимал ҳароратлар эса экстремал даражаларга етмади.

Ҳарорат кўтарилиши билан бирга ёмғир ҳам кам ёгди. Хусусан, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ёмғир деярли кузатилмади. Бошқа ҳудудларда ҳам фақат 1–3 кунлик қисқа муддатли ёмғир ёғди. Масалан, Фарғона водийси ва Қорақалпоғистоннинг айрим жойларида ёғингарчилик миқдори 7–12 ммни ташкил этди.
Тоғолди ва тоғли ҳудудларда нисбатан кўпроқ ёғингарчилик қайд этилди. Айниқса Тошкент вилоятининг баланд тоғли ҳудудларида ёмғир миқдори 50–100 ммга етди. Октябр охирида Ойгаинг метеостанцияси ҳудудида биринчи бор 10 смгача бўлган қор қоплами қайд этилди.
Айрим ҳудудларда шамол кучайиши кузатилди. Унинг тезлиги сониясига 13–18 метргача етиб, айниқса жанубий ва чўл ҳудудларида кучли шамол ва чанг-тўзонлар юзага келди. Бунинг баробарида, иқлим ўзгаришига оид белгилар яна бир бор яққол кўринди.
Шу билан, 2025 йил октябр ойи Ўзбекистондаги энг қурғоқчил ва энг иссиқ ойлардан бири сифатида қайд этилди.





