
Тошкентда чиқиндидан қарздор 6 минг фуқаронинг электр тўловига чеклов қўйилди
2025 йилнинг 5 ноябр ҳолатига кўра, Тошкент шаҳрида чиқинди хизматларидан қарздорлик 2 млрд 239 млн сўмни ташкил этган.

Тошкент шаҳрида чиқинди хизматларидан қарздор бўлган 6 мингга яқин фуқарога нисбатан электр энергияси тўловларига вақтинча чеклов қўйилди. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур чора «Чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларига оид тўлов интизомини мустаҳкамлаш тўғрисида»ги 2025 йил 7 мартда қабул қилинган 1044-сонли Қонун асосида амалга оширилмоқда. Янги тартибга мувофиқ, ҳар ойнинг 3-санасига қадар қарздорлар ҳақидаги маълумот «Toza makon» электрон тизими орқали «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга юборилади.
2025 йилнинг 5 ноябр ҳолатига кўра, Тошкент бўйича чиқинди хизматларидан қарздорлик 2 миллиард 239 миллион сўмни ташкил этган. Шу муносабат билан 25 мингдан ортиқ абонентга 2100 рақамли SMS орқали огоҳлантириш юборилган. Белгиланган беш кунлик муҳлат ичида қарзини тўламаган 6 минг нафар абонентнинг электр тўлов амалиётлари вақтинча тўхтатилди.
Айни пайтда шаҳарда чиқинди хизматлари бўйича қарздорлик ҳажми 582 миллион сўмдан ортиқни ташкил этмоқда. Масъул идоралар маълум қилишича, қарздорлик бартараф этилган заҳоти чеклов бекор қилинади.
Шунингдек, бу тартиб 2025 йил 1 июлдан кейинги қарздорликларга татбиқ этилади, яъни 30 июнгача бўлган қарзлар ушбу чора доирасига кирмайди. Декабрдан бошлаб эса ушбу тизим республиканинг барча ҳудудларида жорий этилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда маиший чиқинди хизматлари учун тўловлар фақат электрон тизимлар орқали амалга оширилиши ҳақида хабар бергандик.





