
Ўзбекистонда 9 ойда 6,5 млн нафар йўловчи самолётда сафар қилди
2025 йилнинг 9 ойида мамлакат бўйича ҳаво транспортида ташилган йўловчилар сони ўтган йилга нисбатан 26 фоизга ошди.

2025 йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистондаги авиакомпаниялар орқали 6 млн 500 мингга яқин йўловчи ташилган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 1,3 миллион йўловчига кўпдир. Ўсиш суръати 26,2 фоизни ташкил этди. Бу мамлакатда ҳаво транспортига талаб ошиб бораётганини кўрсатади.
Маълум қилинишича, 2025 йилнинг 9 ойи мобайнида бир кунда ўртача 23,7 минг йўловчи самолётда ички ва халқаро йўналишларда парвоз қилган.
Маълумот ўрнида, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистонга 8,6 млн нафар хорижий сайёҳ ташриф буюриб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 112,5 фоизга ортди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида қурилаётган янги халқаро аэропорт ҳудуди тўлиқ хатловдан ўтказилиб, бинолар ва қишлоқ хўжалиги ерлари эгаларига етказиладиган зарар учун компенсация миқдори аниқланиши ҳақида хабар бергандик.





