add

Дунё брендлари билан ишлаш мақсадида Ўзбекистон АҚШдан 100 минг тонна пахта сотиб олади

Samarkand Apparel компанияси Америка пахтаси ва маҳаллий хомашё аралашмасидан халқаро брендлар учун маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлайди. Бу келишув Ўзбекистоннинг Premium бозорларга чиқишини тезлаштириши мумкин.

Дунё брендлари билан ишлаш мақсадида Ўзбекистон АҚШдан 100 минг тонна пахта сотиб олади

6 ноябр куни Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ савдо вазири Ҳовард Латник икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Унда умумий қиймати юзлаб миллион долларни ташкил этувчи илк шартномалар имзоланди. Жумладан, «Ўзсаноатэкспорт» ҳамда АҚШнинг Cargill корпорацияси ўртасида пахта етказиб бериш бўйича келишув тузилди.

АҚШ Давлат департаменти маълумотига кўра, Ўзбекистон кейинги 3 йил мобайнида 100 мин тонна АҚШ пахтаси ва 2 млн тонна соя дуккаклари харид қилишни режалаштирмоқда. Бу ташаббус Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулотлар учун халқаро талаб ва имижни оширишга қаратилган. Хусусан, «Made from US Cotton» бренди остидаги маҳсулотлар экспорт бозорларида юқори баҳоланиши мумкин.

Samarkand Apparel компанияси раҳбари, Енгил саноатни қўллаб-қувватлаш агентлиги директори маслаҳатчиси Азиз Аҳроровнинг Oʻzbekiston24 телеканалига таъкидлашича, АҚШ бозорида катта бўшлиқ вужудга келган. Бу ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар учун янгича имконият яратиб бермоқда. Компания айни пайтда The North Face каби брендлар билан ҳамкорлик қилмоқда, маҳсулотлар Жанубий Корея ва Япония бозорларига етказиб бериляпти. Эндиликда эса улар америкалик харидорларга мўлжалланган premium туркум маҳсулотлар ишлаб чиқаришни мақсад қилмоқда.

Маҳаллий пахтани халқаро бозорларга сифат сертификатлари билан чиқариш масаласида давлат томонидан Агентликлар ва институтлар орқали ёрдам кўрсатилмоқда. Президентнинг Жаҳон савдо ташкилоти бўйича махсус вакили Азизбек Ўрунов эса шу йил апрел ойида АҚШнинг айрим мамлакатларга жорий қилган бож сиёсати туфайли Ўзбекистоннинг экспортда устунликка эга бўлиши мумкинлигини таъкидлаган эди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига кўра, импорт қилинган Америка пахтаси асосан юқори сифатли, сертификат талаб қиладиган буюртмалар учун фойдаланилади. Бу орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини жаҳоннинг қиммат брендлари учун тайёрлаш имконига эга бўлади. Бу жараёнда кредит кафолатларини қамраб олган АҚШ дастурлари ҳам жалб этилади.

Теглар

Мавзуга оид

Дунё брендлари билан ишлаш мақсадида Ўзбекистон АҚШдан 100 минг тонна пахта сотиб олади | Vaqt.uz