Евроиттифоқ Россия пропагандасига қарши марказ ташкил этади

09.11.2025 | 13:032 daqiqa

Еврокомиссия Россия ва бошқа авторитар режимлар дезинформациясига қарши махсус марказ ташкил этишни режалаштирмоқда.

Евроиттифоқ Россия пропагандасига қарши марказ ташкил этади

Европа Иттифоқи ҳудудида «Демократик барқарорлик маркази» ташкил этилади. Бу ҳақда The Guardian нашри Еврокомиссиянинг ички ҳужжатига таянган ҳолда хабар берди. Янги марказ Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен таклиф этган «Демократия қалқони» ташаббусининг бир қисми бўлади.

Марказнинг асосий вазифаси — Россия ва бошқа давлатлардан келаётган ахборот манипуляцияларига қарши кураш, хусусан, дезинформация ва тарихий фактларни сохталаштириш орқали демократияга бўлган ишончни заифлаштиришга уринишларга жавоб тайёрлашдир.

Ҳужжатда Россия на фақат Украинага қарши уруш олиб бораётгани, балки Европага нисбатан гибрид ҳужумлар амалга ошираётгани қайд этилган. Шу мақсадда, Еврокомиссия ЕИга аъзо ва аъзо бўлишни истаган давлатлардан экспертларни марказ фаолиятига жалб қилмоқчи. Уларнинг иштирок этиши ихтиёрий бўлади. Хусусан, Буюк Британия ҳам «дўст шерик» сифатида қўшилиши мумкин.

Режага кўра, «Демократия қалқони» ташаббуси доирасида мустақил фактчекерлар тармоғи ҳам яратилади. Бу тармоқ сайловлар, соғлиқни сақлашдаги фавқулодда вазиятлар ва табиий офатлар даврида дезинформациянинг олдини олишга хизмат қилади. Шунингдек, Еврокомиссия демократия меъёрлари ҳақида ахборот тарқатадиган интернет таъсирчилар тармоғини ҳам шакллантирмоқчи.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсати хизмати маълумотларига кўра, сўнгги йилларда Россия томонидан олиб борилган ўнлаб дезинформация кампаниялари қайд этилган. Улар орасида «Двойник» деб номланган амалиёт алоҳида тилга олинган — бу доирада Die Welt, Le Point, La Stampa ва Polskie Radio каби нашрларнинг сохта сайтлари яратилиб, аксилғарб материаллар тарқатилган.

Еврокомиссия ҳужжатида Хитойнинг дезинформация кампаниялари ҳам тилга олинган. Citizen Lab тадқиқотчиларининг 2024 йилдаги ҳисоботига кўра, Хитойда 123 сохта янгилик сайти фаолият юритган ва 30 та давлатда пекинпараст тарғиботини амалга оширган.

Дезинформация кампаниялари, жумладан, Руминиядаги сайлов натижаларининг бекор қилинишига ва Молдовада сайловчиларни сотиб олиш орқали тарғибот ишларига боғлиқ ҳолда, Россиянинг ички ишларга аралашувини янада яққоллаштирган.

Урсула фон дер Ляйен бу ташаббус ҳақида илк марта сентябр ойида Европарламентдаги чиқишида маълум қилган эди. Ташаббус бўйича батафсил режалар 12 ноябр куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid