
Мигрантлар учун суғурта, Турдимовдан раҳбарларга насиҳат ва UzAuto Motorsʼни хусусийлаштиришда кўмаклашадиган АҚШликлар — 10 ноябр дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

АҚШлик инвесторлар UzAuto Motorsʼнинг хусусийлаштириш жараёнила иштирок этади
UzAuto Motors'ning хусусийлаштирилишида АҚШлик инвесторлар иштирок этади. 6 ноябр куни Вашингтонда ўтган учрашувда АҚШ президенти Доналд Трамп ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга келишиб олди.
Мазкур жараёнда америкалик инвесторлар UzAuto Motors'нинг хусусийлаштирилишида иштирок этишни ва АҚШдан 5 миллиард долларлик авто эҳтиёт қисмлари етказиб беришни режалаштиришмоқда.
Шунингдек, АҚШнинг Air Products ширкати Ўзбекистонда 3 миллиард долларлик метанол заводи қуришни бошламоқда. Келишувлар орасида АҚШ Ўзбекистонга 22 та Boeing самолётини етказиб бериш ва қишлоқ хўжалиги соҳасига 2 миллиард долларлик техникалар, соя ва пахта етказиб беришга келишган.
Эркинжон Турдимов: «Раҳбарлар тўй ва маросимларни камтарона ўтказишда ўрнак бўлишлари шарт»
Сирдарё вилоятида тўй ва оилавий маросимларда ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликнинг олдини олиш масаласига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раҳбарлар ва мансабдор шахслар аввало ўзлари жамият учун камтарликда намуна бўлиши кераклигини таъкидлади.
«Энг катта масала тўйлар, оилавий тадбирларни тартибга солиш масаласи. Вилоятимиз бутун республика учун намуна бўлиши керак. Ҳеч бир раҳбар, ҳеч бир мансабдор, ҳеч бир пули кўп шахс бу сиёсатга хиёнат қила олмайди. Очиғини айтадиган бўлсам, ҳозир тўйларда ҳам, бошқа маросимларда ҳам ортиқча исроф, намойишкорлик кўпайиб кетмоқда. Афсуски, айримлар бу билан одамларни ҳайратга соламан деб нотўғри ўйлашади. Одамларни бу нарса билан ҳайратга солиб бўлмайди », — деди Турдимов.
«Аслида эса тўй беллашув эмас, бахт куни, дуо куни эканлигини кўпчилигимиз эсимиздан чиқариб қўяпмиз»,— дейди ҳоким.
2025 йилда 11 нафар АҚШ фуқароси Ўзбекистонга даволаниш учун келди
Миллий статистика қўмитаси маълум қилишича, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида АҚШдан Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони 28,6 минг нафарга етди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 5,2 минг нафарга ёки 22,4 фоизга ошган.
Қайд этилишича, америкалик меҳмонларнинг асосий қисми Ўзбекистонга саёҳат мақсадида келган. 23,6 минг нафар фуқаро маданий ва тарихий йўналишлардаги саёҳатларни амалга оширган.
Шунингдек, 2,4 минг киши хизмат сафарлари доирасида, 2,1 минг нафари эса қариндошларини йўқлаш учун ташриф буюрган.
Бундан ташқари, 395 нафар АҚШ фуқароси таълим олиш мақсадида, 111 нафар тижорат фаолияти учун, 11 нафар эса даволаниш мақсадида Ўзбекистонда бўлган.
Рақобат қўмитаси истеъмолчиларни огоҳлантирди
Рақобат қўмитаси истеъмолчиларни биологик фаол қўшимчаларни «дори» сифатида тақдим этаётган рекламаларга ишонмасликка чақирди. 2023-2025 йилларда ўтказилган харидлар натижасида 618 та маҳсулотнинг 123 таси сифат талабларига жавоб бермаган. 2 345 фуқаролик мурожаатларидан 337 таси биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари билан боғлиқ шикоятлардир.
Рақобат қўмитаси аҳолини телевизор, радио ва ижтимоий тармоқлардаги рекламаларга ишонмасликка ва фақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтган, расмий сертификатга эга маҳсулотлардан фойдаланишга чақирди. Шифокор билан маслаҳатлашиш ва соғлиқни биринчи ўринга қўйиш муҳим эканлиги таъкидланмоқда.
Мигрантлар учун соғлиқ ва ҳаётни суғурта қилиш тизими жорий қилинади
Ўзбекистонда хорижда вақтинча ишлаётган фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ихтиёрий суғурта қилиш тизими жорий этилади. Миграция агентлиги томонидан ишлаб чиқилган қарор лойиҳаси асосида суғурта компанияларига мигрантлар учун имтиёзли тарифлар асосида суғурта хизматларини ишлаб чиқиш тавсия этилган. Суғурта шартномаси меҳнатчи ишга жойлашолмаса, касалланган ёки чет элда қийин аҳволга тушган ҳолларда тўловлар амалга оширилишини таъминлайди.
Лойиҳада суғурта қамровига патент ёки ишлаш рухсатномасини олишдаги кечикишлар, тиббий ёрдам харажатлари, адвокат ёрдами учун тўловлар, Ватанга қайтариш харажатлари ва фуқаронинг фожиали ҳолатда вафот этишида репатриация сарфлари киритилади. Суғурта жавобгарлиги Ўзбекистон давлат чегарасини кесиб ўтган пайтдан бошлайди ва меҳнат мигрантлари билан шартнома уларнинг иш фаолияти муддатига тузилади.





