
Эркинжон Турдимов: «Раҳбарлар тўй ва маросимларни камтарона ўтказишда ўрнак бўлишлари шарт»
Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов раҳбарлар ва мансабдорлардан тўй ҳамда маросимларда ортиқча дабдабага йўл қўймасликни сўради.

Сирдарё вилоятида тўй ва оилавий маросимларда ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликнинг олдини олиш масаласига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раҳбарлар ва мансабдор шахслар аввало ўзлари жамият учун камтарликда намуна бўлиши кераклигини таъкидлади.
«Энг катта масала тўйлар, оилавий тадбирларни тартибга солиш масаласи. Вилоятимиз бутун республика учун намуна бўлиши керак. Ҳеч бир раҳбар, ҳеч бир мансабдор, ҳеч бир пули кўп шахс бу сиёсатга хиёнат қила олмайди. Очиғини айтадиган бўлсам, ҳозир тўйларда ҳам, бошқа маросимларда ҳам ортиқча исроф, намойишкорлик кўпайиб кетмоқда. Афсуски, айримлар бу билан одамларни ҳайратга соламан деб нотўғри ўйлашади. Одамларни бу нарса билан ҳайратга солиб бўлмайди », — деди Турдимов.
«Аслида эса тўй беллашув эмас, бахт куни, дуо куни эканлигини кўпчилигимиз эсимиздан чиқариб қўяпмиз»,— дейди ҳоким.
Шунингдек, у 1914 йилда «Ойна» журналида чоп этилган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг мақоласини эслаб, зиёлилар тўйлардаги ортиқча харажатларни жамият учун зарарли деб ҳисоблаганини таъкидлади.
«Беҳбудий бобомиз «Қарз қилиб халққа ош бермоқ ақлсизлик эмасми?» деган эди. Агар бу маблағлар илм-маърифат, йўл қурилиши ёки халқ эҳтиёжига сарфланса, бу ҳақиқий хайр. Аммо фақат намойиш учун ишлатилса — бу жамиятга зиён», — деди Турдимов.
У раҳбарларни ўз тўйлари ва қариндошларининг маросимларини содда ва яқинлар даврасида ўтказишга чақирди. «Маданиятли, тарбияли, ўз қадрини билган одам ҳашаматга берилмайди, исрофгарчиликка йўл қўймайди. Биз гап билан эмас, амалиёт билан ўрнак бўлишимиз керак», — дея қўшимча қилди у.
Йиғилишда ҳоким барча раҳбарлардан мазкур йўналишда шахсан намуна бўлиб, тўй-маросимларда ортиқча дабдаба ва кўз-кўз қилиш ҳолатларига барҳам беришни талаб қилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда дабдабали тўй ва маросимларни ихчамлаштириш, оилавий қадриятларни асраш ҳамда жамиятда маромийлик кайфиятини шакллантириш мақсадида 90 кунлик тарғибот дастури ишга туширилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда дабдабали тўй ва маросимларни ихчамлаштириш, оилавий асраш ҳамда жамиятда маромийлик кайфиятини шакллантириш мақсадида 90 кунлик тарғибот дастури ишга туширилган эди.
Маълумот учун, ҳозирда шу дастур доирасида турли давлат ва нодавлат ташкилотларида дабдабали тўй ва маросимларни қисқартириш бўйича ходимлар билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳар бир вилоят ҳокими ҳам дабдабали тўй ва маросимларни ихчамлаштириш юзасидан раҳбарлар ва мансабдорларга мурожаатнома билан чиқишмоқда.
Шунингдек, Vaqt.uz «Амалдорлар бунча дабдабали тўйларини қайси пулига қилмоқда?» номли танқидий материал эълон қилган эди.





