add

Мигрантлар учун соғлиқ ва ҳаётни суғурта қилиш тизими жорий қилинади

Ўзбекистонда хорижда вақтинча ишлаётган фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ихтиёрий суғурта қилиш тизими жорий этилиши мумкин.

Мигрантлар учун соғлиқ ва ҳаётни суғурта қилиш тизими жорий қилинади

Ҳукуматнинг «Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва бошқа таваккалчиликларни суғурта қилиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Ҳужжат Миграция агентлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унинг мақсади — меҳнат мигрантларини саломатлик ва ҳаётга оид хавф-хатарлардан муҳофаза қилишдир.

Лойиҳада суғурта компанияларига хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар учун имтиёзли тарифлар асосида суғурта хизматларини ишлаб чиқиш тавсия этилган. Суғурта шартномасига кўра, мигрант ишга жойлаша олмаган, касалланган ёки чет элда қийин аҳволга тушган ҳолларда тўловлар амалга оширилади.

Жумладан, суғурта қамровига патент ёки ишлаш рухсатномасини олишдаги кечикишлар, тиббий ёрдам харажатлари, адвокат ёрдами учун тўловлар, оғир беморларни Ватанга қайтариш харажатлари ва фуқаронинг фожиали ҳолатда вафот этишида репатриация сарфлари киради. Шунингдек, тарафлар келишувига кўра бошқа таваккалчиликлар ҳам киритилиши мумкин.

Суғурта жавобгарлиги фуқаро Ўзбекистон давлат чегарасини кесиб ўтган пайтдан бошлаб амал қилади. Агар меҳнатчи ҳаво транспорти орқали йўлга чиқса, суғурта ҳимояси у самолётга чиққан лаҳзадан кучга киради.

Меҳнат мигрантлари билан суғурта шартномаси уларнинг иш фаолияти муддатига тузилади ва суғурта полиси орқали расмийлаштирилади. Ҳисоб-китоб базаси бўйича суғурта суммасининг минимал миқдори 250 баравар базавий ҳисоблаш миқдори этиб белгиланган.

Ушбу қарор лойиҳаси юзасидан таклиф ва изоҳлар 2025 йил 17 ноябрга қадар regulation.adliya.uz портали орқали қабул қилинади.

Теглар

Мавзуга оид

Мигрантлар учун соғлиқ ва ҳаётни суғурта қилиш тизими жорий қилинади | Vaqt.uz