
Рақобат қўмитаси истеъмолчиларни огоҳлантирди
Рақобат қўмитаси истеъмолчиларни биологик фаол қўшимчаларни «дори» сифатида тақдим этаётган рекламаларга ишонмасликка чақирди. Ҳозирга қадар қўмитага ушбу маҳсулотлар бўйича 2 345 дан ортиқ фуқаролик мурожаатлари келиб тушган.

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси истеъмолчиларни огоҳликка чақирди.
Маълумотларга кўра, қўмита озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларга оид мунтазам назорат харидларини амалга ошириб келмоқда. 2023 йилда ўтказилган 397 та хариддан 24 таси, 2024 йилда 560 та хариддан 95 таси, жорий 2025 йилда эса 618 та хариддан 123 таси сифат талабларига жавоб бермаган.
Шунингдек, ҳозирга қадар қўмитага ушбу маҳсулотлар бўйича 2 345 дан ортиқ фуқаролик мурожаатлари келиб тушган. Улардан 337 таси, яъни 14 фоизи биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари билан боғлиқ шикоятлардир.
Аксарият ҳолларда фуқаролар телевидение, радио ва ижтимоий тармоқлардаги рекламалар таъсирида бу маҳсулотларни сотиб олган, аммо улар кутилган самарани бермаган ёки соғлиққа салбий таъсир кўрсатган.
Қўмита аҳолини «барча касалликларни 1 ойда даволайди» каби ҳақиқатга тўғри келмайдиган рекламаларга ишонмасликка чақирмоқда.
«Биологик фаол қўшимчалар (БАҚ) дори воситаси ҳисобланмайди ва касалликларни даволаш учун мўлжалланмаган. Улар фақат организм фаолиятини қўллаб-қувватлаш ёки айрим касалликларнинг олдини олиш (профилактика) мақсадида қўлланилиши мумкин», — дейилади хабарда.
Рақобат қўмитаси истеъмолчиларни соғлиғини биринчи ўринга қўйишга ва фақат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтган, расмий сертификати мавжуд маҳсулотлардан фойдаланишни тавсия этмоқда. Шу билан бирга, ҳар қандай қўшимчани истеъмол қилишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашиш зарурлиги таъкидланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси ўтказган текширувлар натижасида лицензиясиз фаолият юритган хусусий клиникалар фош этилганлиги ҳақида хабар берган эдик.





