Ноқонуний пуллар айланмаси: контрабандадан тортиб солиқдан қочишгача

Kecha 18:477 daqiqa

Дунё бўйлаб ҳар йили триллионлаб доллар ноқонуний йўллар билан айланади. Хусусан, наркотик савдоси, коррупция, контрабанда, фирибгарлик — булардан тушган пуллар қандай қилиб банк тизимига кириб, гўёки қонунан “тоза” пулга айланади?

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, дунё иқтисодиётида ҳар йили 800 миллиарддан 2 триллион долларгача маблағ пул ювиш операциялари орқали айланади.Хўш, ноқонуний пуллар қандай ювилади, қайси схемалар ишлатилида ва нега бу глобал муаммога айланганини кўриб чиқсак.

НОҚОНУНИЙ ПУЛ НИМА?

Ноқонуний пул — бу қонунга зид фаолият орқали топилган маблағлардир. Бундай пуллар расмий иқтисодий фаолият орқали эмас, балки жиноят ёки яширин операциялар орқали келиб чиқади.Оддий қилиб айтганда, агар пул қонунга хилоф йўл билан топилган бўлса, у ноқонуний пул ҳисобланади.

Ноқонуний пулнинг асосий манбалари – коррупция,наркотик савдоси, контрабанда,солиқдан қочиш, одам савдоси ,онлайн фирибгарлик ва кибержиноятлар .Бундай маблағлар очиқ равишда ишлатилса, уларнинг манбаси тезда фош бўлиши мумкин. Шу сабабли жиноятчилар кўпинча пулни “ювиш”, яъни уни қонуний кўринишга келтиришга ҳаракат қилишади.

ОФШОР КОМПАНИЯ

Ҳеч қизиқиб ёки эшитиб кўрганмисиз, ноқонуний йўл билан топилган бу пуллар нима орқали тозаланади? Албатта бу борада офшор компаниялар қўл келади. Хўш, у ўзи нима?

Офшор компания — бу компанияни ўз фаолият юритадиган давлатида эмас, балки солиқлар паст ёки умуман солиқ олинмайдиган хорижий ҳудудда рўйхатдан ўтказиш орқали ташкил қилинган компания ҳисобланади. Бундай ҳудудлар одатда “офшор зона” деб аталади. Офшор зоналар давлатлар ёки ороллар бўлиб, улар хорижлик инвесторларни жалб қилиш учун солиқ имтиёзлари ва молиявий махфийликни таклиф қилади.

Дунёда машҳур офшор ҳудудлар қаторига Британия Виржин ороллари, Кайман ороллари, Панама ва Сейшеллар каби жойлар киради. Бу ҳудудларда компания очиш жараёни жуда содда ва тез амалга оширилади. Кўп ҳолларда компанияни бир неча кун ичида онлайн рўйхатдан ўтказиш мумкин.

Офшор компанияларнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — солиқ имтиёзларидир. Кўп офшор ҳудудларда компаниялардан даромад солиғи умуман олинмайди ёки жуда паст ставкалар қўлланилади. Шу сабабли халқаро бизнес билан шуғулланадиган компаниялар солиқ харажатларини камайтириш мақсадида офшор ҳудудларда фирма очишни афзал кўради.

Яна бир муҳим хусусият — махфийлик. Айрим офшор юрисдикцияларда компаниянинг ҳақиқий эгаси (бенефициари) ҳақидаги маълумотлар очиқ реестрларда кўрсатилмаслиги мумкин. Бу эса инвесторларга ўз молиявий активларини махфий сақлаш имконини беради.

Шунингдек, офшор компаниялар халқаро савдо операцияларида ҳам қўлланилади. Масалан, бир компания маҳсулотни бир давлатдан сотиб олиб, бошқа давлатга сотиши мумкин. Бу жараёнда офшор компания воситачи сифатида иштирок этади ва фойда айнан шу офшор компания ҳисобида тўпланади.

Офшор компаниялар қонуний бизнес воситаси бўлишига қарамасдан, баъзан ноқонуний фаолиятларда ҳам ишлатилиши мумкин. Масалан, коррупция маблағларини яшириш, солиқдан қочиш ёки жиноий даромадларни легаллаштириш (пул ювиш) учун офшор схемалардан фойдаланиш ҳолатлари учрайди.

НАРКОБАРОН ЭСКОБАР

Наркотик моддалар савдоси дунёдаги энг катта ноқонуний иқтисодий соҳалардан бири ҳисобланади. Бу бозор орқали ҳар йили миллиардлаб доллар айланади. Наркокартеллар наркотик ишлаб чиқаради,уни турли мамлакатларга контрабанда орқали етказади ва савдодан тушган катта миқдордаги нақд пулни яширишга ҳаракат қилади.

Масалан, Колумбиядаги машҳур наркобарон Пабло Эскобар картели бир вақтлар дунёдаги кокаин савдосининг катта қисмини назорат қилган.У ўтган асрнинг 70-йилларида “Меделлин” картелини ташкил этган ва раҳбарлик қилган. Унинг бойлиги тахминан 25–30 миллиард долларга баҳоланган. Бу соҳадаги пуллар кейинчалик банклар, офшор компаниялар ёки бизнеслар орқали “тозаланади”. Эскобар ҳам бу борада ноқонуний пуллар айланмасини шу схема орқали амалга оширади.

Картелнинг ҳафталик даромади 420 миллион долларга етган. Бу маблағлар ҳисобига Эскобар кўплаб самолётлар, хусусий орол ва Ҳаcиенда Нáполес деб номланган улкан 7 минг гектарлик ҳашаматли мулк сотиб олган. Бу мулкда ҳайвонот боғи ва ҳатто самолётлар учун мўлжалланган учиш-қўниш йўлаги ҳам бўлган.

У ҳатто Колумбиянинг 10 миллиард долларлик давлат қарзини тўлашни таклиф қилиб, бунинг эвазига АҚШга экстрадиция қилинмасликни талаб қилган. Шунга қарамай, у яшириб қўйган катта миқдордаги нақд пулларнинг бир қисми ҳар йили чириб кетиши ёки каламушлар томонидан кемириб ташланиши сабабли миллиардлаб доллар йўқолиб кетгани ҳақида ҳам маълумотлар бор.

1982-йилда Эскобар Колумбия Конгрессига сайланган. У камбағаллар учун уйлар қуриш, футбол майдонлари барпо этиш каби хайрия ишлари билан шуғулланиб, “Робин Ҳуд Пайса” лақабини олган.

Аммо расмийлар унинг жиноят алоқаларини фош қилгач, у очиқ зўравонлик йўлига ўтди. Унинг машҳур шиори «плата о пломо» («кумуш ёки қўрғошин», яъни пора ол ёки ўлимни танла) эди.

Эскобар сиёсатчилар, судялар ва журналистларнинг ўлдирилишини буюрган. Шунингдек, у бир қатор портлашларни ташкил этган. Энг машҳурларидан бири — 1989-йилда Aviansa 203 рейси портлатилиши, бу ҳодисада 107 киши ҳалок бўлган.

1991-йилда Эскобар АҚШга экстрадиция қилинмаслик шарти билан ҳукуматга таслим бўлди. У ўзи учун махсус қурилган ҳашаматли қамоқхона — Ла Cатедралда сақланди.

У ерда икки шеригини ўлдиргач, 1992-йилда қамоқдан қочиб кетди. Шундан сўнг Колумбия ҳукумати ва АҚШнинг ДЕА агентлиги ёрдамида катта қидирув операцияси бошланди.

1993-йил 2-декабр куни Эскобар Меделлин шаҳридаги бир уй томида отиб ўлдирилди. Баъзи тахминларга кўра, у ўзини ўзи ҳам отган бўлиши мумкин. Унинг ўлими Меделлин картелининг қулашига ва Колумбиянинг наркотиклар урушида муҳим бурилиш нуқтасига айланди.

Эскобар бугунги кунда ҳам наркотерроризм рамзи ва ижтимоий тенгсизликдан фойдаланишнинг ёрқин намунаси сифатида эсланади.

Пул ювиш (Money Laundering)

Пул ювиш — бу жиноят орқали топилган маблағларнинг ноқонуний манбасини яшириш мақсадида уларни қайта ишлаш ва қонуний кўринишга келтириш жараёнидир. Бу жараён жиноятчилар учун жуда муҳим, чунки бу уларга маблағларнинг ҳақиқий манбасини ошкор қилмасдан, ушбу даромаддан фойдаланиш имконини яратади.

Пул ювиш тушунчаси 1988 йилги БМТнинг Вена конвенциясининг 3.1-моддасида қуйидагича таърифланган:

«Жиноят натижасида олинган мулк эканлигини билган ҳолда, унинг ноқонуний манбасини яшириш ёки ниқоблаш мақсадида, ушбу жиноятда иштирок этган шахсга ўз ҳаракатлари учун ҳуқуқий жавобгарликдан қочишга ёрдам бериш мақсадида мулкни айлантириш ёки бошқа шахсга ўтказиш».

Бундан ташқари, 2000-йилги БМТнинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенцияси (UNTOC)нинг 6 ва 7-моддаларида пул ювишга қарши курашиш бўйича қоидалар белгиланган. Шунингдек, 12, 13 ва 14-моддалар жиноятдан олинган даромадларни мусодара қилиш масалаларига бағишланган.

Яна2003 йилги БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси (UNCAC)нинг 14, 23 ва 24-моддаларида пул ювишга қарши курашиш чоралари кўрсатилган. Унинг 31-моддаси ҳамда 51–59-моддалари (V боб) жиноятдан олинган маблағларни музлатиш ва мусодара қилиш тартибларини белгилайди.

ПУЛ ЮВИШ БОСҚИЧЛАРИ

Пул ювиш жараёни одатда учта асосий босқичдан иборат бўлади. Бу босқичлар орқали ноқонуний маблағлар охир-оқибат қонуний молиявий тизимга киритилади:

Биринчи босқич – Placement яъни жойларштириш.

Бу босқичда жиноят орқали олинган пул молиявий тизимга киритилади. Одатда бу пул нақд шаклда бўлади ва жиноятчилар уни банклар ёки бизнес орқали айлантиришга ҳаракат қилади.

Реал мисол сифатида, юқорида таъкидлаганимиздек наркобарон Пабло Эскобар раҳбарлик қилган Медельин картели 1980-йилларда кокаин савдосидан миллиардлаб доллар топган. Бу пулларни сақлаш ва яшириш катта муаммо бўлган ўша даврда.

Шунинг учун картел аъзолари пулни турли банк ҳисобларига кичик миқдорларда қўйиш, ресторан, клуб ва кичик бизнеслар орқали “тушум” сифатида кўрсатиш ва казино орқали айлантириш каби усуллардан фойдаланган.

Масалан, картел аъзоси ресторан очади ва ҳар куни ҳақиқий тушумдан ташқари яна минглаб доллар нақд пулни “мижозлар тўлови” сифатида ҳисоботга киритади. Шу тариқа ноқонуний пул бизнес даромадига ўхшатиб қўйилади.Мана буни асрнинг шов-шувли иллегал ҳодисаси сифатида қайд этсак ўринли бўлади.

Иккинчиси эса, Layering – қатламлаш босқичи

Мазкур босқичда пулнинг ҳақиқий манбасини яшириш учун мураккаб операциялар занжири ишлатилади. Пул бир нечта банклар, компаниялар ва мамлакатлар орқали айлантирилади.

Мисол учун, 2016 йилда дунёда катта шов-шувга сабаб бўлган ҳужжатлар фош этилди. Бу ҳодиса Panama Papers номи билан машҳур.

Унда минглаб сиёсатчилар, бизнесменлар ва жиноий тузилмалар пулни яшириш учун офшор компаниялардан фойдалангани маълум бўлган.Бу схеманинг ишлаши одатда шундай кечади.

Жиноят орқали олинган пул бир компания ҳисоб рақамига ўтказилади, у ердан пул бошқа давлатдаги иккинчи компанияга юборилади. Кейин яна бир неча компаниялар орқали айлантирилади. Ҳар бир босқичда пулнинг ҳақиқий манбасини аниқлаш қийинлашади.

Масалан, пул:

• Россия → Кипр → Панама → Британия Виргин ороллари

каби бир нечта давлатлар орқали ҳаракат қилиши мумкин.

Шу тариқа пулнинг изи қатламлар орқали яширилади.

Сўнгги босқичда эса – интеграциялашади. «Ювилган» пул қонуний иқтисодиётга қайтарилади. Энди у расман бизнес даромади ёки инвестиция сифатида кўринади. 2000-йилларда Мексикадаги наркотик картеллари пул ювиш учун АҚШда кўчмас мулк бозоридан фойдаланган.

Жиноятчилар Лос-Анжелес ва Майамида уйлар сотиб олган,қиммат автомобиллар харид қилган, қурилиш ёки ресторан бизнесига инвестиция киритган Ташқаридан қараганда бу пул қонуний инвестицияга ўхшайди.

Масалан, жиноятчи офшор компания орқали 5 миллион доллар инвестиция қилади. Кейин у компаниядан “қурилиш лойиҳасидан олинган фойда” сифатида пул олади. Ҳужжатларда эса барча операциялар қонуний кўринади.

Шу сабабли бугунги кунда давлатлар банк тизими, халқаро тўловлар ва криптовалюта операцияларини қатъий назорат қила бошлаган.

Teglar

Ozodbek Abdumo‘minov

Ozodbek Abdumo‘minovMaqolalar soni: 5

Barchasi

Mavzuga oid