Саида Мирзиёева Хоразмда таълим муассасалари фаолиятини ўрганди
Президент администрацияси раҳбари Хонқа туманидаги таъмирталаб мактаб ва авария ҳолатидаги боғчани кўздан кечирди.
© Saida Mirziyoyevaning ijtimoiy tarmoqdagi sahifasiСаида Мирзиёева Хоразм вилоятига хизмат сафари давомида ҳудуднинг ижтимоий ривожланишига қаратилган қарорлар ижросини ўрганди. Ушбу жараёнда таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилиб, мавжуд камчиликлар таҳлил қилинди.


Хизмат сафари давомида таълим муассасаларидаги реал ҳолатни жойига борган ҳолда ўрганилди. Хусусан, Хонқа туманидаги таъмирга муҳтож 2-мактаб ҳамда узоқ вақт қаровсиз қолиб, авария ҳолатига келган 49-сонли мактабгача таълим муассасаси ўрганилди.

Таълимда муаммолар
Аниқланган ҳолатлар таълим инфратузилмасини яхшилаш зарурлигини яна бир бор кўрсатди. Айрим биноларнинг техник ҳолати талабга жавоб бермаслиги, таъмир ишларини тезлаштиришни талаб этмоқда.


Саида Мирзиёева, шунингдек, Давлат хореография академиясининг Урганч филиалида ҳам бўлди. Ҳозирда ўқув аудиториялари ва академиянинг бўлажак тарбияланувчилари учун мўлжалланган мактаб-интернат битта бинода жойлашгани билдирилди. Келгусида қўшимча бино қурилиб, ҳар бир муассаса алоҳида ва тўлақонли шароитга эга бўлади.





