Дубайда уруш сабаб олтин катта чегирмада сотилмоқда

07.03.2026 | 12:152 daqiqa

Яқин Шарқдаги кескинлик ортидан Дубайда логистика узилиб, трейдерлар олтинни жаҳон нархига нисбатан катта чегирма билан таклиф қилмоқда.

Дубайда уруш сабаб олтин катта чегирмада сотилмоқда

«Bloomberg» нашрининг маълум қилишича, Дубайдаги олтин савдоси издан чиқди. Натижада трейдерлар қимматбаҳо металлни жаҳон бозори нархига нисбатан катта чегирмалар билан сотишга мажбур бўлмоқда.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, айрим ҳолатларда олтин ҳар бир унцияси учун Лондон эталон нархига нисбатан 30 долларгача арзон таклиф этиляпти. Бу ҳолат, асосан, етказиб беришдаги узилишлар ва транспорт харажатларининг кескин ошиши билан боғлиқ.

Дубай жаҳондаги энг муҳим олтин савдо марказларидан бири ҳисобланади. У ерда қимматбаҳо металл қайта ишланади ва асосан Осиё бозорларига экспорт қилинади. Шунингдек, Швейцария, Буюк Британия ва Африка давлатларидан келадиган олтин юклари ҳам кўп ҳолларда айнан шу шаҳар орқали транзит қилинади. 2024 йилда Бирлашган Араб Амирликлари 1392 тонна, қиймати 100 миллиард доллардан ортиқ олтин импорт қилган.

Қуруқлик орқали транзит

Бироқ АҚШ–Исроил ва Эрон ўртасидаги уруш етти кундан буён давом этаётгани ҳамда ҳаво ҳудудининг ёпилиши логистика тизимига жиддий таъсир кўрсатди. Оддатда олтин йўловчи самолётларининг юк бўлимларида ташилади. Қатновлар чеклангани сабабли кўплаб юклар аэропортларда қолиб кетган.

Трейдерлар ва логистика компаниялари эса қимматбаҳо юкларни қуруқлик орқали Саудия Арабистони ёки Уммон аэропортларига ташишдан бош тортмоқда. Бунга чегарадан ўтишдаги мураккабликлар ва хавфсизлик хавфлари сабаб бўляпти.

Ҳиндистонга таъсири

Бу ҳолат Дубайдан олтин олиб келадиган энг йирик бозорлардан бири — Ҳиндистонга ҳам таъсир қилди. Айрим партиялар кечикиб ёки тўхтаб қолгани сабабли мамлакатда қисқа муддатли тақчиллик сезилмоқда.

«Ҳозирча захиралар етарли, аммо агар бу ҳолат яна бир неча ой давом этса, муаммо жиддийлашади», деди Металс Фоcус маслаҳатчиси Чираг Шет.

Хомашё бозорига таъсири

Уруш нафақат тайёр маҳсулот, балки хомашё харажатларини ҳам кескин оширди. Ҳиндистоннинг энг йирик заводи ММТC-ПАМП раҳбари Самит Гуҳанинг сўзларига кўра, завод хомашёсининг 10 фоизи Яқин Шарқдаги конлардан келарди ва ҳозирда бу занжир узилган. Бошқа ҳудудлардан келтириладиган хомашё учун логистика харажатлари уруш бошланганидан бери 60–70 фоизга ошиб кетган.

Шунга қарамай, жаҳон бозорида олтин нархи йил бошидан буён сезиларли ўсди. 2026 йил бошидан бери қимматбаҳо металл қарийб бешдан бир қисмга қимматлаб, бир унцияси 5000 доллар атрофида баҳоланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 5-март ҳолатига кўра, олтин бир троя унцияси учун 5130 доллар атрофида сотилди. Кумуш нархи эса кун давомида тебраниб, якунда 1 фоизлик пасайиш билан 82,5 доллар даражасида қайд этилди. Таҳлилчиларнинг фикрича, олтин нархи 5400 доллардан юқорига кўтарилиши учун ҳозирча етарлича талаб мавжуд эмас, чунки облигациялар бозори инвесторлар учун жозибадорроқ бўлиб қолмоқда.

Teglar

Mavzuga oid