ОТБ Ўзбекистонга электр тармоқларини яхшилаш учун 200 млн доллар қарз бермоқчи
Бу пулга 60 та подстанция янгиланиши, электр энергияси йўқотишлари камайтирилиши ва камида 3,3 GW қайта тикланувчи энергия қувватларини тармоққа улаш имконияти яратилиши кутилмоқда.

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда электр энергиясини тақсимлаш тизимини модернизация қилиш учун 200 млн доллар қарз ажратади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Қарз битими 15-октябр куни Таиланднинг Бангкок шаҳрида ОТБ президенти Масато Канда ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров томонидан имзоланди.
Дастур доирасида мамлакат бўйлаб муҳим аҳамиятга эга 60 та электр тақсимлаш подстанцияси реконструкция қилинади ва модернизациядан ўтказилади. Шунингдек, тармоқларни бошқариш самарадорлигини ошириш учун рақамли тизимлар жорий этилади.
ОТБ президенти Масато Канда ишончли электр таъминоти замонавий иқтисодиётнинг асосий шартларидан бири эканини таъкидлади. Унинг айтишича, мустаҳкамланган инфратузилма аҳоли, корхоналар ва давлат муассасаларини барқарор электр энергияси билан таъминлашга ёрдам беради.
3,3 GW янги қувват учун имконият
ОТБ маълумотига кўра, Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш, шаҳарларнинг кенгайиши ва аҳоли эҳтиёжларининг ортиши электр тармоқларига тушаётган юкламани кўпайтирмоқда. Эскирган инфратузилма, электр энергияси йўқотишлари ва ускуналарнинг ортиқча юкланиши таъминот ишончлилигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Дастур натижасида электр энергияси йўқотишларини камайтириш, трансформаторларга тушадиган юкламани пасайтириш ва таъминот барқарорлигини ошириш кутилмоқда. Шу билан бирга, камида 3,3 GW қувватга эга қайта тикланувчи энергия манбаларини тармоққа улаш имконияти яратилади.
Лойиҳа доирасида иссиқхона газлари чиқиндиларини йилига қарийб 23 минг тонна карбонат ангидрид эквивалентига камайтириш режалаштирилган. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг техник ва бошқарув салоҳиятини ошириш, ходимлар малакасини ривожлантириш ҳамда энергетика соҳасида хотин-қизлар иштирокини кенгайтириш ҳам дастур вазифаларига киради.
Жаҳон банкидан яна 100 млн доллар
ОТБ маълум қилишича, мазкур дастур банкнинг Жаҳон банки билан ўзаро тўлиқ ишонч механизми доирасида амалга ошириладиган энергетика соҳасидаги биринчи лойиҳасидир. Шунингдек, у Ўзбекистон энергетика соҳасида натижаларга асосланган қарз механизми асосида амалга ошириладиган илк дастур ҳисобланади.
ОТБ лойиҳанинг етакчи кредитори ҳисобланади. Жаҳон банки эса қўшимча 100 млн доллар молиялаштириш ажратиш бўйича таклифни директорлар кенгаши тасдиғига киритишни режалаштирган.
ОТБ 2010-йилдан буён Ўзбекистон энергетика соҳасига 3,4 млрд доллардан ортиқ молиялаштириш ва кафолатлар тақдим этган. Янги дастур «Ўзбекистон — 2030» стратегияси, қайта тикланувчи энергияни ривожлантириш ва энергетика самарадорлигини ошириш мақсадларига хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ОТБ Ўзбекистонда яримўтказгич саноатини ривожлантириш учун 50 минг доллар ажратмоқчилиги ҳақида маълумот берилганди.





