«Octobank»нинг Visa ва Mastercard карталари эгалари энди Google Pay орқали Android смартфонлари ёрдамида дўконларда, шунингдек, ушбу хизматни қўллаб-қувватлайдиган сайтлар ва иловаларда харидлар учун тўловни амалга ошириши мумкин.
Google Pay ёрдамида тўлов қилиш учун ҳамёнингиздан картани чиқариш ёки онлайн буюртма беришда унинг маълумотларини киритиш шарт эмас. Дўконда тўлов қилиш учун қулфдан чиқарилган смартфонни терминалга яқинлаштириш, интернет орқали харид қилишда эса буюртмани расмийлаштириш вақтида Google Pay’ни танлаш кифоя.
«Бизнинг вазифамиз — мижозларимиз ўз карталарининг имкониятларидан кундалик фойдаланадиган қурилмаларида тўлиқ фойдалана олишини таъминлаш. Октябр ойида “Octobank”нинг Visa ва Mastercard карталари эгалари карталарини Apple Pay’га қўшиш имкониятига эга бўлди, энди эса ушбу карталар Google Pay орқали ҳам ишлайди. Мижозларимиз фойдаланаётган қурилмасига қараб ўзлари учун қулай тўлов усулини танлаш имкониятига эга бўлаётганидан мамнунмиз», — дея таъкидлади «Octobank» матбуот хизмати.
Тўловлар қандай ҳимояланган?
Контактсиз тўлов вақтида ҳақиқий карта рақами ўрнига виртуал рақам ишлатилади. Шу сабабли карта реквизитлари сотувчига узатилмайди. Онлайн харидлар вақтида ҳам тўлов маълумотлари ҳимояланади. Қўшимча хавфсизлик эса қурилмада PIN-код, парол ёки қўллаб-қувватланадиган биометрик маълумотлар ёрдамида шахсни тасдиқлаш орқали таъминланади.
Хизматдан қандай фойдаланишни бошлаш мумкин?
Бунинг учун «Octobank»нинг Visa ёки Mastercard картасини Google Wallet иловасига қўшиш керак:
Google Wallet иловасини очинг. Агар у ҳали ўрнатилмаган бўлса, Google Play’дан юклаб олинг.
«Ҳамёнга қўшиш» тугмасини босинг ва «Тўлов картаси»ни танланг.
«Octobank» картасини сканерланг ёки унинг маълумотларини қўлда киритинг.
Экрандаги кўрсатмаларга амал қилинг ва картани қўшишни тасдиқланг.
Контактсиз тўловларни амалга ошириш учун Android 9 ёки ундан янги версиядаги, NFC технологиясини қўллаб-қувватлайдиган ҳамда экран қулфи созланган смартфон керак бўлади. Биринчи тўловдан олдин NFC функциясини ёқинг ва Google Wallet иловасини контактсиз тўловлар учун асосий илова сифатида белгиланг. Шундан сўнг қулфдан чиқарилган смартфонни тўлов терминалига яқинлаштириб, харидлар учун тўловни амалга оширишингиз мумкин.