Тошкентда дўконли бекатлар бузилмоқда
Тошкентда автобус бекатлари ҳудудидаги 110 та савдо объектини олиб ташлаш жараёни бошланди. Ҳокимлик қарор текширувлар натижасига асосланганини айтмоқда, тадбиркорлар эса бундан норози. Ҳолатга аниқлик киритиш учун Vaqt.uz ҳар икки томон фикрини ўрганди.
Тошкентда автобус бекатлари ҳудудида жойлашган барча савдо объектлари босқичма-босқич олиб ташланмоқда. Пойтахт маъмурияти маълумотига кўра, текширувлар натижасида бекат мажмуаларида жами 110 та савдо объекти фаолият юритиб келаётгани аниқланган.
Ижтимоий тармоқларда эса тадбиркорларнинг норозилиги акс этган видеолар тарқалди.
Хўш, шаҳар ҳокимлигининг бу қарорга келишига нима сабаб бўлди? Тадбиркорлар олдиндан огоҳлантирилганми? Vaqt.uz ҳолат юзасидан аниқлик киритиш мақсадида пойтахтда дўконлари бузилаётган тадбиркорларга микрофон тутди.
Уларнинг таъкидлашича, бузиш ишлари суд қарорисиз ва расмий ҳужжатлар кўрсатилмасдан амалга оширилган.
«Уч кун олдин оғзаки айтилди. Уч кундан кейин келиб, бир кун ичида бузиб ташлашди. Молларимизни зўрға олиб чиқдик. Ҳеч қандай суд қарорисиз, расмий огоҳлантиришсиз келиб бузиб ташлашди. Шунга биз ҳам ҳайрон қолдик. «Хат-ҳужжатингиз борми, қандайдир қоғоз борми?», деб сўраганимизда ҳам ҳеч қандай ҳужжат тақдим қила олишмади.
12 квадрат метрга эгалик ҳужжатимиз мавжуд. Ҳужжатни кўрсатсак ҳам, «Биз ҳокимият орқали жой ажратамиз, кейин қарор қиламиз» дейишди. «Аввал жойни ажратинг, кейин бузайлик», десак, рад этишди», дейди тадбиркор.
Яна бир дўкон эгаси эса бузиш ишлари ҳақида жараён вақтидагина хабар топганини айтди:
«Бузиш ҳақида фақат келганимизда хабар топдик. Дўконимиз Шайхонтоҳур тумани, Нурофшон кўчаси, 18-А уйида жойлашган. 2020-йилда туман ҳокими қарори билан кадастр ҳужжатлари берилган. Мулкимиз расмий кадастр ҳужжатига эга.
Кўчмас мулк дахлсизлиги доимо Ўзбекистон Республикаси ҳимоясида деб билганмиз. Огоҳлантириш берилган тақдирда ҳам, буни фақат суд қарори асосида, мулк ноқонуний топилганда амалга оширилади, деб ўйлагандик. Лекин амалда аксинча бўлди», дейди у.
«Ҳар гал бекатлар масаласи кўтарилганида эгалик қилиш ёки тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқ дўкон-бекатлар ёмонотлиқ қилинади. Лекин бирор марта «шу бекатларга дўкон қуришга рухсат берганлар ким эди ўзи?» деган савол кўтарилмайди. Бирор бир бекатга битта будка қўйишга уриниб кўрган билади, 15 дақиқада 15 та назоратчи пайдо бўлади. Унда юзлаб бекатлардаги дўконларга «рухсат»ни ким берган? «Жавоб» деб кимлар айтган?»
Демак, балогардон дўкон очган тадбиркорлар эмас, ўша ваколатини суистеъмол қилган валломатлар жавоб бериши керак, улар "топилмаса", ҳокимият масъулиятни ўз бўйнига олиб, дўкондорларга бошқа жой ё компенсация бериши зарур».— деб ёзади иқтисодчи Отабек Бакиров.
Ҳокимлик маълумотига кўра, текширувлар натижасида бекат мажмуаларида жами 110 та савдо объекти фаолият юритиб келаётгани аниқланган. Улардан 61 таси ноқонуний фаолият юритгани айтилди ва босқичма-босқич бузиш ишлари бошланди. Хўш, бу қарорнинг асоси нимадан иборат? Нимага асосланиб бузиш ишлари бошлаб юборилди?
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йилдаги 111-сонли қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳрида жамоат транспортини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тасдиқланган. Уларга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлигига қатор вазифалар юкланган ва шу вазифалар доирасида ушбу ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг «Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида»ги қонунининг 12-моддасида Тошкент шаҳридаги бекатларни тасарруф қилиш маҳаллий ҳокимлик органлари зиммасига юклатилган. Ишлар ана шу икки қонунчилик ҳужжати асосида амалга оширилмоқда», — дейди Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Гулноза Қосимова.
Шу ўринда яна бир савол туғилади: нима сабабдан «снос» масаласида тадбиркорлар олдиндан огоҳлантирилмаган?
Ҳолбуки, кўчмас мулк ноқонуний қурилган бўлса ҳам, у фақат суднинг қарори билан бузилиши мумкин. Ҳокимлик ходимлари эса дўкондорларни фақат оғзаки огоҳлантириш билан чекланган: у ҳам бузиш жараёни бошланишидан 3 кун олдин. Шу савол билан ҳокимликка мурожаат қилдик.
«Тадбиркорлик фаолиятини қонуний олиб борганларга огоҳлантириш олдиндан, одатда 10–15 кун аввал расмий берилади. Сабаби дўкон ичидаги мол-мулкни олиб чиқиб, сақлаш жойини топиш учун вақт керак бўлгади. Баъзи тадбиркорлар «огоҳлантириш олмадик», деб норозилик билдирмоқда, аммо бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Ҳеч ким огоҳлантиришсиз бузишга тушмаган; ишчи гуруҳлар келиб, тадбиркор билан келишиб, керакли муддатни белгилаган», — дейди Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати раҳбари Гулноза Қосимова.
Аммо ҳокимлик ва тадбиркорларнинг гапи бир жойдан чиқмаяпти. Ҳокимлик камида 10–15 кун олдин тадбиркорларни расмий ҳужжат билан огоҳлантирганини айтса, фуқаролар ҳеч қандай расмий ҳужжат йўқлигини таькидломоқда.
Яна бир муҳим савол: хўш, дўконлари бузилаётган тадбиркорларга компенсация бериладими?
«Ҳужжати бор тадбиркорларга компенсация ер майдони шаклида берилади, яъни енгил конструкция ўрнатиш ва савдо фаолиятини давом эттириш имконияти билан. Дўкон, бекати жойлашган манзилдан 100 метр радиусда ёки тадбиркорнинг илтимосига кўра бошқа туман ёки массивларда жой ажратиш имконияти кўриб чиқилади. Ҳаммаси ўзаро келишув билан амалга оширилади.
Масалан, Шота Руставели кўчасида йўл бўйидаги дўконларни юқори қисмга кўчиришган. Натижада тадбиркорлар фаолиятини барқарор давом эттирмоқда», — дейди ҳокимлик вакили.
Маълумотга кўра, янги бекатлар очиқ бўлади, эшиги ва кондиционери бўлмайди. Ўриндиқ, табло (автобус келиш-чиқиши вақти), SOS тугмаси, 112 хизматини чақириш тугмаси ва кузатув камераси мавжуд бўлади.
«Дўкон объектлари Электрон-аукцион орқали тадбиркорларга таклиф қилинади. Тадбиркорлар ўрнатилган бекатларни бошқариш, тозалик ва қулайликни сақлаш мажбуриятини олади. Янги ва янгиланаётган бекатларда тактил плиткалар ва пандуслар ҳам кўзда тутилган. Масалан, бундай бекат ҳозир Мирзо Улуғбек тумани, Буюк Ипак Йўли кўчасида, Чойхона Салом рўпарасида ўрнатилган ва платформаси ҳам тўлиқ янгиланган», — дейди матбуот хизмати раҳбари.
Вазиятдан келиб чиқиб хулосалайдиган бўлсак, тадбиркорлар ва ҳокимлик орасида бекатлардаги дўконларнинг бузилиши борасида бирор-бир расмий келишув бўлмаган. Дўконларининг қонуний ҳужжатлари бўлган тадбиркорлар ҳам бузилиш жараёнида ҳуқуқларининг тўлиқ ҳимоя қилинмаганини таъкидлашмоқда. Бу ўринда бинойидек ишлаб турган тадбиркорларнинг келгуси тақдири нима бўлиши барчага қизиқ.
Воқеалар ривожини Vaqt.uz сайтида кузатиб боринг.
Teglar






