
БМТ 2025 йилда неча киши ўлим жазосига ҳукм қилинганини маълум қилди
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси 2025-йилда қатл этишлар сонининг кескин ошганини қайд этди.

Ўлим жазосининг ўсиши, асосан, наркотиклар билан боғлиқ жиноятлар учун ижро этилган қатллар сонининг кўпайиши ҳисобига юз берган.
«Бу халқаро ҳуқуққа мос келмайди, шунингдек, жиноятчиликни жиловлаш воситаси сифатида ҳам самарасиз», — деди БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Тюрк.
Энг кўп ўлим жазоси қайд этилган мамлакатлар
Эронда ўтган йили камида 1,5 минг киши қатл этилган бўлиб, уларнинг камида 47 фоизи наркотиклар билан боғлиқ жиноятлар учун жазоланган.
Саудия Арабистонида камида 356 киши қатл этилган. Бу 2024 йилда ўрнатилган аввалги рекорддан юқори. Қатл этилганларнинг 78 фоизи наркотиклар билан боғлиқ жиноятлар учун жазоланган.
«Саудия Арабистонида қатл этилганларнинг камида икки нафари болалик чоғида содир этилган жиноятлар учун ҳукм қилинган. Бу, хусусан, болалар ҳуқуқлари нуқтаи назаридан жиддий саволлар уйғотади», — деди Фолкер Тюрк.
Қўшма штатлардаги вазият
Америка Қўшма Штатларида 2025 йилда 47 та ўлим жазоси ижро этилди — бу сўнгги 16 йилдаги энг юқори кўрсаткич. 2024 йилда мамлакатда илк бор жорий этилган газ билан бўғиш орқали қатл усули қўлланилишининг кенгайиши эҳтимолий қийноқ ёки шафқатсиз муносабатлар билан боғлиқ жиддий хавотирларни келтириб чиқарди.
Афғонистонда халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрларига зид равишда оммавий қатллар давом этмоқда.
«Сомалида камида 24 киши, Сингапурда эса 17 киши қатл этилган. Хитой ва КХДРда ўлим жазосининг қўлланилиши ҳануз махфий сақланиб, аниқ маълумот олишни қийинлаштирмоқда. Беларусда эса сўнгги пайтларда миллий хавфсизлик ва терроризмга қарши кураш тўғрисидаги қонунчилик доирасида ўлим жазоси назарда тутилган жиноятлар рўйхати кенгайтирилди.
Исроилда эса фақат фаластинликларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган мажбурий ўлим жазоларини жорий этишга қаратилган қатор қонунчилик ташаббуслари кўриб чиқилмоқда», — дейилади хабарда.
Ўлим жазоси қисқартирилган мамлакатлар
Шу билан бирга, ўтган йили қатор давлатлар ижобий қадамлар қўйгани қайд этилган. Ветнам ўлим жазоси назарда тутилган жиноятлар сонини қисқартирди.
Покистон ўлим жазоси билан жазоланадиган жиноятлар рўйхатидан икки та зўравонликсиз жиноятни чиқариб ташлади, бироқ бундай жиноятлар сонини 29 та модда даражасида сақлаб қолди.
Зимбабве 2024 йил 31 декабрда алоҳида оғир тоифага кирмайдиган жиноятлар учун ўлим жазосини бекор қилди, Кения эса ўлим жазоси нормаларини қонунчилик жиҳатдан қайта кўриб чиқиш жараёнини бошлади.
Малайзияда ҳукмларни қайта кўриб чиқиш жараёни қатл хавфи остида бўлган одамлар сонини минг нафардан ортиққа қисқартирди.
Қирғизистонда Конституциявий суд ўлим жазосини тақиқлашни тасдиқлаб, уни қайта жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини конституцияга зид деб топди.
«Ўлим жазоси жиноятчиликка қарши курашда самарали восита эмас ва айбсиз одамларнинг қатл этилишига олиб келиши мумкин. Ўлим жазоси кўпинча ихтиёрий ва камситувчи тарзда, қонун олдида тенгликнинг асосий тамойилларини бузган ҳолда қўлланилади» — деди БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари.





