Ҳокимлар қарорлари ортидан тадбиркор ва аҳоли ўртасида низо келиб чиқди
Тошкент туманидаги Қизғалдоқ маҳалласида аҳоли экиб парваришлаган яшил ҳудуд баҳс марказига айланди. Фуқаролар боғни сақлаб қолишни истаса, тадбиркор ер майдони унга қонуний ажратилганини таъкидламоқда. Ер ажратиш ва унга киритилган ўзгартишлар маҳалладаги баҳсни янада кучайтирган.
Тошкент туманидаги Қизғалдоқ маҳалла аҳолиси яшил ҳудуд тадбиркор томонидан эгаллаб олинганидан қаттиқ норози. Vaqt.uz мухбири воқеа жойида бўлиб, вазиятни ўрганди.
Айтилишича, ҳудудда 2023-йилдан бери боғ мавжуд бўлиб, 1 йил олдин тадбиркор мазкур жой унга тегишли эканлигини маълум қилган. Тадбиркор аҳолига улар томонидан экилган дарахтларни бошқа жойга кўчириши кераклиги, бу ерда ўзи тадбиркорлик билан шуғулланишини айтади. Шундан кейин икки томон ўртасида можаро юзага келган.
Аниқланишича, Тошкент тумани собиқ ҳокими Рустамовнинг 2021-йил 3-июндаги қарори билан Тошкент тумани, Қизғалдоқ ҳудуди Боғизилол маҳалласида жойлашган юқори кучланишли электр тармоғининг муҳофаза минтақасида бўлган туман захирасидаги ер майдонини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан “Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳамда манзарали кў֮чатлар етиштириш” учун “Modern Green Servise” МЧЖга бириктириб берилган.
Шу ерда яшовчи Эркин Тожибоевга кўра, аҳоли томонидан ҳудудда нафақат боғ, қолаверса, одамлар хордиқ чиқарадиган маскан барпо этиш режа қилинган.
Яна бир фуқаро мамлакатда яшиллик камайиб кетаятгани, шу сабабли маҳалла аҳли дарахтлар экиб, яшилликка ўз ҳиссасини қўшганида можаро бошланиб кетганини айтади.
Аҳоли вакиллари, шунингдек, боғ ҳудуди темир тўсиқлар билан ўраб олинганидан норозилигини билдирди. Уларнинг айтишича, йўллар кичик, атроф тўла машина. Ер участкалари олдида болалар ўйнаши учун бошқа жой йўқ. Шу сабабли боғ ичида болалар майдони, сайр йўлаги ва дам олиш маскани барпо этишни режа қилишган.
Маълум бўлишича, аҳоли ва тадбиркор ўртасида дарахтларни кўчириш бўйича суд бўлиб ўтмоқда.
Фуқаро Ҳикматилла Дамиров қонун ҳужжатларидан ҳам мисол келдириб, ердан фойдаланишнинг ўз қоидаларини борлигини таъкидлади. Жумладан, Ер кодексига кўра, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ер участкасидан бир йил мобайнида фойдаланилмаганда ер участкасига бўлган ҳуқуқ бекор қилиниши кераклигини айтади.
Аниқланишича, МЧЖ номига 2,5 гектар ер майдонининг чегаралари Тошкент тумани Қурилиш бўлими бошлиғи(туман бош архитектори) Базарбаев ва Давлат кадастрлари палатасининг Тошкент тумани филиали раҳбари Қодиров томонидан тасдиқлаб берилган, шу муносабат билан Тошкент тумани, “Қизғалдоқ” МФЙ, 6-квартал кўчаси ла, 1б-уй, 7-квартал 1а,1б-уй манзили сифатида кадастр паспорти шакиллантириб берилган ва ер майдонига бўлган доимий фойдаланиш ҳуқуқи Давлат Реэстридан Кўчирма билан давлат рўйхатидан ўтказиб берилган. Тошкент тумани ҳокими Эргашевнинг 2026-йил 22-январдаги қарори билан Тошкент туманининг собиқ ҳокими Рустамовнинг 3-июндаги қарорига ўзгартириш киритилади. Унга кўра, собиқ ҳокимнинг “Modern Green Servise” МЧЖга ер майдони бириктириб бериш тўғрисидаги қарорининг барча бандларидаги “Боғизилол” МФЙ сўзлари “Қизғалдоқ” МФЙ деб ўқилиши белгиланган. Шу муносабат билан МЧЖга 4та бўлак майдонларига “UZKAD” ахборот тизими орқали кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилган.
Биз суриштирувимиз холис бўлиши учун ҳар икки томонга қулоқ тутдик. МЧЖнинг масъул вакилига микрофон тутдик.
“Бу ердан юқори кучланишли тўк ўтган. Павловния, чинор дарахтлари экилган-да бу ерга. Бунақа дарахт хавфли экан. Ток устунлари тагида тақиқланган экан. Бу ерга, бизга қарорда кўрсатилган пакана дарахтлар бор-ку, манзарали кўчатлар, баланд бўлмайди. Улар импорт қилиб олиб келинади, қанчадир миқдорда сал катта бўлгандан кейин олиб чиқиб сотилади-да. У мана шундан баланд бўлмайди, у манзарали дарахтлар. Ўша нарсага рухсат берилган бизнинг қарорда. Бизнинг қилмоқчи бўлган ишимиз ҳам ўша. Ўша пакана дарахтларни олиб келиб, етиштириб, озгина катта бўлгандан кейин сотиш. Ҳозир ўзи бу экилган дарахтларнинг ўзи ноқонуний бўлиб турибди. Биринчи ноқонунийлигини айтаман: 10-50-сонли қарор бўйича, бу ерга павловния, чинор, мевали баланд бўладиган дарахт экиш қонунан мумкин эмас экан. Биз ҳам очиб кўрдик-да кейин. Иккинчидан, биз бу ерга солиқ тўлаяпмиз-да, лекин тадбиркорчилик қила олмаяпмиз. Уни бировга, солиқ идорасига солиқ чиққандан кейин у одамларга тушунтира олмаймиз. Солиқ идорасига, “Мана, биз бу ердан фойдаланмаяпмиз, солиғини тўламаймиз”, десак, у барибир МИБга чиқариб юборади. Биз мажбурмиз солиқ тўлашга. Лекин ҳозир бу ерга ноқонуний экилган дарахтлар, экология буни ўзи айтди ҳам. Экология “бу ерга, жамиятнинг жойига дарахтлар экиб қўйилган, платформага ўтиб кетиб қолган” деди-да. Лекин ҳозир шу ерда битта тушунмовчилик бўляпти. Ўша бўйича биз ҳозир тегишли ташкилотларга мурожаат қиляпмиз. Экология айтдики, “Бу дарахтлар 2023-йилда экилган”, дейишяпти-да. 2023-йилда нариги ёқда қисман экилган эди. Бу ёққа асосан 2025-йилда экилган-да. Эко-платформага ҳам, бу биркалар, мана шу эко-платформадан ўтказдик, деб эшитганимиз, бизга 2025-йилда айтишди “ўтказилди” деб. Лекин экологиянинг гапи бўйича, 2023-йилда ўтган, деяпти. Савол: 2025-йилда экилган дарахтлар қанақа қилиб 2023-йилда эко-платформадан ўтган бўлиши мумкин? Биз ҳозирги ҳолатда экологиядан норозимиз. Шу бўйича аниқ маълумот беришини сўраймиз. Биз у бўйича ҳозир мурожаат ҳам қилмоқчимиз. Чунки бизга эко-платформага киритилмаган, деган хат ҳам берган. Уни илова ҳам қила оламан. Озгинадан кейин одамлар айтяптики, биркалар илишяпти-да, эко-платформага кирган, дейишяпти. Қанақа тушуниш керак буни?”, дейди МЧЖ иш бошқарувчи Абдувосил Тўлқинов
Тошкент тумани ҳокимлиги томонидан чиқарилган қарорлар тадбиркор ва аҳолининг «жиққа мушт» бўлишига сабаб бўлмоқда. Ер ажратиш ва унга киритилган ўзгартишлар маҳалладаги баҳсни янада кучайтирган. Vaqt.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.
Бахтиёр Тўхтаев, журналист
Оператор ва монтажчи: Мирвоҳид Мирраҳимов
Teglar





