Ўзбекистонда кредит фоизлари дунёдаги энг юқориларидан бири бўлиб қолмоқда
2026 йилга келиб кредитларнинг ўртача ставкаси бўйича Ўзбекистондан фақат саноқли давлатлар олдинда. Реал фоиз ставкалари ўсгани сари аҳоли кўпроқ кредит олмоқда.

Кредит фоизлари қайси давлатда қандай белгланиши кўп жиҳатдан ўша давлатда пулнинг нархи қанча экани билан боғлиқ. Агарда инфляция юқорироқ бўладиган бўлса, кредит фоизлари ҳам баланд бўлади.
Бундан ташқари, кредит фоизларига Марказий банклар томонидан белгиланадиган асосий ставка ҳам таъсир қилади.
2025 йил декарб ҳолатига кўра, Ўзбекистонда юқорироқ фоизда ажратиладиган микроқарзлардан ташқари кредитларнинг ўртача фоизи 22,9 фоизни ташкил қилган. 1 январ ҳолати бўйича бу рақам 23,4 фоизгача ўсган.
Бу кўрсаткич дунё бўйича энг юқори даражалардан бири ҳисобланади. Традинг Эcономиcс маълумотларида кўрсатилишича, Ўзбекистондан фақат Туркия ва Зимбабведа кредит фоизлари юқорироқ.

Туркия ва Зимбабве Ўзбекистондан фарқли равишда бир неча йилдан бери гиперинфляция билан курашиб келаётган давлатлардир.
Европа давлатларида кредитлар ўртача 2,4 фоиздан ажратилса, АҚШда бу кўрсаткич 6-7 фоиз атрофида. Россияда кредитлар 18 фоиз атрофида ажратилади.
Қўшни Қозоғистонда ҳам аҳоли банкдан ўртача 17-18 фоиз атрофида кредит олиши мумкин. Узоқ муддатли кредитлар фоизи 12-13 фоиз атрофида.
Ўзбекистонда эса узоқ муддатли кредитларни ўртача 23 фоиздан камига топиб бўлмайди. Бу Қозоғистондан деярли 2 баробар қимматроқ.
Кредит олиш кўпайишда давом этмоқда
Ўзбекистонда кредит фоизлари ҳамон юқорилигича қолаётган бўлсада, одамларнинг кредитга бўлган талаби пасайгани йўқ.
Инфляцияни пасайишига қарамасдан, кредитларнинг ўртача реал фоиз ставкаси 2025 йилнинг сўнггида сўнгги йилларда биринчи марта 10 фоиздан ошди.

Реал фоиз ставка — бу номинал фоиз ставкадан инфляцион кутилмалар даражаси айрилгандан кейин шаклланадиган, фоиз даромадининг ҳақиқий самарадорлигини акс эттирувчи кўрсаткич.
Кредитнинг реал шартлари қимматлаганига қарамай, мамлакатда кредит олиш жадал суръатларда ўсиб бормоқда. 2025 йилда аҳоли банклардан 156,9 трлн сўмлик кредит олди.
Бунда ўсиш кўрсаткичи деярли 50 фоизни ташкил қилди. Таққослаш учун 2024 йилда ўсиш атига 4,4 фоизни бўлганди.
Йил давомида банклар томонидан ажратилган кредитларнинг деярли ярми (45,8 фоиз) микроқарзлар бўлди. Аҳоли 71,8 трлн сўмлик микроқарз олди ва бу 2024 йилга нисбатан 56,7 фоизга ошди.
Микроқарзларнинг ўртача фоизи рекорд даражада арзонлаётганини ҳам қайд этиш керак. 23 феврал ҳолатига кўра, банкларда микроқарзлар ўртача 29,3 фоиздан ажратилмоқда. Бу сўнгги пайтлардаги энг паст кўрсаткич.
Аммо, микроқарзларнинг ўртача фоизи пасайиши ортидан микроқарз олиш имконияти сезиларли пасайиб кетган.
Кузатувчиларнинг маълум қилишича, банкларда микроқарз лимитлари аввалгига қараганда пастроқ берилмоқда. Айрим банкларда қўшимча микроқарз олиш хизмати тўхтатилган.
Бунга асосий сабаб — Марказий банк рискларни олдини олиш мақсадида микроқарзлар учун банклар кредит портфелига 25 фоизлик чегара жорий қилаётгани.
Бу лимит 2029 йилдан бошлаб амал қилиши кутилмоқда. Бир нечта банклар кредит портфелининг катта қисми микроқарзлардан иборат бўлиб, улар регулятор талабига мослашишга ҳаракат қилмоқда.
Шу сабабли 2026 йилда микроқарз аҳоли орасида 2025 йилдагидек оммабоп бўлмаслиги мумкин. Ўтган йили микроқарз олиш 56 фоиздан кўпроқ ошганди.
2023 йилда автокредитлар учун 25 фоизлик чегара қўлланилгач, банкларда автокредит ажратиш ҳам кескин камайиб кетганди.





