Валюта операциялари қоидалари янгиланди

Kecha 22:172 daqiqa

Энди қайси давлат фуқароси бўлишидан қатъий назар барча банк ҳисобварақлари орқали бир-бирига шахсий мақсадларда (носавдо) пул ўтказиши мумкин.

Валюта операциялари қоидалари янгиланди

Ўзбекистонда валюта операцияларини тартибга солувчи қоидалар янгиланди. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2026 йил 30 мартдаги 10/9-сон қарори билан мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар тасдиқланди.

Қарорнинг асосий мақсади — капитал бозори иштирокчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, валюта операцияларини соддалаштириш ҳамда бозор шаффофлигини оширишдан иборат.

Янги тартибга кўра, жисмоний шахслар фуқаролигидан қатъи назар, банк ҳисобварақлари орқали бир-бирига шахсий (носавдо) мақсадларда эркин пул ўтказиши мумкин. Шунингдек, хорижликлар ҳам мамлакат ичида устав фондига маблағ киритиш, хайрия қилиш ёки мерос билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди.

Тадбиркорлар учун ҳам енгилликлар назарда тутилган. Энди юридик шахслар чет эл валютасида чиқарилган қимматли қоғозлар бўйича тўловларни амалга ошириш учун валюта сотиб олишда ортиқча ҳужжат тақдим этиши шарт эмас. Фақат қимматли қоғоз чиқарилганини тасдиқловчи ҳужжат етарли ҳисобланади.

Хорижий инвесторлар учун яна бир муҳим янгилик — фонд бозорида қимматли қоғозларни сотишдан тушган маблағларни эркин равишда чет элга олиб чиқиш имконияти яратилди. Бу инвестицион муҳитни янада жозибадор қилади.

Шу билан бирга, барча валюта айирбошлаш операциялари, жумладан онлайн операциялар ягона тизимда ҳисобга олинади. Бу бозордаги жараёнларни шаффоф ва назорат қилишни осонлаштиради.

Амалиётда учрайдиган муаммолардан бири — техник ёки имловий хатолар сабаб операцияларнинг рад этилиши эди. Янги қоидаларга кўра, бундай ҳолатларда хатоларни тузатиш имконияти берилади, бу эса тадбиркорлар учун вақт тежайди.

Шунингдек, нақд чет эл валютасини бериш тартиби ҳам аниқлаштирилди. Жисмоний шахслар ўз ҳисобидаги маблағлар доирасида валютани чекловсиз олиши мумкин, юридик шахслар учун эса белгиланган мақсадлар асосида тақдим этилади.

Teglar

Mavzuga oid