Дунё қуёш энергиясига ўтяпти. Ўзбекистон улгурадими?

Bugun 19:013 daqiqa

Нотинч глобал шароитда Ўзбекистон учун энергия хавфсизлиги долзарб масалага айланмоқда. Бундай пайтда «серқуёш» ўлкага қуёш катта ёрдам бериши мумкин.

Дунё қуёш энергиясига ўтяпти. Ўзбекистон улгурадими?

Ўзбекистон сўнгги йиллардаги газ танқислиги сабаб, соф газ экспортёридан соф газ импортчисига айланиб қолди. 2026 йил бошида мамлакат илк бор умуман газ экспорт қилмасдан, уни катта миқдорда импорт қилди.

Ҳукумат томонидан «энергия ислоҳоти» сифатида узоқ йиллар субсидиялаштирилган электр ва газ нархлари ҳам охирги йилларда оширилди. Миш-мишларга қараганда, нархлар жорий йил май ойида ҳам яна 10 фоизга оширилади.

Энергияга бўлган эҳтиёжни қисман кўмир билан ҳам қондиришга ҳаракат қилинмоқда. Дунё тажрибасида эса асосий эътибор қайта тикланувчи «яшил энергия» манбаларига қаратилмоқда.

The Economist ёзишича, Форс кўрфазидаги янги уруш энергетика бозорида кўпчилик кутганидек кўмирга эмас, қуёш энергиясига бўлган талабни ошириши мумкин.

20 апрель куни йирик нефть истеъмол қилувчи давлатлар бирлашмаси — Халқаро энергетика агентлиги (IEA) ўзининг йиллик «Глобал энергетика шарҳи»ни эълон қилди.

IEA ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йили қуёш панеллари дунёнинг янги энергия талабининг (энергия ишлаб чиқариш ва транспортни ҳисобга олган ҳолда) 25 фоиздан ортиғини қоплади ва бу борада 17 фоиз кўрсаткичга эга бўлган табиий газни ортда қолдирди.

1

Ember тадқиқот фирмаси томонидан бир кундан кейин эълон қилинган иккинчи ҳисобот эса электр энергияси бозорига эътибор қаратади. Унда ҳам айрим рекорд натижалар қайд этилган:

— 2025 йилда тарихда илк бор қайта тикланувчи манбалардан олинган янги энергия ҳажми глобал электр энергиясига бўлган талабнинг ўсишидан юқори бўлди.
— Бир асрдан кўпроқ вақт ичида биринчи марта қайта тикланувчи манбалар бутун дунё бўйлаб кўмирга (33 фоиз) қараганда кўпроқ электр энергияси (34 фоиз) ишлаб чиқаришга муваффақ бўлди.

Ушбу ўсишнинг асосий қисми йиллик қуёш энергияси ишлаб чиқаришнинг 2,143 дан 2,778 тераватт-соатга (TWh) яъни 30 фоизга ўсишига тўғри келди. Бошқа томонда, бу асрда атиги тўртинчи марта қазиб олинадиган ёқилғилардан олинган қувват аввалги йилга нисбатан камроқ бўлди.

Қуёш энергияси нархлари кескин тушмоқда

Капитал ва операцион харажатларни ўз ичига олган қуёш энергиясининг «келтирилган қиймати» 2010 йилдан бери қарийб 90 фоизга пасайди. Ҳозирда Ҳиндистонда аккумуляторли сақлаш тизимини қўшганда ҳам, қуёш энергияси нархи кўмирдан арзонроқ. Қуруқликдаги шамол энергияси эса ундан ҳам арзон бўлиб турибди.

Агар паст нарх ва кам углеродли чиқинди айримлар учун етарли аргумент бўлмаган бўлса, ҳозирги каби энергетик инқирозлар яна бир афзалликни — энергия хавфсизлигини кўрсатиб беради.

Бўлиниб бораётган дунёда, тоза энергия хавфсизлик манбаидир. Қуёш панеллари ва шамол турбиналари ўрнатилгандан сўнг, улар геосиёсий ғалаёнлардан қатъи назар ишлашда давом этади (об-ҳавога боғлиқликни истисно қилганда).

Глобал тренд Ўзбекистон учун нимани англатади?

Қуёш панеллари ҳақида гапирганда Ўзбекистонда, афсуски, мажбурий ўрнатиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Давлат томонидан кам фоизли кредитлар ва бир қанча имтиёзлар берилмоқда.

2

Бизнес эгалари умумий қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланганда мол-мулк ва ер солиғидан белгиланган муддатга озод қилинади.

Бу қурилмалар орқали умумий тармоққа электр энергиясини реализация қилишдан олинган даромад учун фойда солиғи 0 фоиз ставкада қўлланилади.

Қуёш панелларидан фойдаланилганда аҳоли учун мол-мулк солиғи суммаси 2 БҲМдан (412 минг сўм), ер солиғи суммаси эса 1 БҲМдан ошмайдиган миқдорда камайтирилади.

Бироқ, бу имтиёзлар билан биргаликда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни оммалаштириш ҳукумат олдидаги асосий вазифалардан бири бўлиши керак.

Зеро, юқорида айтилганидек, бу ўзгаришлар Ўзбекистондек серқуёш ва ривожланаётган бозор учун энергия мустақиллигини таъминлаб бериши мумкин.

Бу — нафақат экология, балки иқтисодий мустақиллик масаласи.

Teglar

Mavzuga oid