Электрон тижоратда эскроу ва арбитраж тизими жорий этилиши мумкин

Рақобат қўмитаси онлайн савдода истеъмолчиларни ҳимоя қилиш учун эскроу тўлов, арбитраж ва сотувчилар рейтинги тизимини жорий этишни таклиф қилди.

Электрон тижоратда эскроу ва арбитраж тизими жорий этилиши мумкин

Ўзбекистондаги маркетплейсларда эскроу тўлов механизмини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси маълум қилди.

Қўмита маълумотларига кўра, 2026 йилнинг I чораги якунига кўра, 111 та субъект фаолияти юзасидан жами 1 657 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 36,3 фоизи товар сифатига (602 та), 16,8 фоизи тўлов муносабатларига (278 та), 11,3 фоизи эса етказиб бериш жараёнига (188 та) тегишли. Кўриб чиқиш натижасида мурожаатларнинг 60 фоизи ижобий ҳал этилган.

Мурожаатларнинг катта қисми йирик платформалар ҳиссасига тўғри келади. Масалан, “Uzum Market” бўйича 490 та, “Uzum Nasiya” бўйича 391 та, “Alif” хизматлари бўйича эса 52 та мурожаат қайд этилган.

Асосий муаммолар сифатида товарнинг тавсифга мос келмаслиги, молиявий ҳисоб-китоблардаги ноаниқликлар ва логистикадаги узилишлар қайд этилмоқда. Айниқса, чекка ҳудудларда етказиб бериш муддатлари долзарб муаммо бўлиб қолмоқда.

Таҳлиллар асосида қўмита халқаро тажрибадан келиб чиқиб, эскроу тўлов тизимини жорий этишни таклиф қилди. Бу механизмга кўра, харидор товарни қабул қилиб, уни тасдиқламагунча пул сотувчига ўтказилмайди. Бу эса айниқса ижтимоий тармоқлардаги фирибгарлик ҳолатларини камайтиришга хизмат қилади.

Шунингдек, сотувчилар рейтинги ва жавобгарлигини оширишга қаратилган тизимни жорий этиш режалаштирилмоқда. Унга кўра, сифатсиз маҳсулот сотган тадбиркорларни платформалардан четлаштириш бўйича қатъий механизмлар ишлаб чиқилиши мумкин.

Навбатдаги муҳим таклифлардан бири — низоларни автоматлаштирилган тарзда ҳал қилиш тизимини, яъни арбитраж платформасини яратишдир. Бу орқали ҳар бир мурожаатни қўлда кўриб чиқиш ўрнига, онлайн тарзда тезкор ва шаффоф ечимлар тақдим этиш имкони пайдо бўлади.

Қўмита, шунингдек, электрон тижорат соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш, рақамли саводхонликни ошириш ва логистика марказларини сертификатлаш каби қўшимча чораларни ҳам таклиф қилди.

Teglar

Mavzuga oid