«30 ой қолди»: Илон Маск глобал инқироздан огоҳлантирди
Коинотдаги ўн минглаб сунъий йўлдошлар ва қуёш панеллари ёрдамида «рақамли ташналик»ни енгиш мумкинми?

Америкалик тадбиркор Илон Маск дунё ҳамжамиятини яқинлашиб келаётган глобал энергия инқирозидан огоҳлантирди. «Cheeky Pint» подкастида чиқиш қилган милиардернинг таъкидлашича, электр энергияси танқислиги бошланишига бор-йўғи 30 ой вақт қолган.
«Бизда 30 ой вақт қолди» — деди у. Маскнинг сўзлари шунчаки муболаға эмас, балки мажозлардан кўра рақамлар билан ишлашга одатланган муҳандиснинг аниқ ҳисоб-китобидек янгради.
Маскнинг сўзларига кўра, сунъий интеллект қувватларининг ўсиш суръати энергетика инфратузилмаларининг жисмоний имкониятлари чегарасига яқинлашмоқда. Агар ҳозирги динамика сақланиб қолса, икки-уч йилдан кейин маълумотларни қайта ишлаш марказлари бутун бошли давлатлар миқёсида энергия истеъмол қила бошлайди. Кейинчалик эса бу эҳтиёж янада ортиб боради.
«Бизда шунчаки энергия тугайди», — дея огоҳлантиради Илон Маск.


Замонавий СИ моделлари энди мегаватт эмас, балки гигаваттлаб энергия талаб қилмоқда. Янги авлодга мансуб битта йирик маълумотларни қайта ишлаш маркази 300–500 мегаватт электр энергиясини истеъмол қилади — бу битта атом энергоблоки қувватига тенг. Ҳозирда сунъий интеллектни ўқитиш учун яратилаётган энг йирик кластерлар эса 1–2 гигаватт қувватга мўлжалланган.
Таққослаш учун: тахминан шунча миқдордаги энергияни 1 миллион аҳолиси бор шаҳар истеъмол қилади. Google’нинг бутун тармоғи эса Шарқий Европадаги айрим давлатлардан кўра кўпроқ электр сарфлайди.
Энди эса шундай ўнлаб марказларни кўз олдингизга келтиринг. Электр тармоқларини қуриш суръати ҳисоблаш қувватларининг ўсиш тезлигига шунчаки етолмайди. Муҳандислар буни «рақамли даврнинг энергетик чегараси» деб аташмоқда.
Маскнинг илмий фантастикадек туюладиган ғояси ҳам айнан шундан туғилган: агар Ерда энергия етишмаса, демак, у мўл-кўл бўлган жойга — коинотга чиқиш керак.
Маскнинг компаниялари, аввало, «SpaceX» ва «Starlink» космик тизими инсоният тарихидаги энг йирик сунъий йўлдошлар гуруҳини шакллантириб бўлди. Ҳозирда уларнинг сони 10 мингга яқин, келажакда яна бир неча баробарга кўпайиши кутилмоқда. Ўзининг интервюларидан бирида Маск бевосита қуёш энергиясидан қувват олувчи космик ҳисоблаш марказларини яратиш каби анча кескинроқ концепцияни илгари сурди.
Маскнинг мантиғи оддий: коинотда булутлар, тун ва об-ҳаво инжиқликлари йўқ. Қуёш панеллари деярли узлуксиз ишлайди. Демак, назарий жиҳатдан космик серверлар тун-у кун энергия билан таъминланиши мумкин.


Бу ғоя кўринишидан жуда жозибадор. Бироқ у фақат қоғоздагина шундай. Гап шундаки, коинот компютерлар учун энг ноқулай ҳудуддир, чунки уларнинг асосий душмани — иссиқлик ҳисобланади. Ерда серверлар ҳаво ёки сув ёрдамида совитилади. Коинот вакуумида эса бундай имконият йўқ. Иссиқлик алмашинуви у ерда фақат нурланиш орқали амалга ошиши мумкин, бу эса одатдаги усуллардан ўнлаб марта кам самара беради.
Натижада инсоният коинотга чиқиш имкониятидан ўн йиллаб маҳрум бўлиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Бу энди шунчаки тахмин эмас, балки NASA мутахассисларининг аниқ ҳисоб-китобларидир.
Шуни тушуниш керакки, Илон Маск қиёматдан дарак берувчи башоратчи эмас, у — муҳандис. Унинг «30 ойи» эса дунёнинг охирини кўрсатувчи таймер эмас, балки инфратузилма учун белгиланган сўнгги муддатдир.
Аслида Маск учта муҳим жиҳатни назарда тутмоқда: сунъий интеллект энергетика инфратузилмаларига қараганда тезроқ ривожланяпти, Ердаги электр тармоқлари бундай талабга тайёр эмас ҳамда янги энергия манбалари ёки кескин ечимларсиз технологик тараққиёт жисмоний тўсиққа тақалиб қолади.
Оддийроқ айтганда, муаммо роботларда эмас, балки электрда. Бинобарин, агар Маскнинг прогнози тўғри чиқса, дунёни фожиа эмас, балки анча зерикарли, аммо оғриқли жараён — ривожланишнинг секинлашиши ва энергия танқислиги кутади. Бу эса, ўз навбатида, электр нархи ошишини, маълумотлар марказларига чекловлар қўйилишини, ҳисоблаш жараёнларининг энергия арзон мамлакатларга кўчирилишини ҳамда атом ва қуёш энергетикаси учун пойга бошланишини англатади.
Инсоният «сунъий онг» яратишни истар экан, аввало анча содда кўринган вазифани ҳал қилиши керак: электрни қаердан олиш ва ҳосил бўлган иссиқликни қаерга чиқариб юбориш масаласи. Бусиз ҳатто миллионлаб космик сунъий йўлдошлар ҳам нажот бўла олмайди.





