37 йил ортга сурилган жараён: аҳолини рўйхатга олиш нега муҳим?

15.09.2025 | 18:0015 daqiqa

Ўзбекистон бирор марта аҳолини рўйхатдан ўтказмаган ягона постсовет давлати. Режалар бир неча бор элон қилинган, ҳатто 2022 йилда Жаҳон банкидан 50 млн доллар кредит ҳам олинган. Бироқ жараён пандемия, маблағ етишмаслиги ва ташкилий сабаблар билан ортга сурилиб келмоқда.

37 йил ортга сурилган жараён: аҳолини рўйхатга олиш нега муҳим?
Аҳолининг сони ва таркиби бўйича аниқ маълумотларни аҳолини рўйхатга олиш орқали аниқлаш мумкин. Бу ҳаракат орқали мамлакат ўтмиши ва келажагининг «фотосурати» яратилади. Аҳолини рўйхатга олиш маълум бир санада аҳолининг аниқ сони (ёши ва жинси таркиби, фуқаролиги, миллий таркиби, барча аҳоли пунктлари бўйича сони, оилавий аҳволи, маълумот даражаси, уй-жой билан таъминланганлик даражаси, меҳнат ресурслари, иқтисодий фаол аҳоли, аҳоли бандлиги (касби ва мутахассислиги) ва ишсизлиги, даромад олиш манбалари, ногиронлиги бўйича батафсил маълумот олинади. Шунингдек, бу маълумотлардан аҳоли жон бошига макроиқтисодий кўрсаткичларни ҳисоблашда (ялпи ички маҳсулот, аҳоли даромадлари, саноат маҳсулоти ҳажми, истеъмол маҳсулотлари ҳажми, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар ҳажми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари)ни ҳисоблашда ишлатилади. Бундан ташқари рўйхат орқали аҳоли миграцияси тўғрисидаги маълумотлар ҳам шакллантирилади. 11 сентябрь куни Статистика агентлиги раҳбари Бекзод Ҳамроевнинг хабар беришича, 2026 йилнинг 12 январидан 28 февралигача, жами 45 кун бутун республика бўйлаб аҳолини рўйхатга олиш ишлари амалга оширилади. Бу ҳақда 2024 йил 4 март куни президент имзолаган қарор иловасида белгилаб қўйилган. Бекзод Ҳамроевга кўра, «БМТ нинг Аҳолишунослик институти, БМТ нинг Озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилоти билан биргаликда аҳоли учун жами 71 та савол тузиб чиқилган. Бундан 54 таси бевосита аҳоли, қолган 17 таси қишлоқ хўжалиги бўйича». Аҳолини рўйхатга олиш бир неча кун давомида ўтказилса ҳам, маълумотлар аниқ бир вақтда – кўпинча аҳолини рўйхатга олишнинг биринчи кунининг 0 соатдаги ҳолати бўйича қайд этилади. Бу «аҳолини рўйхатга олишнинг нозик вақти», деб ҳам аталади. Масалан, чақалоқ аҳолини рўйхатга олиш даврида, аммо ана шу аниқ муддатдан кейин туғилган бўлса, у аҳоли рўйхатига киритилмайди. Лекин, кимдир бу аниқ нозик муддатда ҳаёт бўлиб, шундан кейин, яъни аҳолини рўйхатга олиш даврида вафот этса, у аҳоли рўйхатига киритилади.   Жараён нега кечикди? Ўзбекистон мустақилликка эришгандан буён аҳолисини рўйхатдан ўтказмаган ягона пост совет давлати ҳисобланади. Хусусан, Қозоғистон аҳолисини уч марта (1999, 2009, 2021 йилларда), Қирғизистон 2 марта (1999, 2009 йилларда), Тожикистон 2 марта (2000,2010 йилларда), Турманистон ҳам 2 марта (1995, 2012 йилларда) рўйхатдан ўтказган. Ўзбекистон эса бу тадбирни фақат мустақилликдан олдин 1897, 1926, 1939, 1959, 1970, 1979 ва 1989 йилларда амалга оширилган. Биринчи Президент Ислом Каримов даврида бу борада ҳеч қандай ишлар амалга оширилмаган. Шавкат Мирзиёев раҳбарликка сайлангач, аҳолини рўйхатга олиш аҳамияти бўйича расмий баёнотлар берила бошланди. Хусусан, 2019 йил 5 февралда «Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги президент фармони, 2020 йил 16 мартда «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинганди. Унда аҳолини ҳар 10 йилда, қишлоқ хўжалигини эса ҳар йили рўйхатдан ўтказиш белгиланди. Аммо қонунда кўрсатилган асосий вазифа ҳалигача амалга ошмади. Дастлабки режанинг амалга ошмаганига пандемия сабаб қилиб келтирилди. 2022 йилда белгиланган тадбир, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, республикада аҳолини рўйхатга олиш ишлари 2023 йилнинг 1-25 ноябрида ўтказилиши белгиланганди. Бироқ пандемия тугаганига қарамай, бу тадбир 2023 йилда ҳам амалга оширилмади. Бунга сабаб қилиб Давлат статистика агентлиги тўлақонли рўйхатдан ўтказиш учун зарур омиллар ва халқаро тажрибаларни ўрганиш лозимлигини, тегишли чора-тадбирларни ўтказиш вақт талаб қилишини кўрсатди. 2024 йил март ойида ўтказилган матбуот анжуманида статистика агентлиги расмийси аҳолини рўйхатга олиш энди 2025-2026 йилга кўчирилганини эълон қилди. Йиғилишда шу пайтгача рўйхатга олиш амалга ошмаганига етарлича маблағ йўқлиги сабаб бўлгани айтилди. Маъсул ходим тадбирни ўтказиш учун 800 млрд сўм атрофида пул кетишини ҳам таъкидлади. Аммо 2022 йилда ҳукумат тадбирни ўтказиш иддаоси билан Жаҳон банкидан 50 млн доллар миқдорида кредит олган. Бу тадбирни ўтказиш учун керак бўлган маблағнинг тўртдан учини ташкил қилади. Аммо ҳеч ким бу пулларнинг қаерга ишлатилгани ҳақида расмий муносабат бермаган.   Рўйхатга олиш нега муҳим? Яқин Шарқ университети доценти Ассел Тутумлу вазиятга шундай баҳо берди: «Mамлакатда нафақат қанча аҳоли, балки қандай аҳоли яшаётганини билмай туриб бир иш қилиш қийин. Рўйхатга олиш орқали биз давлат ресурсларини қаерда, қандай сарфланаётганини билишимиз мумкин. Маълумотлар базасининг йўқлиги давлат тузулмаларининг аҳолининг турмуш даражасини боридан кўра яхшироқ қилиб кўрсатиш ва унинг яхшиланиши учун масъулятни ўзидан соқит қилишига замин яратади. Бу мамлакат келажаги учун жиддий муаммолар туғдиради. Аниқ маълумотлар базасига таянмаган давлат дастурининг самарасиз бўлиш эҳтимоли катта. Аксар аҳоли нима билан машғул, унинг даромади қанча деган саволлар жавоби фоиз ставкалари, ресурслар тақсимоти, камбағал аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар яратиш жараёнида мақроиқтисодий кўрсаткичларни асл жараёнга мослаш имконини фақат аҳолини рўйхатга олиш билан амалга ошириш мумкин».   Жараённи тартибга солиш Аҳоли таркиби ҳақида аниқ маълумот йўқ жойда мамлакатнинг келажакдаги сиёсий ва иқтисодий ҳолати, ваъда қилинган ислоҳотлар ва қабул қилинган стратегияларнинг қанчалик самара бериши савол остида қолади. Мамлакат аҳолиси, келажаги, ижтимоий-иқтисодий ҳаёти учун муҳим бўлган ушбу тадбир ўтказилиш тартибини мустаҳкамлайдиган қарорнинг йўқлиги жараённи орқага сурилишига ҳамда тизимлашмаслигига ҳам сабаб бўлмоқда. Кўпгина мамлакатларда аҳолини рўйхатга олиш қонун билан тартибга солиниши мустаҳкамлаб қўйилган.  Масалан, Буюк Британияда 1920 йилда Қўшма Қиролликда аҳолини рўйхатга олиш қонуни қабул қилинган. Мазкур қонунда аҳолини рўйхатга олишнинг барча қоидалари, фуқаролар, уй хўжаликлари, корхоналар ва муассасаларнинг қайси тоифалари рўйхатга олиниши, аҳолини рўйхатга олишни ким ўтказиши, сўров варақалари қандай бўлиши кераклиги белгилаб қўйилган. Бундан ташқари аҳолини рўйхатга оладиган ҳисобчиларни ёллаш қоидалари, уларнинг хизмат вазифалари ҳамда аҳолини рўйхатга олиш қоидалари кўрсатилган. Буюк Британияда ҳар галги аҳолини рўйхатга олишдан тахминан бир йил аввал бунга доир алоҳида қонун ҳужжати қабул қилинади (бунда албатта 1920 йилги қонун ҳужжатига ҳавола қилинади). Бу қонунда аҳолини рўйхатга олиш услубига аниқлик киритилади, аҳолини рўйхатга олиш муддати ва бунинг учун ажратиладиган маблағ миқдори белгиланади. Буюк Британияда аҳолини рўйхатга олиш ҳар ўн йилда, одатда, апрель ойида ўтказилади. Бу сананинг танланиши мамлакатда аҳоли ўртасида оммавий тадбирларнинг ўтказилиши учун об-ҳаво қулай бўлиши билан изоҳланади. Мамлакатда аҳолини рўйхатга олишга жалб қилинадиган ижтимоий ходимларга қатъий талаблар қўйилади. Улар махсус курсларда тайёргарликдан ўтишлари шарт. Бу ходимлар рўйхатга олиш бошланишидан уч кун аввал ўз ҳудудларидаги аҳолини сўров варақасини тўлдириш билан таништириб чиқишлари талаб қилинади. Ўзбекистонда ҳам мазкур жараённи тартибга солинишини мустаҳкамловчи қатъий қонуннинг қабул қилиниши орқали муаммонинг кўп қисми бартараф қилиниши мумкин. Меҳриноз Фармонова тайёрлади.

Teglar

Mavzuga oid