Эрон Ҳўрмуз бўғозида яширин «божхона» тизимини ўрнатди: Парол ва доллар

Bugun 08:252 daqiqa

Эрон Ҳўрмуз бўғозидан ўтадиган кемалардан ҳар бир баррел нефт учун 1 доллар тўлов ва махсус парол талаб қилмоқда.

Эрон Ҳўрмуз бўғозида яширин «божхона» тизимини ўрнатди: Парол ва доллар

«Bloomberg» нашри ушбу яширин механизмнинг тафсилотларини очиқлади.

Уруш бошланганидан бери Форс кўрфазида қамалиб қолган кемаларни олиб чиқиш учун Покистон фаол воситачилик қилмоқда. Исломобод кема эгаларига ўз байроғи остига ўтишни таклиф қилиб, Эрон билан келишувга эришган. Кемаларни кузатиб бориш ва рухсат бериш билан бевосита Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) шуғулланади. Барча молиявий операциялар эса санкцияларни айланиб ўтиш учун махсус «фирма-прокладкалар» орқали амалга оширилмоқда.

Бўғоздан ўтиш учун кема эгаси юки, эгаси, байроғи ва манзили кўрсатилган батафсил манифест тақдим этиши шарт. Асосий шарт — кеманинг АҚШ, Исроил ёки бошқа «нодўстона» давлатлар билан алоқаси бўлмаслиги керак. Агар ИИМКнинг Ҳўрмузгон вилояти қўмондонлиги рухсат берса, томонлар тўлов миқдорини муҳокама қилишга ўтадилар. Тўловлар миқдори мамлакатнинг Эронга қай даражада «дўст» эканига қараб 5 та тоифага бўлинган.

Танкерлар учун тўлов одатда ташилаётган ҳар бир баррел нефть учун 1 доллардан бошланади. Масалан, 2 миллион баррел нефт ортган супертанкер учун ўтиш ҳақи 2 миллион долларни ташкил этади. Тўловлар юан ёки стейблкоинларда қабул қилинади. Ҳақ тўлангач, кемага махсус «махфий код» (парол) ва ҳаракатланиш харитаси берилади. Эрон конвой кемаси парол орқали кемани таниб олади ва уни Ҳўрмуз бўғозидаги тор ва саёз йўлаклар орқали кузатиб боради.

Хавфли йўлак ва суғурта муаммоси

Кемалар одатда Эроннинг Кишм ороли яқинидаги тор «божхона» фарватер орқали ўтказилади. Бу йўналиш саёз бўлгани учун йирик танкерларга мос келмайди, шу сабабли ҳозирда бўғоздан асосан қуруқ юк ташувчи кемалар ўтмоқда. Сўнгги ҳафтада бундай йўл билан атиги 10 та кема қатнови қайд этилган. Кема эгалари бу тизимдан ўзлари таваккал қилиб фойдаланишга мажбур, чунки бу халқаро денгиз қоидаларига зид.

Эрон томонидан ўрнатилган бу тизим нафақат халқаро ҳуқуққа зид, балки суғурта компаниялари томонидан ҳам қопланмайди. Бундан ташқари, Эронни молиялаштирганлик учун АҚШнинг иккиламчи санкцияларига тушиш хавфи ҳам жуда юқори. Шунга қарамай, Форс кўрфазида қамалиб қолган юзлаб кемалар учун бу ҳозирча ягона ва жуда қиммат «чиқиш йўли» бўлиб қолмоқда.

Геосиёсий босим ва «божхона» тизими

Эрон Ҳўрмуз бўғози устидан ўз суверен ҳуқуқларини тан олдириш ва ундан иқтисодий фойда олишни мақсад қилган. Бу тизим Теҳронга нафақат маблағ, балки минтақадаги стратегик устунликни ҳам таъминлайди. Покистон каби давлатлар эса бу вазиятдан ўзларининг минтақавий мақомини ошириш ва транзит хизматларидан даромад олиш учун фойдаланмоқда.

Ғарб давлатлари ва халқаро денгиз ташкилотлари Эроннинг бундай «божхона» тизимини кескин танқид қилмоқда. Бироқ энергия ресурсларига бўлган эҳтиёж ва уруш туфайли ёпилган йўллар кема эгаларини яширин битимларга киришишга мажбур қилмоқда. Агар вазият дипломатик йўл билан ҳал этилмаса, Ҳўрмуз бўғози дунёдаги энг қиммат ва хавфли сув йўлагига айланиб қолиши тайин.

Teglar

Mavzuga oid