«Ҳар олтинчи оила барбод бўлмоқда». Ўзбекистонда ажралишлар сони нима сабабдан ўсяпти ва тизимли ечимлар қандай бўлиши керак?

Bugun 19:296 daqiqa

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда оилавий ажралишлар ва маиший зўравонлик масаласи энг оғриқли ижтимоий муаммолардан бирига айланди. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, мамлакатда никоҳлар сони қаторасига тўртинчи йил пасаймоқда, ажралишлар кўрсаткичи эса муттасил ўсяпти. Қуруқ рақамлар ортида яширинган ижтимоий-иқтисодий сабаблар, ёпиқ эшиклар ортидаги реаллик ва институтсионал бўшлиқлар – мақола таҳлилида.

«Ҳар олтинчи оила барбод бўлмоқда». Ўзбекистонда ажралишлар сони нима сабабдан ўсяпти ва тизимли ечимлар қандай бўлиши керак?

Вазиятнинг жиддийлигини қонунчиликдаги сўнгги ислоҳотлар ҳам, аҳолининг демографик ҳолати бўйича эълон қилинган расмий кўрсаткичлар ҳам тасдиқлайди. Аҳолининг барқарор ўсиб боришига қарамай, янги оилалар қуриш кўрсаткичи пасаймоқда. Энг хавотирлиси – қурилаётган ҳар олтинчи оила ажралиш билан якун топмоқда.

 

Рақамлар динамикаси: Никоҳлар камайиб, ордерлар кўпаймоқда

Вазиятни аниқ баҳолаш учун сўнгги йиллардаги асосий демографик кўрсаткичларга эътибор қаратиш лозим.

Кўрсаткич номи

2025 йил ҳолатига қиймат

Ўзгариш динамикаси (2024 йилга нисбатан)

Жами никоҳлар

267,1 минг

4,7 мингга камайган (4 йил қаторасига пасайиш)

Никоҳ коэффициенти

7,1 промилле

Сўнгги йиллардаги энг паст кўрсаткич

Жами ажралишлар

46,9 минг

1,8 мингга кўпайган

Ҳимоя ордерлари (2024 йил якуни)

54 000 дан ортиқ

-

Ҳимоя ордерлари (2025 йил 7 ойи)

57 000 дан ортиқ

Кескин ўсиш кузатилган

Ушбу рақамлар шунчаки статистик ўзгаришлар эмас. Айниқса, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўйича берилаётган ҳимоя ордерлари сони ярим йил ичидаёқ ўтган йилдаги умумий кўрсаткичдан ошиб кетгани масаланинг қанчалик илдиз отганини кўрсатади.

 

Ажралишлар ва қонун: Жазо чоралари оилани сақлаб қолишга етарлими?

Ажралишлар фақатгина бир омил билан ўлчанмайди. Бунга иқтисодий беқарорлик, меҳнат миграцияси, учинчи шахсларнинг аралашуви ҳамда энг оғир ҳолатларда – маиший зўравонлик сабаб бўлмоқда.

Давлат ушбу тенденцияга қарши ҳуқуқий чораларни кучайтирди: 2023 йилда қабул қилинган ЎРҚ-829-сонли қонун билан оиладаги барча турдаги зўравонликлар алоҳида жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланди. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг ҳимоя ордерини бериш тартибини белгиловчи 3-сонли қарорига мувофиқ, тажовузкор шахсларни мажбурий психологик тузатиш амалиёти янада қатъийлаштирилди. Аммо қонунлар доим ҳам ёпиқ эшиклар ортидаги фожиаларни тўхтатиб қолишга етарли бўлмаяпти.

 

Ажралишларнинг ижтимоий-психологик илдизлари

Оилавий инқирозларни тезлаштираётган омиллар нафақат маиший, балки инсон руҳиятининг чуқур қатламлари билан боғлиқ:

Авлодлар тўқнашуви ва мажбурий қолиплар: Катта авлод вакиллари ўзларининг «мактаб–тўй–фарзанд» занжиридан иборат муваффақият қолипларини ёшларга тиқиштиришда давом этмоқда. Шахсий ва касбий мустақиллик сари интилаётган ёшлар жамиятнинг «нормал одам» бўлиш талаби остида эзилмоқда. Иқтисодий ва руҳий жиҳатдан тайёр бўлмасдан, катталар чизган чизиқ асосида қурилган оилалар тезда парчаланмоқда.

Дефитситар муҳаббат ва қўрқув: Аксарият ёшлар оилани икки мустақил, руҳан етук шахснинг бирлашуви эмас, балки ўз руҳий бўшлиғини бошқалар ҳисобидан тўлдириш воситаси сифатида кўради. Турмушлар соғлом танлов эвазига эмас, «қари қиз бўлиб қолиш», «одамлар нима дейди» ёки ёлғизлик қўрқуви асосига қурилмоқда. Бундай пойдевор ҳаётнинг кичик бўронларига ҳам дош бера олмайди.

Ота-она сценарийсининг такрорланиши: Болалигида зўравонлик ёки совуққонликни кўриб катта бўлган, ота-онасидан эмоционал жиҳатдан ажралиб чиқмаган фарзандлар йиллар ўтиб бу носоғлом муҳитни ўз оиласида такрорлайди. Онгдаги «эртакдагидек» мукаммал ҳаёт ҳақидаги иррационал кутилмалар сабаб, ёшлар қийинчилик туғилганда соғлом мулоқот ўрнига муносабатларга нуқта қўйишни афзал билишмоқда.

 

Моддий етишмовчилик ва миграция омили

Психологик омиллардан ташқари, иқтисодий детерминизм оила барқарорлигида ҳал қилувчи рол ўйнамоқда. Уй-жой муаммоси, айниқса, бир нечта оиланинг бир ҳовлида сиқиқ шароитда яшаши зиддиятлар учун «портловчи» муҳит яратмоқда. Ишсизлик ва доимий даромад манбаининг йўқлиги оила бошлиғининг жамиятдаги ва оиладаги мавқеига путур етказиб, сурункали низоларни келтириб чиқармоқда.

Шунингдек, меҳнат миграцияси ўзбек оиласининг анъанавий моделини трансформацияга учратди. Эр-хотиннинг йиллаб алоҳида яшаши эмоционал боғланишнинг узилишига, ишончсизликка ва натижада оиланинг ҳуқуқий ва амалий инқирозига сабаб бўлмоқда.

Ижтимоий аралашув ва янги давр хавфлари

Ўзбек менталитетига хос бўлган «учинчи шахслар» (қайноналар, қариндошлар) аралашуви ҳамон ажралишлар рейтингида юқори ўринни эгалламоқда. Ота-оналар томонидан ёш оиланинг мустақил бюджети ва шахсий чегараларига қилинадиган босим кўпинча конструктив мулоқотга имкон қолдирмайди.

Бунга параллел равишда, технологик тараққиёт билан бирга кириб келган янги ижтимоий иллат – лудомания (онлайн қимор ва тотализаторлар) оилавий ажралишларнинг замонавий триггерига айланди. Қимор ўйинлари оқибатида келиб чиқаётган улкан қарзлар ва ишончнинг йўқолиши кўплаб оилаларни жарлик ёқасига олиб келмоқда. Тиббий нуқтаи назардан эса, бепуштлик муаммоси ҳамон жамиятда стигматизатсия қилинаётгани сабабли кўплаб никоҳлар айнан шу сабаб билан бузилмоқда.

 

Ечим: Қонунлардан ташқари нима ўзгариши керак?

Муаммонинг тизимли ечими фақатгина жазоларни оғирлаштириш билан чекланмайди:

Психологик саводхонлик зарурати: Аксарият инсонларда ҳиссий-эмоционал интеллектнинг торлиги, шахсий чегаралар ҳақидаги тасаввурларнинг йўқлиги ва умуман, психологик саводхонликнинг ўта пастлиги вазиятни янада жиддий тус олишига сабаб бўлмоқда. Айнан мана шу билимсизлик ортидан одамлар нафақат оилавий ажралиш ёқасига келиб қолмоқда, балки бутун ҳаёти давомида чуқур келишмовчиликлар ва зўравонлик қурбонига айланмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, мазкур муаммонинг тизимли ечими психология фанини мактаб ўқув дастурларига киритишдан бошланиши лозим. Албатта, бу мажбурий эмас, балки эркин танлов асосидаги факултатив фан («Умумий психология», «Шахслараро муносабатлар психологияси» каби) сифатида тақдим этилиши керак. Бу орқали болалар оила қуриш ёшига етгунига қадар инсон руҳияти ҳақидаги билимларини бойитиб, соғлом муносабатлар қуриш кўникмасига эга бўлади ҳамда ўз-ўзига ёрдам бера оладиган шахс бўлиб шаклланади. Бироқ бу ўринда қатъий бир мезон бор: психологияга одобнома, тарбиявий соат ёки «маънавият дарси» каби ёндашмаслик ўта муҳимдир. Негаки, психология қуруқ насиҳатбозлик эмас, балки инсон руҳиятини илмий асосда ўрганувчи фундаментал фандир.

«Инфолўттибозлар»дан қочиш: Афсуски, жамиятда ҳақиқий психологик ёрдамга бўлган эҳтиёж ортган бир пайтда, сўнгги йилларда ижтимоий тармоқларда урчиб кетган «инфолўттибозлар» соҳага нисбатан чуқур ишончсизликни келтириб чиқармоқда. Бугун одамлар орасида «Тинчгина яшаётган оиласини психологга бориб бузиб келди» деган асоссиз, аммо хавотирли қарашлар шаклланиб улгурган. Бунинг асл сабаби инқирозга юз тутган инсонлар малакали мутахассисларга эмас, балки осонгина пул топишни кўзлаган дилетантларга алданиб қолаётганидадир. Аслида, ажралиш ёқасига келиб қолган эр-хотинлар ҳақиқий, профессионал психолог терапиясидан ўтса, муаммонинг асл илдизлари билан юзлашади. Шундан кейингина ажрашиш ёки муносабатларни сақлаб қолиш борасида ҳиссиётларга берилмаган, онгли қарор қабул қилиниши анча мақсадга мувофиқ бўлади.

Хотин-қизлар мустақиллиги: Оиладаги зўравонлик ва ажралишларнинг олдини олишда хотин-қизларнинг мустақиллиги масаласи ҳам ҳал қилувчи омиллардан бири бўлиб қолмоқда. Қизларни ёшлигиданоқ ўз фикрига эга, қатъиятли ва ҳар томонлама мустақил шахс сифатида тарбиялаш уларнинг келажакда жамиятда ўз ўрнини топишига мустаҳкам замин яратади. Ҳеч кимга тобе бўлмаган руҳан кучли аёл зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига тоқат қилмайди ва ўз вақтида мустақил қарор қабул қила олади. Бунга параллел равишда, аёлларнинг касб-ҳунар эгаллаши ва иқтисодий эркинликка эришиши уларни исталмаган зулмга чидаб яшаш асоратидан қутқаради. Шу маънода, давлат томонидан хотин-қизларни иқтисодий жиҳатдан ҳимоя қилиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими янада кенгайтирилиши ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади.

Маҳалла институтининг ёндашуви: Илгари маҳалла фаоллари фақат оилани «яраштириш» билангина шуғулланган. Бу ёндашув баъзан жабрланувчининг душман билан бир том остида қолиб, якуни фожиа билан тугашига олиб келган. Бугун ёндашув ўзгаргани айтилса-да, амалда силжиш кам. Ҳақиқий хавф мавжуд оилаларда яраштириш қатъиян ман этилиши ва жабрланувчига дарҳол ҳимоя ордери олинишида кўмаклашилиши шарт. Оилавий можароларни ёши улуғ нуронийлар эмас, балки махсус тайёргарликдан ўтган, профессионал ижтимоий ходимлар ҳал қилиши керак. Улар оиланинг ижтимоий-психологик портретини тузиб, хавф даражасини илмий асосда баҳолай олиши зарур.

 

Хулоса ўрнида

Оила – икки мустақил инсоннинг ўзаро ҳурматига қурилган институтдир. Агар бу жойда ҳурмат ўрнини қўрқув ва зулм эгалласа, унинг шунчаки жамиятнинг асоссиз муҳокамаларидан қочиш учунгина сақлаб қолинишидан кўра, қонун доирасида тинчгина ажралишга борилиши ҳам шахслар, ҳам жамият келажаги учун хавфсизроқ ва фойдалироқдир.

Teglar

Mavzuga oid