Банклардаги депозит ставкалари Россия-Украина урушидан буён энг паст кўрсаткичга тушди
Ўзбекистонда депозитлар бўйича фоиз ставкалари сўнгги тўрт йиллик минимумга тушди, бир вақтнинг ўзида бозорда давлат банкларининг таъсири кучайиб бормоқда.
© Vaqt.uzМарказий банк миллий валютадаги банк кредитлари бўйича фоиз ставкаларининг март ойи учун ҳисоботларини эълон қилди.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича ўртача номинал фоиз ставкаси 18,1 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич феврал ойига нисбатан 0,9 фоиз бандига пастлаб, 2022 йил март ойидан бери энг паст даража сифатида қайд этилди.
Ўша йили март ойида Россия-Украина уруши бошланиши ортидан Марказий банк асосий ставкани бирданига 14 фоиздан 17 фоизга кўтарган эди. Шундан кейин депозитлар ҳам асосий ставканинг таъсири натижасида ўсишни бошлаганди.
Аҳоли омонатлари бўйича ўртача ставка деярли ўзгаришсиз қолди ва 20,5 фоизни ташкил этди. Бироқ бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 фоиз бандига камайганини кўрсатади. Шу билан бирга, корпоратив депозитлар бўйича ставкалар янада кескин пасайиб, 15,5 фоизга тушди.
Фоиз ставкалари тушишига қарамасдан, депозитлар ҳажми ўсишда давом этмоқда. Март ойида жами депозитлар 12,1 трлн сўмга кўпайиб, 1 апрел ҳолатига 433,9 трлн сўмга етди. Ушбу ўсишда асосий ҳиссани корпоратив депозитлар қўшди — улар 10 трлн сўмга ошди, аҳоли омонатлари эса 2,05 трлн сўмга кўпайди.
Йирик банклар кесимида энг катта маблағ оқими «Milliy bank», «Ipotekabank» ва «Tengebank» ҳиссасига тўғри келди. Шу билан бирга, давлат банклари аҳоли омонатларини жалб қилишда янада фаоллашиб, бозордаги улушини оширмоқда.
Давлат банклари устунлиги
Март ойида аҳоли депозитлари ўсиши асосан давлат иштирокидаги банкларда кузатилди. Жумладан, «Agrobank», «O‘zsanoatqurilishbank» ва «Milliy bank»да сезиларли ўсиш қайд этилди. Бу ҳолат давлат банкларининг бозордаги позициясини янада мустаҳкамламоқда.
Аксинча, қатор хусусий банкларда жисмоний шахслар депозитлари қисқарди. «Ipotekabank», «Hamkor Bank», «TBC Bank», «Tenge Bank» ва «Octobank» каби иштирокчилар аҳолидан жалб қилинган омонатлар ҳажмини камайтирди. Бироқ улар корпоратив мижозлар ҳисобидан умумий депозит базасини оширишга эришган.
Бозордаги силжиш
Сўнгги икки йилда депозит бозорида сезиларли ўзгариш кузатилди. Илгари хусусий банклар аҳоли омонатларини тезроқ оширган бўлса, ҳозирда давлат банклари етакчиликни қўлга олмоқда.
2026 йил март ойи натижаларига кўра, давлат банклари аҳоли депозитларини 23,44 трлн сўмга оширган бўлса, хусусий банкларда бу кўрсаткич 13,3 трлн сўмни ташкил этди.
Икки йил аввал хусусий банклар сезиларли устунликка эга бўлган бўлса, ҳозирда фарқ минимал даражагача қисқарган.
Шу билан бирга, умумий депозитлар ҳажми бўйича давлат иштирокидаги банклар етакчиликни сақлаб қолмоқда — 221,75 трлн сўм. Хусусий банкларда эса бу кўрсаткич 212,2 трлн сўмни ташкил этмоқда.
Депозитларнинг муддати
Муддатлар бўйича таҳлил шуни кўрсатадики, энг катта улуш узоқ муддатли — 1 йилдан ортиқ депозитларга тўғри келиб, 163 трлн 436 млрд сўмни ташкил этган. Шунингдек, талаб қилиб олингунча депозитлар 125 трлн 575 млрд сўмни, 180–365 кунлик депозитлар 67 трлн 956 млрд сўмни ташкил қилди.

Ҳудудлар кесимида
Ҳудудлар кесимида мутлақ устунлик Тошкент шаҳрига тўғри келади — 332 трлн 335 млрд сўм ёки жами депозитларнинг 76,5 фоизи. Кейинги ўринларда Самарқанд (12,5 трлн сўм), Бухоро (11,5 трлн сўм), Хоразм (11,4 трлн сўм) ва Қашқадарё (8,8 трлн сўм) вилоятлари жойлашган.

Эслатиб ўтамиз, феврал ойида банкларда бизнес пуллари камайиб, аҳоли омонатлари кўпаяётганлиги ҳақида хабар берган





